Бухоронинг шўрланган ерларидан юқори ҳосил олишни йўли топилди

15:51 25 Апрель 2018 Иқтисодиёт
1052 0
Фото: parnikiteplicy.ru

Бухоро вилоятининг шўрланган тупроқ шароитида юқори ҳосил олиш анча мушкул. Аммо гидропоника усулидаги иссиқхоналарни кўпайтириш орқали ҳосилдорликни ошириш, экологик тоза маҳсулотлар етиштириш мумкин. Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон — Туркия  I иссиқхона бизнес-форумида шулар хусусида тажриба алмашилди.

Икки давлатнинг қишлоқ хўжалиги мутахассислари, иссиқхона хўжалиги билан шуғулланаётган фермер ва тадбиркорлар иштирок этган ушбу тадбирда ўзаро ҳамкорликда гидропоника усулидаги иссиқхоналарни барпо этиш, бу борада замонавий лойиҳаларни, илғор технологияларни татбиқ этиш масалалари муҳокама этилди. 

Ҳозирги кунда вилоятда 413 та иссиқхона хўжалиги мавжуд. Уларда етиштирилган ҳосилнинг 70 фоизи экспорт қилинмоқда. 2019 йилда 7 минг гектар, кейинги йилларда 40 минг гектар майдонда замонавий иссиқхоналар барпо этиш кўзда тутилган. Бу мақсадни рўёбга чиқаришда Жанубий Корея, Хитой давлатлари қатори Туркия тажрибаси ҳам қўл келади. 

—  Иссиқхона хўжалиги билан оилавий шуғулланамиз, — дейди туркиялик ишбилармон Жиҳангир Елдирим. — Бир гектар ердан 600 тоннагача ҳосил олаяпмиз. Форумда шулар хусусида тажриба алмашдик. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликни йўлга қўйсак, ишимиз янада олға силжиши турган гап.

Форум доирасида икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни қўллаш борасида келишувларга эришилди.  

Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар