Бухородаги қадимий карвонсарой ўрнида ресторан очиладими?

12:30 23 Июль 2019 Маданият
233 0

Ижтимоий тармоқларда Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Виолен де Вильмор Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов билан учрашув пайтида Бухородаги қадимий “Аёз” карвонсаройида ресторан очилиши юзасидан хавотир билдиргани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.

Гап шундаки, бу обида Франциянинг “Карвонсаройлар” нотижорат ассоциацияси томонидан таъмирланган. Элчининг фикрича, ресторан очиш бўйича бошланган ишлар тарихий обидага тузатиб бўлмас зарар етказиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, юртимиз, жумладан Бухородаги ёдгорликлар тақдирига хорижликлар бефарқ эмас. Шуниси кишини қувонтиради. Аммо элчининг хавотирланишида асос борми? Чиндан ҳам қадимий карвонсаройда ресторан очиладими? “Халқ сўзи” мухбири Истам Иброҳимов масалага ойдинлик киритиш мақсадида Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Олимжон Жўраевга учрашди. Ўз навбатида О. Жўраев қуйидаги маълумотни тақдим этди:

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш минтақалараро давлат инспекцияси томонидан Бухоро вилоятида 660 та моддий-маданий мерос объекти рўйхатга олинган.

Шундан, 231 таси археология объекти, 364 таси архитектура ёдгорлиги, 19 таси монументал санъат асари, 22 таси архитектура ансамбли ва 24 таси диққатга сазовор жойлардир.

Уларни асл ҳолича сақлаш, қадимий меъморчилик талабларига мос равишда таъмирлаш борасида мунтазам иш олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилда вилоятдаги моддий маданий мерос объектларини сақлаш ва реставрация ишлари учун жами 10 миллиард 700 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Бухоро вилояти ҳокими Ў. Барноевнинг 22 июль куни Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Виолен де Вильмор билан бўлиб ўтган учрашувида ҳам айни шу масалалар хусусида сўз борди.

Мулоқот давомида элчининг Бухоро шаҳри тарихий қисмида жойлашган, Франциянинг “Карвонсаройлар” нотижорат ассоциацияси томонидан таъмирланган тўрт карвонсарой, жумладан, “Аёз” да “ресторан очилиши” хусусидаги хавотирларига ойдинлик киритилди.

Ўзаро англашув ва самимий мулоқот тарзида кечган учрашув чоғида вилоят ҳокими бундан 20 йил олдин таъмирланган мазкур карвонсаройлар ўз ҳолича сақланаётганлигини, бу ерда ресторан очиш режаси мавжуд эмаслигини, аксинча, бугунги кунда ишламай турган бу объектларнинг асл кўринишини сақлаб қолган ҳолда уларда сайёҳлар ташриф буюриши учун қулай имкониятлар яратиш бўйича иш олиб борилаётганлигини маълум қилди.

Бугунги кунда давлат тасарруфида ва муҳофазасида бўлган бу объектлар бўйича ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Шунга амин бўлган Виолен де Вильмор хоним Франциянинг маданий-тарихий обидаларни сақлаб қолиш ва таъмирлаш бўйича тажрибасини ўртоқлашишга ҳамда Версаль университети етакчи мутахассислари иштирокида семинар-тренинглар ташкил этишга тайёр эканлигини билдирди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019