Чалкашлик дарсликларда, ёш авлодда нима айб?

19:57 05 Март 2019 Жамият
766 0

Иллюстратив фото

Ҳар қандай миллат ва мамлакат тамаддуни ибтидоси айнан таълим билан боғлиқ, яъни мактабдан бошланади. Шу сабаб ўзининг эртанги кунини ўйлаган давлат борки, ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратади. Юртимизда Давлат бюджети харажатларида умумтаълим соҳаси етакчи ўринни эгаллаб келаётганлиги ҳам бежиз эмас.

Таълим жараёнини ташкил этишда дарсликлар алоҳида ўрин тутади. Бинобарин, Олий Мажлис Сенатининг яқинда бўлиб ўтган ўн саккизинчи ялпи мажлисида келтирилганидек, сўнгги уч йилда Давлат бюджети ва мақсадли китоб жамғармасининг қарийб 307 миллиард сўм маблағи эвазига 98 миллион нусхадан ортиқ дарсликлар чоп этилган. Бу жуда яхши. Аммо мактаб дарсликларини таълим стандартлари ва дастурлар асосида тайёрлаш, чоп этиш ва тарқатишда йўл қўйилаётган жиддий камчиликлар, хатолар ва бошқа мавҳумликлар ҳам борки, булардан асло кўз юмиб бўлмайди.

Гулчеҳра Рихсиева, Олий Мажлис Сенатининг Фан-таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари:

— Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мактабларнинг моддий-техника базаси, соҳа ходимлари учун шарт-шароитлар кундан-кунга яхшиланиб бораётган бир пайтда таълим сифати ва натижалар биз кутгандек бўлмаяпти. Бунинг сабаби бу борада мавжуд ҳуқуқий асослар бугунги кун талабларига етарлича жавоб бера олмаслиги, ўз навбатида, амалдаги талабларнинг ҳам тўлиқ бажарилмаётганлиги билан боғлиқ.

Дарсликларни давлат таълим стандарти ва ўқув дастурлари талаблари асосида ўқувчиларнинг ёши, ақлий, физиологик ва психологик ривожланиш даврига мувофиқ тайёрланишида қатор муаммолар мавжуд.

Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 22 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган “Дарсликларни ишлаб чиқиш учун муаллифлар таркибини танлаб олиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисида Низом”ни олиб кўрайлик. Унда дарсликлар лойиҳасини тегишли фан ўқув дастурлари асосида ишлаб чиқиш талаби бўлишига қарамасдан, яратилган дарсликлар ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ келмаётган ҳолатлар ҳам бор.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, дарсликларни танлаб олиш бўйича комиссияга келиб тушган дарсликларни кўриб чиқиш ва баҳолаш тўғрисидаги ахборот сир сақланиши белгиланган. Бу ҳолат дарслик лойиҳаларини шаффоф баҳолаш, улар юзасидан кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш, ўқитувчилар, ота-оналар, эксперт ва бошқа мутахассисларнинг ҳаққоний, холис муносабатини билиш имконини йўққа чиқармайдими?..

Дарсликлар тендерда ғолиб бўлган турли нашриётлар томонидан чоп этилиши ҳам ўқув материалининг узвийлиги, уйғунлиги ва изчиллигини ҳамда предметлараро алоқанинг боғлиқлигини таъминлашга тўсиқ бўлмоқда.

Шулардан келиб чиқиб, бу масала билан боғлиқ ҳуқуқий асосни бугунги кун талабларига мувофиқ кўриб чиқиш ва такомиллаштириш айни заруратдир.

Ушбу йўналишдаги муаммолар кўлами кенглиги, улар юзасидан масъул вазирлик ва идоралар, олим ва амалиётчилар, экспертлар ҳамда кенг жамоатчилик муносабати муҳимлиги инобатга олиниб, Сенатнинг ўн саккизинчи ялпи мажлисида умумтаълим мактаблари дарсликларининг таълим стандартлари талабларига мувофиқлиги юзасидан Ҳукуматга парламент сўрови юборишга қарор қилинди.

Ином Хўжамов, Халқ таълими вазирлиги Ўқув жараёнини методик жиҳатдан таъминлашни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи:

— Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 22 ноябрдаги “2005 — 2009 йилларида умумтаълим мактаблари учун дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар нашр этиш дастури тўғрисида”ги қарорида дарсликларни яратишда муаллифлар якка муаллиф сифатида иштирок этмаслик талаби йўқ. Шу боис 7-синф Ўзбекистон тарихи дарслиги академик А. Муҳаммаджонов ҳамда уни ўқитиш методикаси Ф. Султонов томонидан яратилган.

