Бухорода туризм иқтисодиётнинг муҳим тармоғига айланади

11:20 16 Май 2018 Welcome to uzbekistan
666 0
Фото: gazeta.uz

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижроси шаҳар ва қишлоқларимиз инфратузилмаси яхшиланиб, аҳоли турмуш даражаси ошишига хизмат қилади. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастури доирасидаги фаоллашув ҳамда чет эллардан сайёҳлар оқимининг жадал ошиб бораётгани юртимизнинг жозибадор гўшаларига дунё аҳли орасида қизиқиш кучлилигини англатади. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг маслаҳатчиси, туркиялик эксперт, сайёҳлик бўйича йирик мутахассис Содиқ Бадак ўз чиқишларида европаликларнинг юртимиздаги тарихий ва экотуризмга қизиқишларини, Ҳиндистон, Малайзия, Индонезия, Туркия, Саудия Арабистони ҳамда Эрон мамлакатларидан келадиганлар зиёрат туризмига, Хитой, Япония, Жанубий кореялик сайёҳлар эса маданий ва кўнгилочар туризмга мойилликларини баён этди.

“Шарқ Венецияси” деган ном билан туристлар орасида машҳур Бухоро шаҳрида сайёҳлар оқимининг кўпайиб бораётгани ҳам ана шундан далолат беради. Тарихий маълумотларга кўра, Шарқнинг машҳур қадимий кенти Бухорога милоддан аввалги биринчи минг йиллик ўрталарида асос солинган. Дунёнинг турли халқларида, хусусан, қадимги юнон, хитой, араб манбаларида Бухоро номи юксак эҳтиром билан тилга олинади. Юнон олими Клавдий Птолемей “География” асарида, хитойлик сайёҳ Сюаньцзан “Хотиралар” китобида эслаб ўтган Бухоро Ўрта асрлар араб манбаларида Нумижкат, Навмичкат, Бумичкат (“Янги қўрғон”), “Ал-Мадина ас-суфрийя” (“Мис шаҳар”), “Мадинат ат-тужжор” (“Савдогарлар шаҳри”), Фохира — “Фахрли шаҳар”, дея таърифланган. Ислом дини, мусулмон ахлоқи, маданияти ҳамда ҳуқуқшунослигининг Шарқдаги кучли марказларидан бирига айланган Бухоро “Қуббат ул-ислом” — “Ислом динининг гумбази” деган шарафга ҳам ноил бўлган.

Айтиш жоизки, тарихи теран Бухоро шаҳри бугун ҳам дунё эътиборидаги шаҳарлар рейтингида юқори поғоналарда туради.

Ҳар бир ишга дид ва эътибор билан ёндашиш керак

— Сайёҳликнинг самара келтириши шароитга боғлиқ, — дейди тарих фанлари доктори, Бухоро давлат университети профессори Шодмон Ҳайитов. — Етти пир — Ҳазрат Абдухолиқ ўиждувоний, Хожа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд мақбара ҳамда мажмуалари зиёрати учун шаклланаётган инфратузилма, йўлларнинг созланиши ички ва ташқи туризм ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Меъморий обидаларни қадимда қандай бўлган бўлса, шу ҳолича сақлаб қолиш ёки уларни таъмирлашда қадимийликка амал қилиш лозим. Мавжуд тарихий ёдгорликлар ҳали тўлиқ рўйхатга олинмагани рост. Рўйхатга олиб, улар ҳақида муфассал маълумотлар тайёрлаш учун ҳозир олимлар ҳамда магистр талабалардан иборат гуруҳни жалб этганмиз. Мана шу ишлар амалга оширилса, бу тарихий ёдгорликларнинг сайёҳликдаги аҳамияти аниқ намоён бўлади. Бухорода 300 дан ортиқ мадрасалар, 30 та ҳовуз бўлган. Уларнинг ҳозирги аҳволи қанақа, қанчаси қай даражада сақланиб қолган, ўз ҳолича қолдирилиши зарур бўлганларию таъмирга муҳтожлари қанча — бу вазифалар мутасадди ташкилотлардан тортиб, мутахассисларнинг зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Бухорога дунё сайёҳларини жалб қилиш учун мавжуд имкониятларнинг қанчаси ишга солингану яна қанчаси кўздан панада ётгани каби муаммолар ҳали-ҳануз тўлиқ ўрганиб чиқилгани йўқ.
— Ўтган йили ички туризм бўйича 1 миллиондан ортиқ, ташқи туризм йўналишида эса 200 минг нафар сайёҳ шаҳримизда бўлди, — дейди Бухоро давлат университети “Туризм” факультети декани, иқтисод фанлари номзоди, доцент Аброр Жўраев. — Бу йил хориждан 350 минг нафар атрофида туристлар келиши кутилаяпти.

