Бундан буён овчи қушларга ҳам паспорт берилади

18:09 28 Август 2018 Дунё
369 0

Бундан буён Қирғизистонда овчи қушлар эгалари ўз жониворларига чип ўрнатиш ва улар учун паспорт(идентификация картаси) юритишга мажбур бўлади. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.

Мамлакат атроф муҳит ва ўрмон хўжалиги давлат агентлиги директори томонидан шу бўйича буйруқ чиқарилган. Айни пайтда чип ва ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда тайёрлаш бўйича танлов эълон қилинган. Шундай қилиб келгусида чипсиз ва паспортсиз овчи қушларни Қирғизистондан олиб чиқиб кетиш ёки у ерга олиб кириш тақиқланади, қолаверса, мусобақаларга қўйилмайди.

Бундан олдин овчи йиртқич қушларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари тасдиқланганди. Унга кўра давлат экологик экспертизаси рухсатини олган шахсларгина ана шундай ҳуқуққа эга ҳисобланади. Барча қушлар махсус журналга киритилади. Рўйхатдан ўтказилмагани мусодара қилинади.

Боқувчи ҳар бир қушни уч метрга тўрт метрлик ва баландлиги уч метрлик атрофи ўралган жой, тегана, сувдон, қўноқ билан таъминлаши керак. Қуш боқиладиган жой тозалигига қатъий риоя этилиши, ҳаво айланиш ва дренаж канали тизими ўрнатилиши лозим. У ерда ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 25 даражадан юқори бўлмаслиги, 15 даражадан паст бўлмаслиги ҳам белгилаб қўйилган.

Қолаверса, ов пайтида қушларнинг қувватини оширувчи, аслида уларнинг соғлигига зарар етказувчи препарат(допинг каби)лардан фойдаланиш ҳам тақиқланди. Эгаси овга яроқсиз қушлар тақдирини давлат мутасаддилари билан ҳал этиши лозим. Бу борада учта йўл бор – табиат қўйнига қўйиб юбориш, реабилитация марказига жўнатиш ёки ҳайвонот боғига бериш.

Ҳисоб-китобларга кўра, айни пайтда Қирғизистонда 200га яқин киши йиртқич қушларни боқади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар