Cардобалик яна беш нафар оила уй-жойлик бўлди

22:13 01 Июль 2020 Жамият
295 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Бошпанасиз қолган кишиларга кўмак кўрсатиш нечоғлик савоб эканлигини англаган халқимиз Сардоба воқеасининг дастлабки кунлариданоқ жабрдийдаларга меҳр-мурувват кўрсатишга ошиқди. Бу ҳақида жуда кўп мақолалар ёзилди, телекўрсатувлар тайёрланди. Бугун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган саховат тадбирида Сардоба туманида истиқомат қилган, сув тошқини оқибатида уй-жойсиз қолган Озода Мамаева, Бахтиёр Холқўзиев, Зафарбек Қурбонов, Алишер Тангиров, Шахло Наримановалар оиласига Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги «Эйвалек» МФЙда қайта таъмирланган кўп қаватли уйдаги шинам хонадонларнинг калити топширилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

—Сардобада уч нафар ўғлим бир-бири билан ёнма-ён ҳовлиларда яшарди,-дейди биз билан суҳбатда Фотима Нариманова. — Тошқин оқибатида уйларимиз буткул вайрон бўлди. Айниқса, кенжа ўғлим ҳовлисини 6 йилдан буён қураётганди-я! Етти нафар набирам билан уй-жойсиз қолдик. Худога шукр яхшилар кўмаги билан яна бошпаналик бўлмоқдамиз. Сардобада икки нафар ўғлимнинг уй-жойи қайта таъмирланиб, тикланяпти. Мен бу ерга кичик ўғлим ва набираларим билан кўчиб келдим. Янги хонадонимиз замонавий маиший техникалар, ошхона ва ётоқ жиҳозлари билан безатилган, газ, сув таъминоти ўрнатилган. Бир оиланинг қора қозони қайнаши учун нимаики зарур бўлса, ҳаммаси муҳайё.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

—Сардобада далада трактор ҳайдардим,-дейди, янги хонадонлардан бирининг соҳиби Алишер Тангиров. — Бу ерда ҳам иш билан таъминлашга кўмаклашишмоқда. Чорвачилик, ғаллачилик кластерлари, фермер хўжаликларида бўш иш ўринлари мавжудлигини айтишди. Энг асосийси, энди бошпаналик бўлдик. Янги уйдаги шароитлар бизга маъқул. 

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

—Сирдарёдан кўчиб келганларга барча шароитлар яратиш бирламчи вазифамиз,-дейди «Эйвалек» МФЙ раиси Ҳамида Эшбоева. — Биринчи навбатда улар фарзандларини МТМ ва умум таълим мактабларига жойлаштириш, катталарни иш билан таъминлаш борасида барча зарурий чоралар кўрилган. Бағримиз сардобаликлар учун доимо очиқ.

 Шодиёр МУТАҲАРОВ

(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?