1993 йилда ЮНЕСКОнинг маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган Эски шаҳарнинг ташқарисидаги 339 гектарлик майдонда жойлашган тарихий обидалар ҳали-ҳануз эътибордан четда. Бу жойлар ЮНЕСКО рўйхатида ҳам ёндош ҳудуд сифатида қайд этилган. Лаби Ҳовуздан Арккача бўлган асосий жойга сайёҳлар шу ердан ўтиб боришади. Бир жойни обод қилиб қўйиб, иккинчи жойга эътиборсизлик билан қараш уларнинг назаридан четда қолмайди. Ёндош ҳудудда чет элликлар излаб келадиган тарихий обидалар бор, уларнинг дид-таъбларига қарши боролмаймиз, “Уёқни қўй, буёққа юр”, деб бўлмайди. Аҳолининг тарихий объектларга муносабати ҳали талаб даражасида эмас. Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда “Туризм асослари” фанини йўлга қўйиб, ёшлар онгига тарихий ёдгорликларда аждодларимиз руҳи борлиги ҳақидаги ғояни сингдиришимиз керак. Шундагина уларнинг қалбида фахр-ифтихор уйғонади, ўзлигини таниб, бундай жойларни кўз қорачиғидек асрашга интилади. Бухоро заминининг ҳар қадамида муқаддас тарихий обидалар, маданий мерос объектлари бор. Улардан баҳрамандлик эса ҳозирча 20 фоиздан ортгани йўқ. Тартибсиз қурилишлар, хусусий ҳовлилар, хонадонлар орасида қолиб кетган мадраса-масжидларнинг аҳволи жиддий ўрганилиши, бу борада зарур чоралар кўрилиши керак. Бундай иншоотларни таъмирлаш ишларига кўча усталари эмас, мутахассислар жалб қилиниши лозим. Мазкур жараёнда эса таъмирда ишлатиладиган лойнинг кимёвий таркибидан тортиб, устанинг маҳоратигача катта аҳамиятга эга. Тегишли ташкилотлар таъмирлаш юмушларига пул ажратиб, маблағни сарфлаш мақсадида шоша-пиша, билиб-билмай ҳаракат қилсалар, қош қўяман деб кўз чиқариб қўйишлари ҳеч гап эмас. Масалан, баъзи жойларда чиройли кўрсатаман, деб гипсокартон қоқиб қўйишади, бундан кўра тегинмай қўя қолган маъқул.

— Қадимий обидаларни таъмирлаш жуда нозик санъат, — дейди “Баҳоуддин Нақшбанд” ёдгорлик мажмуаси экскурсоводи, санъатшунослик фанлари номзоди Бахтиёр Бўронов. — Баъзан қадимий мадраса ёки масжидларнинг кўчиб тушган пештоқларини оддий лой билан “ямаб” чиқишга уринилганини кўриб, юрак орқага тортиб кетади. Бундай ишларни аждодларимизга муносиб бўлиб, уларнинг бебаҳо мерослари аҳамиятини англаб амалга оширишимиз мақсадга мувофиқ. Илгари “Уста Ширин” номидаги таъмирлаш устахонаси бўлар эди, ҳозир ўша анъаналарни тиклаш пайти келди. Йўқса, пул ажратилади-ю, иш сифатли бажарилмайди.

Миллий ҳунармандчилик синоати

Кўчаларнинг кенгайтирилиши, йўлларнинг созланиши, биноларнинг таъмирланиши каби ишлар тиғиз давом этаётгани боис Бухоро шаҳри шу кунларда қурилиш майдонидан асло қолишмайди. Сайёҳлар ҳамиша гавжум бўладиган Арк ва Минораи Калон майдонлари ўртасидаги “Шаҳристон” бозорининг қурилиши ҳам улкан бунёдкорликлар сирасига киради. Қурилиш бошланишига шай қилиниб, теварак-атрофи ўраб қўйилган 15500 квадрат метр очиқ майдоннинг ҳар томонида дастлабки қиймати 18,5 миллиард сўмни ташкил этадиган объект жорий йилнинг сентябрида топширилиши ҳақида маълумот ёзилган плакатларга кўзингиз тушади. Бу плакатларда лойиҳа ташкилотчисидан тортиб, буюртмачию пудратчиларнинг номларигача аниқ қилиб ёзиб қўйилган.

