Бюджет очиқлиги бўйича ҳудудлар рейтингини юритиш лозим

11:18 25 Август 2020 Сиёсат
183 0

2020 йилнинг 22 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши раиси Танзила Нарбаева ва Молия вазири Темур Ишметов ўртасида бўлиб ўтган онлайн мулоқотда «Глобал рақобатбардошлик» ҳамда «Бюджет очиқлиги» индексларида Ўзбекистон ўрнини акс эттириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида ушбу индексларга таъсир қилувчи ислоҳотларни изчил давом эттириш зарурлиги, айниқса бюджет шаффофлигини таъминлаш, бюджет ижроси устидан депутатлик ва парламент назоратини кучайтириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг ролини ошириш, бюджетни шакллантиришда фуқароларнинг иштирокини кенгайтириш зарурлиги юзасидан фикрлар алмашилди.

Сенат Раиси бюджет шаффофлигини таъминлаш мақсадида бюджет очиқлиги бўйича ҳудудлар рейтингини юритиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб, бундай рейтингнинг юритилиши муаммоли ҳудудларни аниқлашга, фуқароларнинг фаоллик даражасини кузатишга, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилишга, шунингдек халқаро майдонда ижобий баҳо берилишига ҳам хизмат қилишини таъкидлади.

Мулоқот доирасида аудит текшируви ва бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларини халқаро стандартларга мослаштириш чораларини кўриш лозимлиги муҳокама қилинди. Бу борада ташкилотларда ички аудит текширувларни ўтказишда ягона ёндашувнинг йўқлиги, аксарият ҳолатларда текширувлар ва уларнинг натижалари субъектив омилларга асосланиши қайд этилди.

Шунингдек, бухгалтерлар ва аудиторлар жамоат бирлашмалари ходимлари ва аъзолари малакасини тизимли ошириш масаласига эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Сенат Раисининг фикрига кўра, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш ҳамда қатор халқаро стандартлар билан боғлиқ тушунчаларнинг қабул қилиниши, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳам ўзгартиш ва қўшимчаларни киритишни талаб қилиши мумкин. Шунинг учун «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунни халқаро стандартлар талаблари асосида қайта кўриб чиқиш лозим.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?