Бухородаги 544 та маҳалланинг 325 тасида умуман жиноят содир этилмади

18:58 28 Август 2019 Жамият
645 0

Даставвал, тизим фаолиятига оид хушхабар.Бухорода вилоят Маҳаллалар кенгашининг янги биноси қурилиб фойдаланишга топширилди.У вилоят ҳокимлиги ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг 2,5 миллиард сўмга яқин маблағи эвазига барпо этилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда вилоят ҳокими Ў. Барноев, Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши раиси Ш.Жавлонов сўз олиб, Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси йўлида қилинган ишлар хусусида тўхталдилар.Чунончи, Бухоро, Вобкент, Когон, Ромитан ва Шофиркон туманларида “Маҳалла маркази” мажмуалари қурилди. 22 та фуқаролар йиғини биноси қуриб битказилди.Элликка яқини эса мукаммал таъмирланди.Айни дамда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ” дастурлари асосида 25 та маҳалланинг биноси янгидан қуриляпти, 14 таси таъмирланмоқда.Тизим моддий – техник базаси мустаҳкамланмоқда.Маҳаллалар кенгашининг янги биносига келсак, унда ходимларнинг иш самарадорлигини ошириш учун барча шарт – шароитлар муҳайё этилган.

Дарвоқе, оммавий ахборот воситалари ходимлари бу муҳташам бинонинг дастлабки меҳмонлари бўлишди, десак хато қилмаймиз.Гап шундаки, марказ мажлислар залида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика ҳамда Бухоро вилояти кенгашлари томонидан “Маҳалла жамиятимиздаги адолат тамойилларининг кўзгуси” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.Тадбирда тизимда амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида сўз борди.Таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган етти ойида вилоятдаги 544 та маҳалланинг 325 тасида умуман жиноят содир этилмаган.Бу ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда жиноятчиликка йўл қўймаган маҳаллалар сони 150 тага ошганини кўрсатади.

Анжуманда Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши раиси Ш.Жавлонов журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.Ўз навбатида ҳамкасбларимиз ҳам жўяли таклифларни ўртага ташлашди.Масалан,маҳаллаларда “Энг газетхон оила” танлови ташкил этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.Бунга ўхшаш тадбирлар ёшларимизни “оммавий маданият” таъсиридан асраш, уларни ишончли, холис ахборотлар билан таъминлаш имконини беради.Қолаверса, оила даврасида мамлакатимиз ва жаҳонда рўй бераётган воқеалар, янгиликлар тўғрисида суҳбатлашиш, фикр – мулоҳаза юритиш фарзандларимиз дунёқарашининг кенгайишига хизмат қилади.

Истам ИБРОҲИМОВ,
(“Халқ сўзи”)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?