Мана шу қурилажак бозорнинг орт томонида, сайёҳлар гавжум бўладиган Минораи Калон майдони томон чиқиб борадиган йўлнинг чап тарафида жойлашган Бухоро ипак гилам тўқиш марказида 120 та оила иш билан таъминланган.

— Қадимий ҳамда замонавий дизайнлар биз ишлаб чиқараётган гиламларимизнинг ўзига хослигини таъминлайди, — дейди марказ иш юритувчиси Абдурауф Раззоқов. — Франция, Италия, Япония сингари мамлакатлардан келган сайёҳлар шунинг учун маҳсулотларимизни жуда қадрлашади. Бизда кўзбўямачиликка йўл қўйилмайди, тоза ипак ишлатамиз.

Марғилондан тайёр ҳолда келтирилган калавалардан корхона қошида фаолият юритаётган адрас цехида миллий матолар тўқилмоқда.

— Аслида сайёҳларнинг талаб-эҳтиёжларига қараб савдогарлар Марғилондан тайёр адраснинг ўзини келтириб сотишлари арзонга тушиши мумкин, — дейди тўқувчи Зарина Солиева. — Аммо аксарият хорижликларни уни ишлаб чиқариш жараёни ҳам қизиқтиради. Улар цехимизга кириб келишлари билан ўзларини худди эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этиб, ҳар битта ишимиздан ҳайратланишларининг сабаби шунда, деб биламан. Бу қалбимизда фахр уйғотади. Имкониятларимиз жуда кенглигини, улардан унумли фойдаланишимиз лозимлигини ҳис қиламиз.

“Ҳунарманд” уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси аъзоси Ойсара Рўзиева Шофиркон тумани, “Боғиафзал” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган 300 нафарга яқин аёлларни иш билан таъминлаган. Якка тартибдаги бу тадбиркор Улуғбек мадрасаси ҳовлисидаги дўконида улар тайёрлаган сўзана, палак, ойна ва зираворлар солинадиган халтачалар билан савдо қилади.

— Тикаётган матоларимиз ипагини Марғилондан келтирамиз, — дейди у теварак-атрофини қуршаб олган сайёҳлар қизиқиш билан кўраётган қўлидаги палакка ишора қилиб. — Бизга алоҳида бино бўлса, пиллани ҳам ўзимиз етиштириб, барча жараённи шу ернинг ўзида йўлга қўйсак, сайёҳлар учун ҳам жуда қизиқарли бўлар эди.

Санкт-Петербургдан келган сайёҳ Владимир Бедарев ипларни бўяшда пиёз пўстлоғи ишлатилиши ҳақида эшитган экан, бунинг тўғрими-йўқлиги, қандай амалга оширилиши ҳақида Ойсара Рўзиевани саволга тута кетди. У бу жараён ҳақида сайёҳларга эринмай сўзлайди, қизи Нигора буни инглиз тилида хорижликларга ҳам айтиб берди. Бир зумда уларнинг чоққина дўкони олдига турли мамлакатлардан келган туристлар гуруҳлари тўпланиб келишди. Ойсара Рўзиева айтаётган ҳунармандлик сеҳри дунё кезган сайёҳларни ҳам лол қилиб қўйганди.

Замонавий “hostel”

“Олимжон” қарвонсаройида таниқли фотограф Шавкат Болтаев ташкил этган фотогалерея, ёш тадбиркор Жамшид Кенжаевнинг шахмат клуби ҳар қандай сайёҳда катта қизиқиш уйғотади. Аммо карвонсарой четда ва қаровсиз бўлгани учун уларнинг йўли бу жойларга унча тушавермайди.

Жамшид Кенжаев шахмат клубига келганларга дарҳол ширин чой узатади. Хоҳишига қараб, қаҳва дамлаб беради.

— Бу жой тарихан олиб қараганда, меҳмонлар қўниб ўтадиган карвонсарой бўлган, — дейди Жамшид. — Шу йилнинг бошида “Bukhara travel Drive” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилгандим. Мақсадим бу жойда нархи ҳаммабоп бўлган замонавий карвонсарой — “hostel” (умумий ётоқхона) очиш. Туркиядан инвесторлар ҳам топганман, улар менинг лойиҳамни кўриб чиқиб, маъқуллашди. Мақом йўлида куйлайдиган мусиқа гуруҳини тузмоқчиман. Ахир, миллий чолғуларимизни кўришнинг ўзи ҳам сайёҳлар учун қизиқарли-да...

