Бухорода “Ғиждувон кулолчилиги ва пазандалари” фестивали бўлиб ўтди

10:50 20 Май 2019 Жамият
325 0

Ғиждувон тумани марказидаги истироҳат боғида бўлиб ўтган “Ғиждувон кулолчилиги ва пазандалари” фестивали Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Бухоройи шарифда миллий, маданий ва маънавий қадриятларнинг улуғланаётганидан дарак эканлигини яна бир карра исботлади. Бу ҳақда Ғиждувон тумани ҳокими ўринбосари Шоназар Ғайбуллаев маълум қилди.

Ғиждувон туман ҳокимлиги, вилоят Маданият ишлари бошқармаси, вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти, “Ҳунарманд” уюшмаси ва бошқа қатор ташкилотлар ташаббуси билан ўтказилган ушбу фестивалда ҳунармандлару пазандалар, турли сайёҳлик фирмалари вакиллари ҳамда хорижлик меҳмонлар қатнашди.

- Тажрибали ва моҳир усталар меҳнати билан яратилган бетакрор санъат асарлари, кулолчилик кўргазма-ярмаркалари, шунингдек, ўтмиш усталари жило берган заргарлик, зардўзлик, каштачилик, кандакорлик буюмлари, ипак гиламлар намойишлари, халқимизнинг бой маданий мероси, анъаналарини ўзида акс эттирган фольклор жамоаларнинг чиқишлари фестиваль нуфузини янада оширди, дея оламан. Ғиждувон туманида илк бор ўтказилаётган миллий фестивалда тумандаги 75 та маҳалладан 222 нафар ҳунарманд ва 100дан ортиқ маҳоратли пазандалар иштирок этишди. Фестивални ўтказишдан асосий кўзланган мақсад – миллий қадриятларимизни тиклаш ва бойитишдан иборат эди. Биз мақсадга нечоғли эришдик, аммо мазкур фестиваль бу борадаги ишларнинг давоми сифатида боқий меросимиз ва анъаналаримизни келгуси авлодларга етказишда ўзига хос кўприк вазифасини ўтай олди,-деди Ғиждувон туман ҳокими Муроджон Умаров.

Фестивалда вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти ташаббуси билан хорижлик сайёҳлар ҳам ташриф буюрган.

Алэида Симон, Нидерландия:

- Ғиждувонга иккинчи бор келяпман. 2015 йилда халқаро Гран-при мукофоти совриндори Алишер Нарзуллаев хонадонида бўлганмиз. Бугун ушбу машҳур кулол билан яна бир карра учрашдик. (кулиб). Халқингизнинг меҳмондўстлиги, ҳунармандчиликка иштиёқи баландлиги бизни ҳайратда қолдирди. Қўл меҳнати билан ясалган бошқа турли ҳунармандчилик маҳсулотларигаям гап йўқ.

“Ғиждувон кулолчилиги ва пазандалари” фестивали доирасида ўтказилган пазандалар танловида “Армечан” маҳалласи пазандаларининг қўли баланд келган бўлса, халқободлик мусиқа асбоблари ясайдиган усталар ва оқгуллик бешиксозлар муносиб тақдирланган.

Тумандаги 12-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси “Беш ташаббус – беш имконият”да “Энг қимматли ғоя муаллифи” бўлган.

Ташкил этилган Меҳнат ярмаркасида 35 нафар ёшларнинг иш билан бандлиги таъминланиб, 96 нафар ёш ҳунармандлар “Ҳунарманд” уюшмаси сафини тўлдирган.

“Ғиждувон кулолчилиги ва пазандалари” фестивали жорий йилнинг 25-26 май кунлари Бухорода бўлиб ўтадиган XVIII-Халқаро “Ипак ва зираворлар” фестивалининг дебочаси сифатида ўтказилган.

Лайло Ҳайитова


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019