Бухорода Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети факультети очилди 

13:54 17 Октябр 2019 Жамият
91 0

Ўзбекистон билан Туркия ўртасида йўлга қўйилган алоқалар икки халқ ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаяпти.Хусусан, икки давлат олий ўқув юртларининг қўшма дастурларни амалга оширишаётгани эътиборга моликдир.Абу Али ибн Сино ватани саналган Бухорода Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети Тиббиёт факультети ва Малакали тиббий хизматлар Олий мактаби фаолият бошлагани фикримиз далилидир.

Ёшлар марказида шу факультет ва мактабнинг тантанали очилиш ҳамда талабаларнинг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Айтиш жоизки, бугунги кунда Истанбул шаҳридаги мазкур университет билан Ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ўртасида йўлга қўйилган алоқалар янги босқичга кўтарилди.Ўзаро келишувга кўра, ўтган йилда 40 нафар бухоролик мутахассис ушбу университетда имтиёзли тарзда малака оширди.

Таъкидлаш ўринлики, Соғлиқ билимлари университети тиббиёт соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш борасида дунёнинг етакчи ўқув муассасаларидан саналади.Унинг мамлакат турли ҳудудларида 16 та филиали фаолият юритмоқда.Ўзига ишонган, ёш, тиришқоқ шифокорлар тайёрлашда бой тажрибага эга.

Иккала давлат соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида тузилган англашув меморандумига асосан, Истанбулдаги Соғлиқ билимлари университетининг факультетини Бухорода очиш тўғрисида келишувга эришилганди.

Кейинчалик мазкур олий таълим муассасаси ректори Жавдат Эрдол Ўзбекистонга ташриф буюрди ва қатор келишувлар билан биргаликда Бухоро давлат тиббиёт институти базасида Соғлиқ билимлари университетининг Ибн Сино номидаги тиббиёт факультети ҳамда ҳамшираларни тайёрлаш бўйича Малакали тиббий хизматлар Олий мактабини очиш юзасидан битимга эришилди.Бу битимлар ҳар икки давлат раҳбарлари даражасида қўллаб – қувватланди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш вазирлиги, Бухоро давлат тиббиёт институти ҳамда Соғлиқ билимлари университети ўртасидаги келишувга асосан 2019 йилнинг август ойида Тиббиёт факультети ва Малакали тиббий хизматлар Олий мактабига талабалар қабули учун имтиҳон ташкил этилди ҳамда белгиланган квотага асосан 80 нафар талаба Тиббиёт факультетига, 54 нафар талаба Анестезиология, Биринчи шошилинч ёрдам, физиотерапия йўналишларида ўқишга тавсия қилинди.

-Бугун ҳаётимда унутилмас кун,- дейди Биринчи шошилинч ёрдам йўналишида талабаликка қабул қилинган Дилрабо Исматова.-Жуда хурсандман.Орзуимга эришдим.Шифокорлик қасамёдини қабул қиляпмиз.Насиб қилса, тиббиёт соҳасидаги замонавий билимларни эгаллаб, халқимиз саломатлигини муҳофаза этишдек хайрли ишда куч – ғайратимни аямайман.

Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Амрулла Иноятовнинг билдиришича, ҳамкорлик уч босқичда амалга оширилмоқда.Дастлаб малакали кадрлар тайёрлаш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш ишлари амалга оширилади.Институтнинг янги ўқув биноси ва клиникаси барпо этилгач эса тизимда рақамли тиббиётни жорий этиш билан боғлиқ долзарб юмушларга киришилади.

Энди бевосита тадбир хусусида.Тантанали маросимда Бухоро вилояти ҳокими Ў. Барноев, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси Меҳмет Сурейя Эр, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А. Шадмонов,Соғлиқ билимлари университети ректори Жавдат Эрдол ва бошқалар сўз олиб, икки дўст мамлакат ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилганини таъкидладилар ва янги иш бошлаган факультет ҳамда Малакали тиббий хизматлар Олий мактабида таҳсил олган ёшлар етук мутахассислар бўлиб етишадилар, дея умид билдирдилар.

Шундан сўнг талабалар шифокорлик қасамёди қабул қилишди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019