— Бундоқ қараганда, “автостопшчик”лар ҳам сайёҳлик соҳасини реклама қилишда катта роль ўйнайди, — дея сўзида давом этади Жамшид. — Улар Бухорога ҳам кўп келишади. “Hostel” очишга эришсам, улар қанча кўп келишсаям бепул ётоқ билан таъминлашни йўлга қўярдим. Турли автоклублар ҳам сайёҳлик соҳасига хизмат қилади. Мен Россиядаги “Газ-69” автоклуби аъзосиман. Индонезия, Озарбайжон, Украина, Беларусь сингари мамлакатлардаги барча аъзоларимиз 30 нафардан зиёд. Шаҳар четида “Кемпинг” очиш ниятим амалга ошса, уларни бу ерга таклиф этмоқчиман. “Автостопшчик” — дарвешлар ҳам, автоклуб аъзолари ҳам бутун дунё бўйлаб юришади, қаерда бўлишмасин, борган жойлари ҳақида гапириб беришади. Демак, буларнинг барчаси сайёҳлик соҳасини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Президентимизнинг ҳаётга янгича қараш, дунёдаги ўзгаришлар билан ҳамқадам бўлиш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги кўрсатмаларини тинглаганимда, қалбим тўлқинланиб кетиб, турли лойиҳалар миямга келаверади. Бу ғоялар ердан узилган хаёлий нарсалар эмас, мен ўзимизнинг шарт-шароитимиздан, имкониятларимиздан, чет эллик инвесторлар билан олиб борган музокараларимдан келиб чиқиб иш тутаман. Имкон берилса, ҳозир қаровсиз ҳолда ётган “Олимжон” карвонсаройини аслида қандай бўлса, шундай таъмирлаб, ўша қадимий қиёфасини қайтарган бўлардим.

Жамшид Кенжаев чет тилларни ҳам биладиган, ўз устида ишлаб, дунё сайёҳлиги тажрибаларини яхшигина ўзлаштирган йигит экан. Унинг орзу-истаги қадимий миллий анъаналаримизга суянган ҳолда сайёҳларга хизмат кўрсатишдан иборат.

Уста Николайнинг орзуси

Николай Анисимов миллий ҳунармандчилигимизнинг қадимий турларидан бўлган мискарлик, рехтагарлик, кандакорлик соҳаларида бирдек камолот касб этгани туфайли нафақат Бухорода, балки республикамизда ҳам юксак ҳурмат-эътибор қозонган. Бу соҳаларнинг қадрига етадиган мутахассислар, коллекционерлар уни биргина сўз билан “Уста” деб таърифлашади. Бу ўз касбини севган инсон учун энг юксак унвон. У ясаган мискарлик, кандакорлик буюмлари ЮНЕСКОнинг Париждаги қароргоҳини, дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги шахсий коллекцияларни, Бухородаги Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, пойтахтимизнинг Ҳастимом меъморий мажмуаларини безаб турибди. Фарзандлари Дмитрий, Владимир ҳам ота касбини давом эттиришмоқда. Ҳунармандлар ўртасида ўтказиладиган кўргазмаларнинг вилоят ва республика босқичларида уларнинг ишлари юксак баҳоланган.

— Модарихон мадрасасининг бир-икки ҳужрасини ҳунармандлик устахонасига айлантириб, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошидан шу ерда фаолият юритиб келаяпман, — дейди Николай ака соф ўзбек тилида. — Аллоҳга шукр, мусулмон бўлганимга 20 йилдан ошди. Мадрасанинг ўнлаб ҳужралари бўш ётгани афсусланарли, қанийди, ҳунармандлар бу жойларни тўлдириб, аждодларининг касбу корларини давом эттиришса, дейман.

