Бухорода йирик лойиҳа асосида бунёд этилган ноёб корхона банкротлик ёқасига келмоқда.Нега?

14:54 06 Ноябрь 2019 Жамият
245 0

Хорижий давлатларда чиқиндини қайта ишлаб тайёр маҳсулотга айлантирадиган корхоналар борлиги тўғрисида кўп эшитганмиз.Бир неча йил муқаддам бухоролик тадбиркорлар ҳам худди шундай лойиҳани рўёбга чиқариш саъй – ҳаракатига киришгандилар.Бу ўз натижасини берди.Когон туманидаги собиқ чорвачилик мажмуаси “Аҳолитранс” масъулияти чекланган жамиятига инвестиция киритиш шарти билан ноль қийматда ажратилди.Корхона тадбиркорлари Хитойдан замонавий саралаш ҳамда чиқиндиларни қайта ишлаш линияларини, шунингдек, зарур бошқа техника воситаларини харид қилишди.

Натижада вилоятда илк бор қаттиқ маиший чиқиндилардан иқтисодиёт тармоқлари учун керакли муқобил ёқилғи, брикет кўмир, иморатбоп блоклар, жами ўн турдан зиёд маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилди.

Лойиҳага “ноёб”, “жозибадор”, дея бемалол таъриф бериш мумкин.Бунга ишонч ҳосил қилиш учун унинг бир қиррасига назар ташлаш кифоя.Дейлик,чиқиндидан иккиламчи ёқилғи тайёрланмоқда.Ўз навбатида шу ёқилғидан фойдаланилган ҳолда брикет кўмир ишлаб чиқарилмоқда.Табиий газга зиғирча эҳтиёж қолмаяпти.

-Биз лойиҳани рўёбга чиқаришдан аввал вилоятда қанча қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлишини ҳисоб – китоб қилган ҳолда ишга киришган эдик, албатта,-дейди “Аҳолитранс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Феруз Рашидов.- Корхонамиз 8 соатда 400 тонна чиқиндини қайта ишлаш қувватига эга.Аммо кутилмаганда хом ашё тақчиллигига дуч келиб қолдик.

Бу ҳақда тўхталишдан аввал таъкидлаш жоизки, таъсисчилар ҳаракати билан тизимда иш кластер усулида йўлга қўйилган.”Махсусавтохўжалик” масъулияти чекланган жамияти чиқиндиларни тўплайди, “Аҳолитранс” эса уларни қайта ишлайди.

Ишнинг шу тариқа ташкил этилиши нафақат вилоят, балки республика ҳукумати даражасида қўллаб – қувватланди.Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнида алоҳида қайд этилганидек, республиканинг 12 та йирик шаҳрида давлат – хусусий шериклик асосида чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш ва уларни қайта ишлашнинг барча жараёнларини қамраб олувчи кластерлар ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек бораётганди.2018 йилнинг декабрига келиб бу ерда ишловчилар сони 800 нафарга етди.5 миллиард сўм маблағ эвазига жойларда ахлат йиғиладиган майдончалар барпо этилди.Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, ишчилар учун турар – жойлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш чора – тадбирларига киришилди.Аммо юқорида қайд этганимиздек, кутилмаганда хом ашё муаммоси юзага келди.

Гап шундаки, Когон ва Бухоро шаҳри ахлатхоналаридан қоғоз, елим идиш, темир парчаси каби чиқиндиларни саралаб олишнинг устаси бўлган “шоввозлар” кўпайди.Уларни қабул қиладиган цехлар ҳам.Биргина Бухоро шаҳрида шундай цехларнинг чамаси элликтаси бор.Бу тадбиркорлар, агар шуни ишбилармонлик деб билсак, чиқинди қоғоз, елим идиш ва ҳоказоларни қабул қилиб вилоят ташқарисидаги мижозларга сотишаяпти. Ваҳоланки, биз юқорида таъкидлаган йиғилиш баёнида чиқиндиларнинг бошқа вилоятларга олиб чиқилишига йўл қўймаслик зарурлиги айтилган.Қолаверса, бу цехлар фаолиятини назоратга оладиган механизм мавжуд эмас.Дейлик, қоғоз қабул қилиш учун лицензия олган тадбиркор елим идиш ҳам тўплаб сотиш билан шуғулланаяпти.

-Агар бир автомашина чиқиндини 100 фоиз деб олсак, шунинг 93 фоизидан иккиламчи маҳсулот чиқади,- дейди Феруз Рашидов.- Шу далилнинг ўзиёқ чиқиндини қайта ишлаш самараси жуда катталигини, инсон саломатлиги,атроф – муҳит тозалиги учун улкан аҳамиятга эгалигини кўрсатади.

Хом ашё тақчиллиги юзага келгач, корхона тўла қувват билан қандай ишласин?Шу боисдан ҳам 600 нафар кишига ўз ҳисобидан таътил берилди.Ҳозир бу ерда 300 нафар атрофида ишчи меҳнат қилаяпти, холос.

Бир муаммо иккинчисини етаклаб келади.Корхона йирик лойиҳани рўёбга чиқариш учун жами 67 миллиард сўм миқдорида кредит олган.Тўла қувват билан ишламаган корхона бу кредитни қандай “қопласин”?Қолаверса, молиявий муассаса томонидан кредит фоизининг 14 фоиз қилиб белгиланиши корхонанинг иқтисодий аҳволини яхшилашга хизмат қилаётгани йўқ.

-Вилоят ҳокимлигининг қўллаб – қувватлаши туфайли корхонамиз дуч келган муаммолар ечимига йўл изланмоқда,-дейди “Махсусавтохўжалик” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Алишер Назаров.- Ташкилотларга зарур топшириқлар берилаяпти. Бироқ корхонамизни банкротлик ёқасига олиб келаётган масалалар оз эмас.Масалан, қарздорликни олиб кўрайлик.2019 йил 1 январь ҳолатида аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича қарздорлик 2 279,5 миллион сўмни ташкил этган бўлса, бугунги кунда 5 550,3 миллион сўмга етди.Биз ўз назоратчиларимизни ҳам Мажбурий ижро бюроси ходимларига кўмаклашиш учун жалб этганмиз.Ҳар ой ўртача 65 – 70 фоиз миқдоридаги тушум назоратчиларимиз ҳиссасига тўғри келаяпти. Бироқ қарздорлик камаймаяпти.Бу ишчи – ходимларга маошни ўз вақтида бериш, кредит бўйича қарзларни тўлашда қийинчиликларни юзага келтирмоқда.

Яна бир гап.Президентимизнинг 2019 йил 17 апрелдаги “2019 – 2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича харажатлар чиқиндиларни ҳосил қилувчилар томонидан қопланишини кўзда тутувчи “ифлослантирувчи тўлайди” принципини жорий этиш ортга сурилиб келинмоқда. Бу вазифаҳали – ҳануз бизнинг зиммамизда.

-Лойиҳада биз чиқиндидан синтефон ишлаб чиқаришни ҳам кўзда тутганмиз,-дейди Феруз Рашидов. -Бу корхонанинг даромад манбаини сезиларли даражада оширган бўлур эди.АммоХитойнинг биз билан шартнома тузган ускуна етказиб берувчи компанияси бу ишни пайсалга солаяпти.

Юқоридагилардан кўринадики, яхши ниятлар билан кластер асосида иш бошлаган корхона муаммолар гирдобида. Зудлик билан ечими топилмаса, бу йирик ва камёб ижтимоий лойиҳа сувга тушган тошдек чўкиб кетиши, корхона банкрот бўлиб, юзлаб ишчилар ишсизлар сафини тўлдириши мумкин.

Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019