Бухорода суд раислари журналистларга ахборот берди

17:20 30 Июль 2019 Жамият
202 0

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди биносида “Суд ва ОАВ ходимлари учрашуви” бўлиб ўтди. Бунда суд раислари оммавий ахборот воситаси ходимларига ахборот берди. Бу гал журналистларнинг жараёнларни эркин ва очиқ ёзиб олиши, видеотасвирга тушириши учун ҳеч қандай тўсиқ ёки эътироз билдирилмади.

13 йиллик журналистик фаолиятим давомида суд идорасига илк бор жараённи ёзиб олишда фойдаланишим учун зарур бўлган техник воситалар билан бемалол кира олдим. Илгарилари суд тизимида ўтказилган оддий учрашувларда ҳам шаффофликнинг йўқлиги асабларни таранг қилар эди. Бугунги ўзгаришлар эса учинчи ва тўртинчи ҳокимият вакиллари ўртасида пайдо бўлаётган ишонч ва ҳамкорликдан дарак,-деди “Бухоронома” газетаси мухбири Наргиза Қувончева.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди раиси Қадирберган Яхшимуратов, Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси Азамат Икромов, вилоят Иқтисодий суди раиси Мақсуд Саидов, вилоят Маъмурий суд раиси Сухандиёр Рўзиев ҳамда туман, шаҳар вакилларидан иборат суд раислари ва суьялар билан ўтган учрашув энсани қотирадиган узундан-узоқ маърузалардан холи бўлди. Сураткашлар ҳам учрашувда иштирок этишдан мақсад - судьяларни эсдалик учун суратга олиш эмаслигини исботлашди.

Учрашувда суднинг маданияти, қарорлари, матбуот билан ҳамкорлик масалаларида камчилик ва муаммолар мавжудлигига эътибор қаратилди. Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди раиси Қадирберган Яхшимуратов очиқ ва ёпиқ судларнинг тартиби, талаблари, қоидаларига тўхталиб, тўпланган журналистларга қандай ҳолатларда судларда овоз ёзиб олиш, тасвирга олиш мумкин эмаслиги тўғрисида тушунча берди. Шунингдек, у судларнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги жамият манфаати йўлида хизмат қилишини таъкидлади ва сўнгра Жиноят ишлари бўйича вилоят суди фаолияти юзасидан ахборот берди.

Ўтган ҳисобот даврида 944 нафар шахсга нисбатан 724 та жиноят иши кўрилди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўриб тамомланган ишлар сони 218 тага ёки 23,1 фоизга, судланувчи шахслар сони эса 283 тага ёки 23 фоизга камайди. 516 та иш бўйича 713 нафар шахсга нисбатан жазо тайинланди. 206 нафар шахсга нисбатан 188 та жиноят иши ҳаракатдан тугатилди. 12 нафар шахсга нисбатан 7 та ишда жазо тайинламасдан ҳукм чиқарилди. 4 нафар шахсга нисбатан 4 та жиноят иши бўйича шартли ҳукм қилинди,-деди у ўз сўзида.

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят суди раиси Азамат Икромов ҳисобот даврида 5 минг 296 та фуқаролик иши кўрилганини маълум қилди. Бу рақам ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганда, 2352 тага камайган. Шунингдек, у суд тизими ошкоралиги, жамоатчилик назорати, хусусан, матбуот ҳамда оммавий ахборот воситалари билан судлар ҳамкорлиги кўп жиҳатдан боғлиқлиги ҳақида тўхталди. У суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар, суд қарорлари адолатли бўлиши учун кўрилаётган чора-тадбирлар, айниқса, суд мажлисларининг онлайн трансляцияси йўлга қўйилаётгани ва унинг аҳамияти тўғрисида тўхталди.

– Йилнинг олти ойида кўриб тамомланган 14 минг 341 шахсга нисбатан 11 минг 19 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар биринчи инстанцияда кўриш учун келиб тушган. Шулардан 12 минг 182 шахсга нисбатан 9 минг 482 та маъмурий ишлар судларда кўриб тамомланган, – деди Бухоро вилояти маъмурий суди раиси Сухандиёр Рўзиев.

Бухоро вилояти Иқтисодий суди раиси Мақсуд Саидовнинг ахборот беришича, жорий йилнинг олти ойида вилоят ва туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари томонидан 3070 та иш кўриб чиқилган, шундан 216 та суд буйруғи берилган. Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11 436 тага ёки 79,9 фоизга камайган. Кўриб чиқилган иқтисодий ишлар бўйича даъвогарлар фойдасига 294 миллиард 904 миллион сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган. Ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 81 та таъсир чоралари қўлланилган. Хусусан, 25 та маъмурий, 13 та моддий жавобгарликка тортиш ва 14 та интизомий жазо чораси қўллаш ҳақида, қонунбузарликларнинг олдини олиш юзасидан эса 16 та хусусий ажрим чиқарилган. Тадбиркорлик субъектларидан иқтисодий судларга электрон шаклда юборилган мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўпайиб, 639 тани ташкил этган.

Учрашувда суд раислари журналистларга бажарилган ишлар юзасидан ахборот беришдан ташқари, уларни қизиқтирган саволларга ҳам жавоб қайтаришди.

Судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини ошириш, шунингдек, суд жараёнларида журналистлар иштирокини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинган қарор ва фармонлар, қонунчиликдаги янгиликлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилди. Ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олинди.

Маълумот учун: 2019 йилнинг январь ойида Бухорода ўтган “Суд ва ОАВ ходимлари учрашувлари”да журналистларнинг техник воситалар билан иштирок этишига тақиқ қўйилган эди.

Лайло Ҳайитова


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019