Маълумотларга қараганда, Бухоро XVIII асрдан XX аср бошларига қадар мискарлик, кандакорлик бўйича Марказий Осиёнинг асосий маркази ҳисобланган. XX аср бошларида бу ерда 100 нафар мискар фаолият юритиб, уларнинг 50 нафари ҳунармандчилик буюмларини юқори сифат билан ясаш иқтидорига эга бўлган. Ўтган асрнинг ўрталарида мискарлик, кандакорлик бу ерда таназзулга учраб, ҳақиқий усталар қолмади. Аммо бундан ўттиз йиллар муқаддам Николай Анисимов миллий ҳунармандчиликнинг бу қадимий турларини қайтадан тиклашга қарор қилди ҳамда соҳага доир китоблар, альбомлар, каталоглардан чойнак, чилим, дастшўй сингари буюмларни қандай ясаш кераклигини мустақил ўргана бошлади. Бу йўлда унга сулолавий мискар уста Саид Фаёзовнинг таъсири ҳам катта бўлди.

— Қадимий масжиду мадрасаларнинг ҳар бир ғишти руҳий қувват, маънавий нур тарата олишини ҳис этган ҳунармандгина муваффақият қозона олади, — дейди уста Николай комил ишонч билан. — Дунёнинг турли чеккаларидан бу ерга сайёҳлар шунинг учун оқиб келишади.

— Модарихон мадрасасига ҳамма сайёҳлар ҳам келаверишмайди, — миллий ҳунармандчилик буюмлари ошуфтаси, уста Николайнинг мухлиси Сулаймон Муҳсинов мадраса ҳовлисида сочилиб ётган стол-стулларга ишора қилади. — Аввалдан қизиқиб, маълум маълумотларга эга бўлиб, атай қидириб келадиган чет эллик сайёҳлар учун ҳар бир ғишт, деворлардаги қадимий нақшлар мўъжиза бўлиб кўринади, соатлаб тикилиб ҳам тўйишмайди. Маҳаллий сайёҳлар эса бу ерда ош пиширадиган дошқозон борлигини эшитиб келишади — бундай муносабат ҳар қандай кишини афсуслантирмасдан қолмайди...

— Ҳунармандчиликнинг металл билан боғлиқ турлари йўқолиб бораётгани жуда ачинарли, — дейди Николай Анисимов. — Қозоғистон киноижодкорлари катта маблағ йўналтирилган “Кўчманчилар” бадиий фильмини суратга олишаётганда, аскарлар дубулғасини ясайдиган устани ўзларида тополмай, менга келишганди. Фарзандларим билан ишлаб, уларга 16 та дубулға ясаб берганмиз. Мен ўз касбимни ёшларга ўргатиш учун ҳамиша тайёрман. Ўқув даргоҳи очиб беришса ҳам, майли, ўзим ўқитиб, ўзим тарбиялайман, устахона очиб беришса ҳам розиман — гап номда эмас, амалий натижада.

2018 йил 10 январь куни “Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги Бухоро вилояти “Давлат мулкини ижарага бериш маркази” давлат унитар корхонаси” директори в.в.б. А. Пўлатов имзоси билан Николай Анисимовга огоҳлантириш хати юборилиб, унга “Модарихон” мажмуасидан 36,57 кв.м. бино-иншоот ижарага берилгани қайд этилган ҳамда мактуб давомида турли ҳужжатлар рўкач қилиниб, устадан бу ердаги жойлар энди танлов асосида ижарага берилиши, хоҳласа, танловда қатнашиши мумкинлиги, акс ҳолда эса, жойни бўшатиб қўйиш талаб этилган.

Мадрасада ўнлаб ҳужралар бўш, қаровсиз ётгани ҳолда, тарихий обидалар жонкуяри уста Николай Анисимов ижарага олиб турган арзимас жой, бир-иккита ҳужра учун бундай иддаолар ортиқча эканлиги ўз-ўзидан аён. Ҳолбуки, устанинг ёшларни йўқолиб бораётган миллий ҳунармандчиликка ўргатиш орзусини амалга ошириш учун унга амалий ёрдам кўрсатиш кераклиги кўп ҳам бош қотирадиган муаммо эмаслиги ўз-ўзидан ойдинлашади.

