Буюк муҳаддисларни камолга етказувчи маърифат маскани

16:56 13 Январь 2019 Жамият
351 0

Архив фото

Сўнгги икки йил мамлакатимиз ҳаётида юксалишларга бой бўлди. Республикамиз раҳбарияти олиб бораётган ички ва ташқи сиёсат узоқ-яқин давлатлар билан дўстона алоқаларимизни янада яхшилашга хизмат қилмоқда.

Иқтисодий-ижтимоий соҳада юз берган ўзгаришлар одамларимизнинг турмуш даражаси яхшиланиб боришини таъминлаяпти. Таълим соҳасида бўлаётган янгиликлар ҳам ёшу қарининг хурсандчилигига сабаб бўлаётир. Айниқса, диний-маърифий соҳада қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқдаки, бундан юртимиз аҳолиси ҳам, хорижлик маърифатпарвар инсонлар ҳам беҳад мамнун бўляпти.

Хусусан, мамлакатимизга ташриф буюриб, бу ердаги ўзгаришлар билан яхши танишган, уламоларимиз, имом-хатибларимиз билан ҳамсуҳбат бўлган хорижлик номдор алломалар — Шайх Аҳмад Таййиб, Муҳаммад Аввома ва бошқаларнинг қанчалик ҳавас қилиб кетганига ўзимиз гувоҳмиз. Ватанимиз равнақи, миллатимиз келажагини илми бутун ёшлар тимсолида кўрган Президентимиз ташаббуси билан ўтган йили Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг очилиши эса хорижлик мутахассисларни ҳам қизиқтириб, уларни шу даргоҳда ишлашга ҳавасманд қилиб қўйди.

Юртимизда замонавий фикрлайдиган, диний ва дунёвий илмларни пухта ўзлаштирган кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, жаҳонда иқтидорсиз одам бўлмагани каби иқтидорсиз миллат ҳам йўқ. Фақат ўзида мавжуд истеъдодни юзага чиқариш учун кўп меҳнат ва камроқ ҳаракат қиладиган одамлар ҳамда ўша одамлардан ташкил топган миллатлар бор. Кимнинг ёинки қайси миллатнинг нимага қодирлигини билмоқчи бўлганлар кўҳна тарих зарварақларини саҳифалаб кўрса, ҳаммасини очиқ-ойдин кўради.

Ҳазрат Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркийларнинг ниҳоятда тезхотир ва илмга ташна халқ эканини таъкидлаб ўтган. Бу борада бобою момоларимиз қўлга киритган ютуқларни санаб чиқишга уриниб ўтирмадик. Зотан, яна бир мутафаккир бобомиз Бобур Мирзо таъбири билан айтганда, аён гапнинг баёнига не ҳожат. Аммо мавзуга дахлдор бўлгани боис Имом Бухорий, Имом Термизийнинг номини тилга олиб ўтсак, фикримиз тушунарли бўлади, деган умиддамиз.

Юртимизга ислом дини кириб келган паллаларда миллатимизнинг табиатида ана шу муборак динга мойиллик бўлгани ҳамда миллатимиз фарзандларининг ислом динини ўрганишга, хусусан, ҳадис илмига катта иқтидори борлиги юқорида номи тилга олиниб ўтган зотлар сиймосида кўзга яққол ташланади.

Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 16 апрелида Президентимизнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш, ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини пухта ўрганиш, улар асос солган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, шунинг баробарида, соҳага оид олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорда Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги олий диний таълим берувчи нодавлат таълим муассасаси ҳисобланиши кўрсатилган. Мактаб битирувчиларига диний таълим соҳасидаги бакалавр даражаси берилади.

Мазкур мактабда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг асл моҳияти ўргатилиб, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассислар тайёрланади. Шунингдек, ҳадислардаги эзгуликка бошловчи умуминсоний ғояларни халқимизга, айниқса, ёш авлодга етказиш ҳам мактабнинг асосий вазифаси этиб белгиланган. Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. 2018/2019 ўқув йили учун қабул квотаси 10 та ўрин этиб белгиланган ва унга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг битирувчилари саралаб олинди.

Ватанимизда ушбу мўътабар илмга қизиққан ёшларимизнинг қувончини кўриб, биз, катта авлод вакиллари ҳам севинмоқдамиз. Зеро, фарзандининг камолотга интилганига гувоҳ бўлиб, бундан қалби севинчга тўлиши ота-оналик шарафидир. Юрагига илмдан чўғ тушган фарзандларимиз шунга диққатли бўлиб араб тилини яхши ўрганишларини истаймиз.

Қарорда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда мактаб билан хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, хорижлик профессор-ўқитувчиларни мактабга жалб қилиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш, мактаб профессор-ўқитувчиларини малака ошириш, тажриба алмашиш ва ўқитиш учун чет мамлакатларга юбориш чораларини кўриши белгилангани янада қувончли иш бўлди.

Дарҳақиқат, илм тажриба алмашиш орқали камол топади. Шу мақсадда мазкур даргоҳда юртимизда асрлар давомида шаклланган ҳадис илми мактаблари анъаналари давом эттирилади. Шунингдек, ўқув режаларини тузишда Миср, Мавритания, Туркия, Покистондаги ҳадис илмлари бўйича дунёнинг етакчи ўқув юртлари тажрибаси ўрганилди ва уларнинг қўлга киритган ютуқлари амалга жорий қилинмоқда.

Президентимиз 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Ҳадис илми мактаби учун барпо этилган ўқув биноси, талабаларга бу ерда яратилган қулайликлар, улар учун мўлжалланган ётоқхона шароитлари билан танишди.

Ушбу муассасада замонавий барча шароит муҳайё. Дарслар замонавий педагогик технологиялар, шунингдек, “Устоз — шогирд” анъаналари асосида олиб борилади. Мактабда ҳадис илмлари бўйича илмий даражага эга бўлган малакали ўқитувчилар дарс беради. Шунингдек, дунёга машҳур Ал-Азҳар университети ва бошқа нуфузли ўқув юртларидан ҳам ўқитувчилар чақириш режалаштирилмоқда.

Ҳадис илми мактаби дунёга илм-маърифат эшикларини очиб берган улуғ алломаларимиз, муҳаддис аждодларимиз ишларини давом эттириш имкониятини тақдим қилмоқда. Албатта, бу даргоҳда таълим олган ёшларимиз эртага малакали мутахассислар сифатида аждодларимизнинг давомчиси бўлишга, ёшларимиз онгини ёт ғоялардан ҳимоя қилишга, уларда чинакам мафкуравий иммунитет шаклланишига, динимиз софлигини одамлар онгу шуурига сингдиришга хизмат қилади, иншооллоҳ.

Шайх Абдулазиз МАНСУР,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019