Булоқбошилик фуқаро ўз хонадонида боғча ташкил қилди

16:32 05 Апрель 2018 Жамият
2856 0

Булоқбоши туманидаги Юксалиш маҳалласида яшовчи 25 нафар болажон энди қўшни маҳалладаги мактабгача таълим муассасасига қатнашларига ҳожат қолмади.

Гап шундаки, шу маҳаллада яшовчи Мавлудахон Ғафурова ўзи истиқомат қилаётган хонадонда 25 ўринга мўлжалланган нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этди. 55 миллион сўм шахсий маблағ ҳисобига барпо этилган бу масканда ўзбек тили билан бир қаторда рус ва инглиз тилларида ҳам машғулотлар ташкил этилгани, айниқса, ота-оналарга манзур бўлмоқда.

— Ушбу масканнинг фойдаланишга топширилиши биз ота-оналар учун ниҳоятда қувончли бўлди, — дейди уй бекаси Зиёдахон Абдуллажонова. — Бу ерда яратилган шароитлар бизга маъқул. Беш нафар ходимларнинг бари малакали. Бу каби эзгу ишларнинг кўлами янада ортишидан умидвормиз.

Бугунги кунда Андижон вилоятида 500 та давлат ва 3 та нодавлат мактабгача таълим муассаси фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўзида жами 325 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини қуриб, фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Шулардан 14 таси айнан Булоқбоши туманида фаолият юрита бошлайди. 

Саминжон ҲУСАНОВ. /“Халқ сўзи”/   
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?