Бузилаётган уйлар эгаларининг тақдири нима бўлади?

15:50 30 Июль 2019 Жамият
191 0

Бузилаётган уй эгаларининг кейинги тақдири нима бўлади? Бу саволга “Адолат“ социал демократик партия вакиллари жавоб беришди. Қуйида мазкур мақола тўлиқ эътьиборингизга ҳавола этамиз.

2006 йил “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган.

Қарор асосида тасдиқланган Низомда ер участкаси ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш тартибини, шунингдек ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан бузилаётган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотлар ва кўчириб ташланган дов-дарахтлар учун фуқароларга ва юридик шахсларга тўлов миқдорини ҳисоблаб чиқиш тартибини белгиланган.

Ер эгасининг розилиги билан!

Ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича амалга оширилади. Бу учун туман, шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори бўйича ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асос қилиб олинади. Қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Олиб қўйилаётган ер участкаларида уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотларнинг асоссиз бузилишига ва дов-дарахтларнинг кўчириб ташланишига йўл қўйилмайди.

Бузиш нега керак?

Ер участкасини олиб қўйиш ва объектларни кўчириш тўғрисидаги қарорлар фақат қуйидаги мақсадларда қабул қилинади:

мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни тақдим этиш;

халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;

фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;

автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, тоннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);

аҳоли пунктлари бош режаларини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектларни қуриш бўйича бажариш, шунингдек, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда.

6 ой аввал огоҳлантирилади

Ер участкаларини олиб қўйишда объектларни бузишга кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарар тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади.

Жисмоний ва юридик шахсларга ноқонуний қарор чиқарилиши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли давлат органларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади ва кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади.

Тегишли қарорлар нусхаларини билдиришномага илова қилган ҳолда, бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай, имзо қўйдириб уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар мулкдорларини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Қарор қабул қилингандан кейин юқорида кўрсатиб ўтилган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар бошқа шахсларга берилиши мумкин эмас.

Компенсация масаласи...

Ўзбошимчалик билан барпо этилган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар ва иншоотлар қиймати тўланмайди.

Ер участкаларини олиб қўйиш компенсациянинг қуйидаги турлари берилиши шарти билан амалга оширилади:

фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган бошқа тенг қийматли обод турар жойни мулк қилиб бериш ва дов-дарахтлар қийматини тўлаш;

бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қийматини фуқароларга тўлаш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш;

ер участкасини ўзлаштириш даврида икки йилгача муддатга ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой бериб, бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўлиқ тўланган ҳамда ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган бошқа зарарларни қоплаган ҳолда, фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси бериш;

давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида юридик шахсларга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк бериш ёки кўчмас мулкнинг бозор қийматини ва етказилган зарарларни қоплаш;

ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарларни тўлалигича қоплаш;

фуқароларга ва юридик шахсларга тегишли бузилиши керак бўлган уйлар, иморатлар ва иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарларни қоплаш;

янги жойда уйлар, иморатлар қуриш ҳамда уларни фуқаролар ва юридик шахсларга мулк қилиб бериш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарларни қоплаш.

Қурилаётган уйдан жой олиш мумкинми?

Фуқаролар томонидан умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан фойдаланиладиган, кимошди савдоси асосида сотиб олинган ер участкалари олиб қўйилган тақдирда уларга умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан тенг қийматли янги ер участкаси берилади.

Берилаётган турар жойнинг тенг қийматга эгалиги мулкдорнинг бузилаётган уй-жойи (квартираси) нархига тенг миқдорда белгиланади. Зарурат туғилса, мулкдорга тафовут тўланади.

Айрим ҳолларда, бузилаётган уй (квартира) эгасининг розилигига кўра тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тегишли қарорда уйларни топширишнинг аниқ муддатини кўрсатган ҳолда қурилаётган уйлардан турар жой берадилар.

Олиб қўйилаётган ер участкалари корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга берилган тақдирда товон тўлаш, турар жой бериш, вақтинча турар жой бериш ва мол-мулкни янги жойга ташиш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг қарорларига кўра корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Қачон пул билан қопланмайди?

Фуқаролар ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган бузилиши лозим бўлган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар ва иншоотлар уларнинг хоҳишига кўра кўчирилиши ва янги жойда тикланиши мумкин. Бунда уйлар, иморатлар ва иншоотларнинг қиймати пул билан қопланмайди.

Уйлари (квартиралари) бузилиши лозим бўлган фуқаролар ва юридик шахслар учун уларнинг хоҳишига кўра янги жойда уйлар, иморатлар барпо этилади ҳамда уларга мулк қилиб берилади. Бунда бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатларнинг қиймати пул билан қопланмайди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019