Чет тилларини ўрганишда масофавий таълим янада ривожлантирилади

15:49 14 Май 2019 Жамият
390 0

Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетида Чет тилларини ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш Республика илмий-амалий Маркази ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Масофавий таълим бўйича хорижий тажрибани чет тили таълим тизимига татбиқ этиш” номли халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилмоқда.

Анжуман мобайнида “Чет тилларини ўқитишда масофавий таълим тизимини жорий этиш масалалари”, “Мультимедиа воситалари ва мультимедиа таълим маҳсулотларини яратиш ҳамда татбиқ этиш”, “Узлуксиз таълим асосида чет тилларига оид билимни баҳолашнинг онлайн ва оффлайн тизими”, “Чет тилларни ўқитишда масофавий таълим, АКТ ва мультимедиа ресурсларининг самарадорлиги” каби мавзулар юзасида сўз юритилади.

Анжуманга республиканинг барча вилоятларидан 40 дан ортиқ экспертлар ва етакчи тил мутахассислари, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Малайзия, Австрия, Германия, Россия Федерацияси ва бошқа хорижий мамлакатлардан 10 дан ортиқ мутахассислар жалб қилинган. Анжуман якунида иштирокчиларга махсус сертификатлар ҳамда илмий конференция материаллари тўплами тақдим этилади.

Конференция 15 майгача давом этади.

Сўз тадбир иштирокчиларига:

Кристиан МИШИНЕР, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Таълим ва маданият масалалари бўйича элчи маслаҳатчиси:

Хорижий тажрибани чет тили таълим тизимига татбиқ этишда ушбу конференция алоҳида аҳамият касб этади. Сабаби бу ерда кўплаб мамлакатлардан мутахассислар жам бўлган. Бу эса ўқитувчилар ва талабалар анжуман сўнггигача ранг-баранг методларга, ғояларга, янги тажрибага эга бўлишига имкон яратади. Масофавий таълим элчихонамизда ҳам кенг йўлга қўйилган. Хусусан, ҳафтанинг ҳар чоршанба, пайшанба ва жума кунлари ёшидан қатъий назар барча тил ўрганувчилар учун бепул онлайн дарслар ўтилади. Яна шуни таъкидлашни хоҳлардимки, мен ҳам электрон таълим тизими асосида аста-секин ўзбек тилини ўрганмоқдаман. Ўз тажрибамдан ҳам айтишим мумкинки, электрон таълим ҳар қандай соҳани, айниқса, хорижий тилларни ўрганишда кўплаб қулай имкониятларни яратади.

Мурод СУЛАЙМОНОВ, Чет тилларини ўқитишнинг инновацион методикаларини ривожлантириш Республика илмий-амалий Маркази бўлим бошлиғи:

Ушбу конференция бешинчи маротаба ўтказилмоқда ва бу тадбирни ташкил этишимиздан мақсад хорижий тажрибани мамлакатимиздаги чет тили таълим тизимига татбиқ этиш ҳисобланади. Анжуман ҳар йили икки маротаба ўтказилади. Бу йил октябр ойида яна халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади. Ҳар галги йиғилиш турли янги мақсадларни, ислоҳотларни амалга оширади. Навбатдаги конференциямизда алоҳида тиббиёт соҳасида лотин тили бўйича шўба очганмиз. Масофавий таълим нафақат инглиз тилини, балки бошқа тилларни, хусусан, лотин тилини ҳам турли соҳа вакиллари онлайн ўрганишига имкон яратади.

Юлдуз ЎРМОНОВА


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019