Булунғурда 1,5 мингта оиланинг 7 мингга яқин оила аъзосига моддий ёрдам пули тарқатилди.

20:31 13 Август 2020 Жамият
387 0

Бугунги пандемия шароитида доимий даромадидан айрилган, ишсиз, кам таъминлаган ва эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Республика ҳукумати томонидан қатор чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида ҳар бир туманда эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилиб, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда мураккаб ижтимоий вазиятидан чиқиб кетишида кўмаклашишнинг аниқ механизми ишлаб чиқилди. Жумладан, ҳар бир оилага 13 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди, имтиёзли кредит ажратиб, тадбиркорликка йўналтириш чоралари кўрилди, ғалладан бўшаган майдонлардан ер ажратиб, ҳайдалиб ва экилиб берилди, кооперациялар ташкил этилиб, субсидия ҳисобидан жўжа, қуён, асалари тарқатилди, помидор, картошка, ловия уруғлари етказиб берилди.

Бундан ташқари ислом оламининг муқаддас байрамларидан бири бўлмиш муборак Қурбон ҳайити муносабати билан «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмдан, хусусан, Булунғур туманида 358 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилаларга жами 358 миллион сўм нақд пул шаклида ҳайитлик тарқатилди.

Ушбу оилаларни қўллаб-қувватлаш ишлари шу билан якунига етгани йўқ. Президентимиз томонидан давлат бюджетидан пандемия шароитида кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида эҳтиёжманд оилаларнинг ҳар бир аъзосига 220 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули ажратилди.

Ушбу ажратилган ёрдам пуллари «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида рўйхати шакллантирилган оилаларга тарқатилмоқда. Хусусан, яқинда 1 миллион сўмдан ёрдам қилинган 25 та оиланинг 91 та аъзоси учун ҳам 20 миллион сўм, туман миқёсида жами 55 та маҳалладан 1 503 та оиланинг 6 935 нафар оила аъзосига 1 миллиард 525 миллион 700 минг сўм моддий ёрдам пул маблағлари тарқатилди.

Пул маблағлари ҳар бир оиланинг оила аъзолари сонидан келиб чиққан ҳолда, маҳалла марказларида ўз эгаларига берилди. Ногиронлиги бўлган ва маҳалла марказига кела олмайдиган оилаларнинг хонадонига нақд пул шаклидаги маблағлари туман «Халқ банки»нинг сайёр кассалари томонидан олиб бориб топширилди. Шунингдек, шаффофликни таъминлаш, турли тушунмовчиликларга йўл қўймаслик мақсадида пул маблағлари тарқатилиши сектор аъзолари томонидан кузатиб борилди.

— Оилада етти киши яшаймиз, бизга 1 миллион 540 минг сўм ёрдам пули берилди, - дейди «Чангал-1» маҳалласида яшовчи фуқаро Нигора Номозова. - Бугунги пандемия шароитида карантин чекловлари туфайли моддий жиҳатдан анча қийналиб қолган эдик. Ушбу пул маблағлари бизга ва биз каби қийин шароитда қолган юртдошларимизга кутилмаган ёрдам бўлди. Тўғри, шу кунгача ҳам маҳалла-кўй сўраб турган эди. Бироқ, Давлат томонидан ҳар бир оилага пул тарқатилишини биринчи бор кўряпман. Адолатли сиёсат олиб бораётган ва биз каби оилаларга ҳам шахсан ғамхўрлик қилаётган Президентимиздан миннатдорман.

Дарҳақиқат, бугунги йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган бир даврда ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган бу каби ёрдамлар дилларга умид учқунини ёқиши, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг қалбида ватанга муҳаббат, ғурур ҳиссини уйғотиши табиий.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?