Бутунжаҳон жамияти аъзолари Ўзбекистон Президентига мурожаат қилди​

10:55 28 Август 2019 Жамият
226 0

Аввал хабар қилинганидек, 22-27 август кунлари Тошкент, Термиз, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар ва маданиятлар” мавзусида маданий мерос ҳафталиги ўтказилди. Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Маданият вазирлиги, Туризимни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа қатор вазирлик ва идоралар ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда, шунингдек нефть соҳасида хизмат кўрсатувчи “Eriell Group” компанияси кўмагида ўтказилган анжуман доирасида турли конференциялар, кўргазмалар, тақдимотлар, давра суҳбатлари, илмий амалий мулоқотлар, тарихий обидаларга саёҳатлар, маданий-маърифий кечалар ташкил этилди.

Жумладан, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамиятининг III конгрессида дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан 300 нафарга яқин олимлар, мутахассислар, музей, кутубхона ва бошқа илмий муассасалар раҳбарлари, етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Мазкур конгрессда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва сақлаш билан боғлиқ юзлаб маърузалар тингланди, янги кашфиётлар эълон қилинди.

Таъкидлаш жоизки, конгресс арафасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти Парижда юридик рўйхатдан ўтказилиб, расмий мақомга эга бўлди.

Конгресс якунида Бутунжаҳон жамияти аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга мурожаатнома қабул қилди.

Мурожаатномада жумладан шундай дейилади:

“...Янги Ўзбекистонни ривожлантириш ва тараққий эттириш йўлида зарурий шарт-шароитларни яратишга йўналтирилган юксак фаолиятингиз учун Сизга самимий эҳтиромимизни изҳор этишга ижозат этгайсиз. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштиришга йўналтирилган ва “Моддий ва номоддий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегияси” мавзусидаги халқаро конференция қатнашчиларига йўллаган табригингизда тилга олинган ташаббусларингизни биз ўта муҳим аҳамиятга эга деб биламиз.

Ушбу ташаббусларни тўлақонли баҳолашимизга имкон берган Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги давомида яратилган ажойиб имкониятлар учун Сиздан миннатдормиз.

Таъкидлаш жоизки, юксак қўллаб-қувватлашингиз туфайли амалга оширилаётган ушбу лойиҳа ўзларининг касбий қизиқишларини, айни пайтда илмий ҳаётининг ўзини ҳам Ўзбекистонни ўрганиш билан боғлаган хорижий ва маҳаллий олимларни бирлаштириш учун мисли кўрилмаган шароитлар яратди. Дунё илмий кучларининг бирлашуви, олимларнинг ўзига хос халқаро илмий лабораторияси юзага келгани жамиятимизнинг кучли томонларидан бири дейиш мумкин. Шунга боғлиқ равишда биз Ўзбекистонга маданият ва санъат тарихига оид тадқиқотлар, маърифат ва таълим соҳаларида ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканлигимизни билдирамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқига хос шарқона меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорчилик изҳор этиб, Сизга мустаҳкам соғлиқ, инсонпарвар мақсадларингизда ва гуллаб-яшнаётган Ўзбекистонни ривожлантиришга йўналтирилган самарали ишларингизда юксак муваффақиятлар тилаймиз!”

Таъкидлаш жоизки, мазкур жамият аъзолари томонидан шу пайтга қадар “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида 20 та китоб-альбом чоп этилди ва яна 13 таси нашрга тайёрланмоқда, 30 дан ортиқ ҳужжатли фильмлар суратга олинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019