Бухорода “Tashkent City”дан ҳам каттароқ ҳудудда “Bukhara City” қурилади

14:32 10 Июль 2019 Иқтисодиёт
313 0

Азалдан маданият ва маърифат бешиги бўлиб келган Бухорои шарифда “Bukhara City”нинг барпо этилиши ҳақидаги хабар кўплаб юртдошларимиз қатори хориж фуқароларининг ҳам қизиқишига сабаб бўляпти. У шаҳарнинг қайси қисмида қурилади, қандай қулайликлар яратилади, деган саволлар туғилмоқда. Бу замонавий маскан қадимий шаҳар қиёфасига дахл етказмасмикан, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас. Вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботир Шаҳриёров мухбиримизга шу мавзуда қуйидагиларни сўзлаб берди. 

Дарҳақиқат, Бухоро азалдан илм-фан, маърифат, савдо ва ҳунармандчилик равнақ топган шаҳар сифатида дунё аҳлини ўзига мафтун этиб келган. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг сайёҳлар ва меҳмонлар энг кўп ташриф буюрадиган ҳудудларидан бири саналади. Масалан, кейинги икки йилда Бухорога келаётган сайёҳлар ва меҳмонлар оқими 2, 5-3 бараварга кўпайди. Ҳозирда ташқи сиёсатда очиқлик принципига амал қилиняпти. 46 та мамлакат аҳолисига юртимизда 30 кунгача визасиз бўлиши, 76 та давлат фуқаролари енгиллаштирилган тартибда электрон виза олиши, 101 та мамлакат аҳолиси учинчи давлатга боришда Ўзбекистонга 5 кунгача визасиз кириши учун имконият яратилди.

Ҳаёт эса туристлар учун зарур инфратузилмани янада ривожлантириш, замонавий меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, ресторанлар, банклар ва бошқа объектларни барпо этишни тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 8 июлдаги “Бухоро шаҳрида “Bukhara City” замонавий ишбилармонлик ва турар жойлар марказини барпо қилишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Унинг лойиҳасини тайёрлаш жараёнида кўплаб хорижий мамлакатлар тажрибаси, жумладан. Франция, Испания, Туркия, Россия, Озарбайжон каби давлатларнинг тарихий шаҳарлари инфратузилмаси, уларда амалга оширилган янги иншоотларни жойлаштириш усуллари атрофлича ўрганилди. ЮНЕСКО Умумжаҳон маданий мерос маркази талаблари ва халқаро шаҳарсозлик қоидаларини чуқур тушунадиган мутахассислар билан маслаҳатлашилди. Пировардида “Bukhara City”ни қуриш учун шаҳарнинг тарихий қисмига умуман таъсири бўлмаган жой танланди. У бу қисмдан салкам 6 километр узоқликдадир.

Мажмуа ҳукуматнинг биз юқорида номини тилга олган қарорига кўра, аҳоли турар – жойлари бўлмаган, 15 – 20 йилдан буён бўш турган, фаолияти самарасиз бўлган бир қатор саноат корхоналари жойлашган ҳудудда қурилади. У 83 гектарни ташкил этади. “Bukhara Сity” мажмуасининг бош режасини тузишда лойиҳа менежери сифатида, вилоят ҳокимлиги билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик принциплари асосида Туркиянинг “Studio Vertebra” компанияси ва қурилиш соҳаси ривожланган давлатларнинг лойиҳалаш компаниялари жалб қилинди.

Бу ҳудудда замонавий меҳмонхоналар, ресторанлар, театр, кинозаллар, офислар, банклар, бизнес марказлари, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, клиника, мактаб, мактабгача таълим муассасаси, спорт иншоотлари ва турар – жойлар барпо этилади. Лойиҳа рўёби учун 500 миллион АҚШ долларидан зиёд қийматда инвестиция жалб этилиши, бунинг эвазига ўн мингтадан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Яна бир гап. ”Буюк ипак йўли” чорраҳасида жойлашган, 2500 йилдан қадимроқ тарихга эга Бухоронинг ўрта асрларда шаклланган маданий қиëфасини ҳам асл ҳолида сақлаб қолишга жиддий аҳамият берилмоқда. Жумладан, ”Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти туристик салоҳиятини жадал ривожлантириш” дастурида шаҳарнинг эски қисмини ободонлаштириш, унинг қадимий қиёфаси ини сақлаб қолиш бўйича катта вазифалар белгиланган. Чунончи, айни пайтга қадар кўплаб меъморий обидалар таъмирланди, шаҳарнинг Арк қалъасидан Лабиҳовуз мажмуигача бўлган қисмида пиёдалар йўлаклари ҳудуди барпо этилди, тарихий аҳамиятга эга бўлмаган, афтодаҳол турар жойлар ўрнига бир-икки қаватли меҳмонхоналар, кафе ва ресторанлар, савдо-кўнгилочар муассасалари мажмуалари қурилмоқда. Туристик маршрутлар ўтадиган кўчалар таъмирланди. Қадимий ёдгорликлар чиройи тунда ҳам намоён бўлиши учун махсус чироқлар ўрнатилди. Бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилади.

“Халқ сўзи” мухбири Истам ИБРОҲИМОВ ёзиб олди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019