Бухорода коронавирусга чалинган бемор мураккаб жарроҳлик операциясидан сўнг ҳаётга қайтди

16:21 05 Октябр 2020 Жамият
425 0

Бухоро шаҳрининг Пиридастгир кўчаси, 76-уйда истиқомат қилаётган Жамшид Рўзиев бир ойдан ошибдики, вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказида ётиб даволанмоқда. Ҳа, минг афсуски, СОVID-19 касаллиги уни ҳам четлаб ўтмади.

— Ўзим вилоят электр тармоқлари ҳудудий корхонасида кадрлар бўлимида ишлайман, – дейди коронавирус касаллиги билан курашиб келаётган 33 ёшли Жамшид. — Касб тақозосига кўра, ҳар тоифа одам билан мулоқотда бўламиз. Айнан қаерда ва кимдан бу касалликни юқтириб олганимни билмайман. Аммо уйимизда ота-онам, укам ҳам ўта хавфли бу касалликка чалиниб, даволаниб чиқдилар.

Бошқалардан фарқли ўлароқ, Жамшид Рўзиевда касаллик оғир кечди. Танасининг қақшаб оғриши, қаттиқ қуруқ йўтал, муттасил иситма ва кўкрак қафасининг чап томонидаги кучли оғриқ йигитни бутунлай ҳолдан тойдирганди. Икки томонлама пневмония ташхиси билан касалхонага ётқизилган беморнинг рентген ва бошқа таҳлиллари ҳам салбий чиққани сабабли интенсив муолажалар бошланди. Нафас етишмовчилиги боис йигирма кундан ортиқ алоҳида кислород узатувчи ускунага улаб қўйилди.

— Учинчи даражали нафас етишмовчилиги, гемопневмоторекс, яъни ўпка яллиғланишининг нисбатан оғир шакли билан қабул қилинган мазкур беморга интенсив даво муолажаларидан сўнг торокотсентез усулида, бошқача айтсак, ўпкасининг йирингли қон тўпланган чап бўлмаси бўшлиғига трубка қўйилди, – дейди диспансер даволовчи врачи Шуҳрат Бозоров. — Қон ва ҳавони чиқариш мақсадида қўйилган дренаж найча туфайли унинг қон босими бир ҳафтада меъёрига туширилди. Лекин бу ҳали касалликдан бутунлай халос бўлди дегани эмас эди. Балки аксинча, бемор йигитни жарроҳлик амалиётига тайёрлаш мақсадида яна бир карра компьютер томографиясидан ўтказиб, текшириб кўрилганида, колибрун, яъни ўпканинг чап томони қисилиши, плевраполос қавати қалинлашгани, тўқималар йирингли қонга тўлгани яққол кўринди.

Шундан сўнг зудлик билан консилиум чақирилиб, тор доирадаги малакали мутахассисларнинг ўзаро маслаҳатлашувидан сўнг кун сайин аҳволи оғирлашиб бораётган бемор ўпкасида жарроҳлик амалиётини ўтказишга қарор қилинди. Бир неча кунлик даво муолажаларидан кейин унинг организми сатурация кўрсаткичи 80 фоизга, қон босими 110га 70 даражага, юрак уриши — пульси эса дақиқасига 110 тага етказилгач, жарроҳлик амалиётига рухсат этилди.

— Операция муваффақиятли кечди, – дейди яна бир даволовчи врач-жарроҳ Шуҳрат Тўев. — Ўпканинг чап бўлмаси очилиб, бутунлай яроқсиз ҳолга келган қисмидан уч литрдан зиёд йирингли қуюқ қон, ўткир ҳидли ажратма олиб ташланди. Ҳозирда беморнинг аҳволи қониқарли даражада. Ўпканинг тиғ теккан ўрни кичик чандиқ бўлиб қолишини айтмаса, йигитнинг бошқалар қатори соғ-саломат ҳаёт кечиришига кафолат бор.

Дарҳақиқат, бирқадар оғир жарроҳликни бошидан кечирганига қарамасдан, Жамшид Рўзиевнинг умумий палатада бизни табассум билан қарши олгани ҳайратда қолдирди. Ахир, «ранг кўр, ҳол сўр» деб бежиз айтилмаган. Асосийси, бир ҳафта бурун ҳаётдан бутунлай умидини узиб, тушкунликка тушган йигитнинг ҳаётга ва яшашга бўлган завқини, кўзларидаги қувончни кўриб, ҳайратланмай бўладими?!

–Уч кундан кейин уйимга рухсат беришаркан, –дейди Жамшид самимий кулиб.

— Тез тиббий ёрдам машинасида, оғир ва деярли ҳушсиз аҳволда бу ерга келгандим. Мана, бугун мени оилам, яқинларим бағрига соғ-омон қайтаришаётгани учун кўнгли ҳам кийимидай оппоқ, қўли енгил нажот фаришталаримизга минг раҳмат дейман.

Шу ўринда бир мулоҳаза борки, юқоридаги жарроҳлик амалиёти бутун жаҳон халқлари қаторида юртдошларимизни жиддий ташвиш, хавотирга солган СОVID-19 касаллигига қарши эришилаётган илк дадил қадам, кичик муваффақиятлардан бири десак, муболаға эмас. Ҳолбуки, мураккаб операция четдан мутахассис иштирокисиз, ўзига ишонган бухоролик тиббиёт ходимлари томонидан муваффақиятли амалга оширилди. Қолаверса, бу ҳол яна бир карра барчамизни хавфли вирусга қарши якдил ва ҳамжиҳат курашишга, ҳушёр ва эҳтиёткорликка чорлаши лозим.

Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?