Яна бир масала муаллифнинг вафотидан кейин чоп этилиши билан боғлиқ. “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунда муаллифлик ҳуқуқи унинг бутун ҳаёти ва вафотидан кейин эллик йил давомида амал қилиши белгилаб қўйилган. Шу маънода, дарслик марҳум академик А. Муҳаммаджонов муаллифлигида 2017 йилда қайта чоп этилганлигини тушуниш қийин эмас. Нашрда марҳум муаллифнинг меросхўр оила аъзолари розилиги асосида, унинг ўқитувчилар учун ёзилган методик қўлланмаси Ф. Султонов томонидан такомиллаштирилган ўқув дастури асосида қайта ишланган.

Учинчи маротаба қайта нашр этилишига қарамасдан ушбу дарсликка кенг жамоатчилик, амалиётчи ўқитувчилар ва ота-оналар томонидан мазмун ва методик жиҳатдан ҳеч қандай эътирозлар билдирилмаган.

Ҳозирги кунда Халқ таълими вазирлиги томонидан альтернатив дарсликларни яратиш бўйича янги таҳрирдаги қарор лойиҳаси тайёрланиб, тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди.

Мазкур қарор лойиҳаси тасдиқлангандан сўнг умумий ўрта таълим мактабларининг аксарият дарсликлари бир неча альтернатив вариантларда янгидан яратилиши режалаштирилмоқда.

Хуршида Ҳамроқулова, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ўқитувчиси, филология фанлари доктори:

— Адабиёт дарсликларидаги хатоликлар ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Биргина 8-синф дарслигида 20 дан ортиқ қўпол хатолар борлиги ва бу нашрдан нашрга кўчиб юриши ғалати. Жумладан, Алишер Навоийнинг “Жонға чун дермен не эрди...” деб бошланувчи ғазалининг аруз бўйича вазни рамали мусаммани маҳфуз (аслида маҳзуф бўлиши лозим) деб кўрсатилишини қандай тушуниш керак? Агар илк нашридаёқ шундай хато кетган бўлса-чи? Унда барча ўқувчилар ва ўқитувчилар тўққиз йилгина эмас, ўн икки йил ёки ундан ортиқ вақт давомида ана шу кўплаб хатолари мавжуд китобдан фойдаланиб келганлар.

Дарсликнинг 2010 йилдаги иккинчи нашри 309-бетида Фузулийнинг “Шоҳнома” асари тўғрисида “арузнинг мутақориби мусаммани маҳзуф” вазнида ёзилган деб кўрсатиш ўрнига, “маҳфуз” дейилган. Аслида арабча атама кўринишини олган “маҳзуф” сўзи “ташлаш” маъносини беради ва бу сўз мисрада бир бўғин тушириб қолдирилганини билдиради. “Маҳфуз” эса “ҳимояланган, муҳофаза қилинган” демакдир. Айни китобда шоир Муҳаммад Юсуфдан келтирилган сатрда “кут мени ҳар оқшом кўкка ой чиққан” дейиш ўрнига “кут мени ҳар оқшом кўкка ой чиққач” деб ёзилган. Бу хатолик сатр жозибасини хиралаштирган.

Шунингдек, таълим давлат тилидан бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларда 10 ва 11-синф адабиёт дарсликларида ўзбек адабиёти учун бутун бошли ўқув йили давомида, бор-йўғи, 4 — 8 соат ажратилгани, давлат тилининг ҳафтасига 2 соат ўқитилаётгани ёшларни эртамиз эгалари, деб билган жамоатчиликни жиддий ранжитиши, шубҳасиздир.

Фотима Шодиева, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 126-мактабнинг биология фани ўқитувчиси:

— Ҳамкасбларимиз билан суҳбатлашганимизда биология фанидаги айрим дарс соатлари жуда мураккаб ва ўқувчилар уларни ўзлаштиришга қийналаётгани ҳақида гап кетади. Бу бежиз эмас. Дарсликда назарий билимлар қийинлаштириб берилгани боис биз ўқувчиларга уларни амалий машғулотлар билан тушунтириб бериш мушкул кечяпти. Бунинг учун лаборатория шароитимиз тўғри келмайди.

Камида 12 соатда ўқитилиши лозим бўлган бутун бошли бобни, бор-йўғи, 45 дақиқа ўргатишга мажбур бўляпмиз. Табиийки, бу кутилган самарани бермайди. Қолаверса, кўпинча биология фани дарсликлари назариётчи олимлар томонидан амалиётдан йироқ ҳолда яратиляпти. Назаримизда, бундай муаммо бўлмаслиги учун дарслик яратиш жараёнларига ўқитувчиларни ҳам жалб этиш айни муддаодир.

“Халқ сўзи” мухбирлари ёзиб олди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019