Бухоролик ҳаваскор овчи "оиласи аъзоси"ни Тошкент ҳайвонот боғига топширди

14:56 25 Июнь 2020 Жамият
790 0

Қоракўл туманида истиқомат қилувчи Нусрат Эргашев асосий ишидан ортиб, овчилик билан ҳам шуғулланади. Бир гал у кимсасиз чўлда жайрон боласига рўбарў келиб қолди. Тасодифий бу учрашувдан табиатан ҳуркак саналган жайронча пинагини ҳам бузмади.

У ўша паллада ҳаваскор овчи қиёфасида ўз нажоткорини кўрган бўлса ажаб эмас.

— Гап шундаки, атрофда ҳеч бир зоғ йўқ, жайрон боласи эса жароҳатлангани туфайли юра олмас эди, — дейди Нусрат ака. — Шу боисдан мен уни авайлаб уйимга олиб келдим. Ветеринарлар кўмагида жароҳатини даволадик. Сут бериб парваришладик. Унга уйимиздагилар ҳам ўрганиб қолишди. Сизга ёлғон, менга чин, жайрончани оиламиз аъзоси ўрнида кўрадиган бўлдик.

Орадан салкам бир ойча вақт ўтди. Бу тилсиз жонзотнинг кейинги тақдирини ўйлаган Нусрат Эргашев тегишли ташкилотларга қўнғироқ қилиб, уйида жайрон боласини парваришлаётганини билдирди. Ўз навбатида вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўлими бошлиғи Баҳодир Назаров ва соҳанинг бошқа мутахассислари ҳаваскор овчининг уйига келишди.

Нусрат аканинг хоҳиш-истагига кўра, жайрон боласи Тошкент ҳайвонот боғига топширилди.

— Жайрон «Қизил китоб»га кирган ҳайвон саналади, — дейди лавҳамиз қаҳрамони. — Уни асраб-авайлаш, кўпайтириш давлатимиз эътиборида. Шундай экан, фурсатдан фойдаланиб, жайронларни овлаш таъқиқланганини барча овчиларга эслатиб қўймоқчиман.

Истам  ИБРОҲИМОВ, 
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?