Бундан буён Ўзбекистон телеканалларида хорижий сериаллар кунига биттадан кўрсатила бошлайди

15:53 05 Август 2019 Жамият
1059 0

Бундан буён Ўзбекистон телеканалларида хорижий сериаллар кунига биттадан кўрсатила бошлайди. Бу орқали маҳаллий телеканалларда миллий сериалларни кўпайтириш кўзда тутилган. Чет эл сериаллари намойиши камайиши билан улар ўрнида бўшлиқ пайдо бўлиши мумкин. Лекин ўзбек киносаноати бўшлиқни тўлдиришга қодирми?

Бир асрдан кўпроқ вақт олдин ихтиро қилинган кино бугунги кунда ҳаётимизга кириб келди ва жамиятимизда мустаҳкам ўрин эгаллади. Болалигидан яхши кино одамларни фикрлашга ва яратишга, яхшини ёмондан ажратишга, янги қизиқарли фактларни ўрганишга ва шунчаки ҳаётдан завқланишга ўргатади. Инсоннинг ижодий фаолиятида кинонинг ўрни беқиёсдир.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон телевидениесидаги сериаллар мавзуси жиддий муҳокама қилинмоқда. Кимдир телеканалларимизда чет эл сериалларининг ҳаддан ташқари устунлиги ҳақида гапирса, бошқалари маҳаллий сериалларнинг бачкана ва савияси пастлиги, сифати, бошқалари сериалда илгари сурилган қадриятлар, миллий урф-одатлар ва менталитетнинг номувофиқлиги ва ёш авлодга уларнинг бузувчи таъсирини қайд этишди.

Аҳоли сўровномада қатнашди

Яқинда TOGRI.UZ янгиликлар сайти аҳоли ўртасида кичик сўров ўтказди. Унда респондентларга маҳаллий телеканаллардаги сериалларга муносабати тўғрисида бир нечта савол берилди. Аксар юртдошларимиз хориж сериаллари ёшлар онгини заҳарлайди деса, айримлари кўрамиз, фақат оила аъзоларимиз билан эмас, дея жавоб берди. Кўп юрдошларимиз эса, бизнинг миллий сериалларга эҳтиёжимиз борлигини, агар берилса, ўзбек сериалларини томоша қилган бўлишларини айтишган. Бу togri.uz’нинг бир кунлик сўров натижалари.

Ўзбек фильмлари ўрнида хорижники

Энди бир ҳақли савол туғилмоқда. Нима учун Ўзбекистондаги телеканаллар бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган сериалларни сотиб олиб қўйишади? Агар деярли барча кўнгилочар каналларнинг теледастурларини томоша қилсангиз, уларнинг эфир тармоқларида кунига камида 4-5 та сериал берилса, шундан биттасигина маҳаллий сериал бўлиши мумкин.

Ахир Ўзбекистонда ҳам қанчадан-қанча тажрибали режиссёрлар, операторлар, актёр ва актрисалар бор. Нима, уларнинг савияси ва билим даражаси яхши фильм ёки сериал олишга, унда роль ижрол этишга етмайдими? Ёки телеканаларимиз осонлигича ва ортиқча бош қотирмасдан чет элдан турли хил сериалар сотиб олиб, ўз каналларида айлантиришни афзал кўришадими? Уларда миллий кинематографияни сифатли кинолар олиб телетомошабин ҳукмига етказиш орқали ривожлантиришга қизиқиш йўқми?

Ўзбек сериаллари бор. Лекин савияси паст

Тўғри, Ўзбекистонда ҳам оз бўлсада телесериаллар олинмоқда. Лекин хозирги вақтда улар на сони, на сифати билан халқимиз орасидаги талабни қондиролмайди. Уларнинг аксариятида актёрнинг истеъдоди йўқлиги, воқеалар давомийлигининг боғланмаслиги, саёз ёзилган сценарий, сўзларни ишлатишдаги хатолар ва бошқаларни кўриш мумкин.  Балки бунақа сериал ишлайдиган режиссёр ва кинокомпания ҳали шаклланмагандир.

Ҳукумат сифатсиз фильмларга жим қарамади

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, телеканалларимиздаги сериаллар ва уларнинг ижтимоий ҳаётга таъсири ҳақидаги саволлар ҳукумат эътиборидан четда қолмади. Шундай қилиб, бир неча ой олдин Бош вазир Абдулла Арипов “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонининг ижросига бағишланган видеоселектор йиғилишида хориж сериалини танқид қилган. Сўнгра, хусусий телеканалларда эфирга узатилаётган сериалларнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратиш бўйича мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берган. Шунга қарамай ҳамон ТВларда хориж сериаллари бир каналда бир нечтаси кетма-кет намойиш этилмоқда. Бу ҳолат нега ҳалигача давом этиб келмоқда? Ёки ТВ каналлар ўзлари кучли бирор фильмни ёки сериални буюртма асосида ёки ўз маблағлар ҳисобига ололмайдими?

Хориж сериаллари сони кескин камаяди

Togri.uz манбасининг айтишича, яқинда маҳаллий телеканаллардаги хорижий сериаллар сонини кунига биттадан кўрсатишга кескин чеклов қабул қилинади.

Хусусий сектор ишларига маъмурий аралашув, шубҳасиз, вазиятни ҳал қилиш ва кино саноатини ривожлантириш учун энг яхши вариант эмас. Аммо ҳозирги пайтда ушбу восита ижобий таъсир кўрсатиши ва маҳаллий кинони ривожлантириш учун бошланғич ва катализатор бўлиб хизмат қилади. Юқори сифатли бадиий филмлар ва сериаллар яратилиб, улар томошабиннинг ҳукмига тақдим этилади.

Шу нуқтаи назардан яна бир савол туғилади. Чет эл сериаллари камайиши телеканаллардаги бўшлиқни маҳаллий сериаллар орқали тўлдиришни талаб этади. Лекин ўзбек кинобозорида сифатли сериал чиқариш учун имкониятлар борми?

Агар бор бўлса, қани ким ёки қайси телеканал биринчи бўлиб шундай сериалларни чиқара олади?

Қайси телеканаллар бозорнинг янги талабларига мослаша олади ва чет элда кўрсатувларни сотиб олишнинг аввалги оддий схемасидан юқори сифатли маҳаллий фильмлар ва телевизион шоуларни яратишга ўтишади?

Нима бўлган тақдирда ҳам ўзбек сериалларни кўпайиши, улар юқори сифатда яратилиши миллий кино санъатнинг юксалишига олиб келади. Каналлар орасида телетомошабинларни ишончини қозониш мақсадида рақобат кучаяди ва охир-оқибат улар ўртасидаги бу рақобатдан фақат томошабинлар фойда кўради.

Ким зўрлигини кузатамиз

Кутамиз, кузатамиз ва УМИД қиламиз. Халқ дардини, муаммосини кўрсата оладиган ва жамиятимиздаги инсоний қадриятларни намойиш эта оладиган сифатли миллий сериаллар яратилишига тамал тошини энг аввал қайси канал ёки каналлар қўя олади? Биз эса томошабинлар жуда бир қизиқ жараёнлар ва воқеалар гувоҳига айланишимиз ва ким нимага қодирлигини кўришимиз мумкин.

Латофат Бўриева
Togri.uz


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019