Бюджет очиқлигининг давлат ва фуқароларга қандай нафи бор?

12:11 18 Август 2020 Сиёсат
269 0

Давлат бюджети макроиқтисодий бошқарувнинг муҳим воситаси бўлиб, унинг самарадорлиги ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий мақсадларга эришишдаги муваффақиятини белгилайди. Бюджет кодексига мувофиқ, очиқлик ва ошкоралик мазкур ҳужжат тамойили ҳисобланади. Бу давлат бюджетини тайёрлаш, кўриб чиқиш ва қабул қилиш тартиблари, тасдиқланган бюджет, давлат мақсадли жамғармалари фаолиятига доир ахборотларнинг эълон қилиниши, уларнинг жамият ҳамда ОАВ учун очиқ ва шаффофлигини назарда тутади.

Бугун давлат бошқаруви органлари ва фуқароларнинг ўзаро ҳамкорлик механизми тубдан ўзгарган. Мамлакатимизда фуқароларни бюджет жараёнига жалб қилиш, уларнинг бу борадаги саводхонлигини ошириш, ижросида жамоатчилик назоратини таъминлаш, бюджетни шакллантириш ва қўшимча маблағларни йўналтиришда уларнинг ташаббуси, фикри асосида чора-тадбирлар белгилаш бўйича тегишли ҳужжатлар қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 августдаги «Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди ва бу ҳужжат бюджет ижроси шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. 2019 йилдан буён манзилли бюджет харажатлари устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун «Очиқ бюджет» портали ишга туширилди.

Унда давлат бюджети, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари, бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар ва Ҳисоб палатаси хулосалари эълон қилиниб борилмоқда. Порталда жамоатчилик фикрини шакллантириш учун шаҳар ва туманлар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштириш таклиф этилаётган тадбирлар тўғрисида маълумотлар жойланмоқда. Шунингдек, фуқаролар портал орқали бюджет қонунчилиги бузилаётган ҳақидаги хабарларни, бюджет жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифларни юбориши мумкин.

Мамлакатимизда бюджет ҳужжатларининг жамоатчилик учун очиқлигини таъминлаш, бюджет ҳужжатларининг мазмунини кенгайтириш, «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашрини янада такомиллаштириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Бюджет очиқлиги индексида иштирокини таъминлаш юзасидан ҳам қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, бюджет очиқлиги бўйича янги муносабатлар давлат бошқаруви органлари билан фуқаролар ўртасидаги мулоқотнинг қарор топиши, ҳукуматга бўлган ишончнинг янада ошишида муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда. Яъни, фуқаролар билан очиқ ва ошкора мулоқотнинг йўлга қўйилиши бюджет жараёни самарадорлигини оширади, бюджет тизими, барча даражалардаги бюджетлар, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини шакллантириш ва ижро этилиши тўғрисида маълумот билан аҳолининг хабардор бўлишини таъминлайди.

Руслан ЖУМАМУРАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?