— Кошинпазлик ҳунари ҳам бир маҳаллар Бухорода пайдо бўлиб, кейин Эронга кўчган, — дейди Бухоро вилояти бош имом-хатиби Мансур Нуруллаев. — Энди у ерда бу ҳунар ривожланиб, ўзимизда йўқолиб кетди. Биз йўналишни тўғри олишимиз керак: вақтни бой бермай, қадимий ҳунармадчилигимизни, буюк аждодларимизнинг анъаналарини давом эттиришни истаганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватласак, уларга кўмаклашсак, эртага бу ўзимизга катта инвестиция олиб келади. Уста Николай айтмоқчи, маданий мерос объектлари бўлган қадимий мадраса ҳамда масжидларни ошхона, кафе, ресторан ёки савдо дўконига эмас, ўша қадимий йўналишига қараб ижарага бериш керак. Бугун тушадиган арзимас ижара пулларига қизиқиш бундай ишларни ўн йиллаб орқага суриб юборади. Энди кўзимизни очишимиз керак. Азалий анъаналарга қараб иш тутсак, бу бугун ҳам, эртага ҳам нафақат моддий, балки маънавий-маърифий даромад ҳам олиб келади. Президентимизнинг бу борада олиб бораётган сиёсатлари ҳаётга мана шундай муносабатда бўлишни талаб этмоқда, буни тўғри англаб, тўғри йўл тутишимиз керак. Қадимий иншоотлар ҳунармандларга берилса, “Устоз — шогирд” анъаналари яна тикланади, иззат-ҳурмат, маданият шаклланади. 

Ўзаро мулоқотнинг қулай воситаси

— Туризм халқ фаровонлиги омили эканлигидан ташқари, ўзаро мулоқотнинг энг қулай воситаси ҳамдир, — дейди Бухоро шаҳридаги “Китоб олами” масъулияти чекланган жамияти ходими Назира Мансурова. — Меҳмонхоналарга яқин ерда жойлашгани учун китоб дўконимизга чет эллик сайёҳлар жуда кўп киришади. Уларни бизнинг ҳозирги замон адибларимизнинг асарлари кўпроқ қизиқтиради, чет тилларда бундай китобларни тополмай афсусланиб чиқиб кетишади.

— Тошкентдан йўлга чиққан тезюрар поезд Бухорога 3,5 соатда, “Боинг” самолёти 50 дақиқада етиб келади, — дейди “Бухоротурист” МЧЖ “Гранд Бухоро” меҳмонхонаси бошқаруви раиси Аҳмад Ҳусаинов. — Аммо на поездда, на самолётда мамлакатимизда чоп этиладиган етакчи газета-журналларни кўрасиз. Самолёт мониторларида намойиш этиладиган бачкана кўрсатувлар ўрнига эса шаҳарларимиз ҳақида қанчадан-қанча маълумотлар берса бўлади.

— Сайёҳлар ўриндиқлар етишмаслигидан, айрим жойларда уларнинг умуман йўқлигидан, ҳожатхоналарнинг талабга жавоб бермаслигидан ёзғиришади, — дея ўз фикрини билдиради бухоролик Мирзо Ражабов. — Арзимасдек кўрингани билан ҳаётий эҳтиёждан келиб чиқадиган бундай омилларга ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим.

Хорижлик сайёҳлар нима дейди?

— Бухорога илк бор келишим, — дейди швейцариялик фотограф Йоган Сафоич. — Жуда ажойиб таассуротлар олдим, туризм хизмати яхши йўлга қўйилаётганига гувоҳ бўлдим. Меҳмонхонада хизмат турларини кўпайтириш керак. Транспорт хизматини ҳам ривожлантириш зарур.

Австралиялик ҳуқуқшунос Рос Цанеснинг айтишича, Бухоро шаҳрининг тарихийлиги, одамларнинг самимияти унда ёрқин таассурот қолдирган. У ҳар бир сайёҳга индивидуал ёндашув лозимлигини таъкидлайди.
Малайзиялик транспорт компанияси ходими Сухари бин Мезаки йўлларнинг аҳволидан қониқмаганини билдирса, Австралиянинг Мельбурн шаҳридан келган муҳандис-маслаҳатчи хизмат кўрсатиш марказларини кўпайтириш, катта йўллар ёқасидаги сервисни яхшилаш таклифини киритади.

Соҳа мутахассислари, хорижлик сайёҳлар, ҳамюртларимизнинг фикр-мулоҳазалари экскурсовод-гидлар, сайёҳлик йўналишини белгилашда музейлар ҳамда бошқа илмий муассасаларнинг аҳамияти сингари долзарб мавзулар доирасида ҳали кўплаб изланишлар олиб борилиши кераклигини кўрсатади. Ана шундагина Шарқ Венецияси — Бухоро ўз сайёҳлик салоҳиятини оламга тўлиқ намоён эта олиш имконига эга бўлади.

Шойим БЎТАЕВ, 
«Халқ сўзи» мухбири.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар