Бухорода дунё полвонлари беллашдилар

09:42 11 Июнь 2019 Спорт
503 0

Бухоро шаҳрида 8 -10 июнь кунлари кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Баҳоуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган халқаро турнир бўлиб ўтди. Соврин жамғармаси 70 минг АҚШ долларини ташкил этган мусобақада дунёнинг ўндан зиёд давлатидан келган жами 135 нафар полвон ғолиблик учун гиламга чиқди.

Маълумки, айни пайтда жаҳоннинг 130 дан зиёд давлатида кураш миллий федерациялари фаолият кўрсатмоқда. 2018 йилда Индонезияда бўлиб ўтган Осиё ўйинлари дастуридан курашнинг ҳам ўрин олгани унинг нуфузи ошиб бораётганини кўрсатади.

- Бизда 20 йилдирки, кураш федерацияси фаолият кўрсатмоқда, - дейди ҳиндистонлик мураббий Унвал Ёгеш. - Ушбу спорт тури жозибадорлиги, кишини руҳан тетик қилиши, саломатликни мустаҳкамлаши билан бизга маъқул. Шахсан ўзим ишонч ҳосил қилдим:курашда енгилган киши руҳан тушкунликка тушмайди. Аксинча ўз устида қаттиқ ишлашда давом этади.Қизиқиш ва иштиёқ менда кураш ҳақида ўз ватандошларим учун қўлланма яратишга ундади. Ҳинд тилидаги бу дарсликда мана, кўриб турганингиздек, “ҳалол”, “ёнбош”, “чала” каби иборалар бор. Энди бевосита ушбу турнирга тўхталадиган бўлсак, биз унга бажонидил қатнашиш истагини билдирдик. Делегациямиз 9 кишидан иборат. Дуруст натижаларга эришдик. Масалан, 63 килограмм вазн тоифасидаги қизлар баҳсида вакилимиз Шайх Суханабану Иқбал Ҳусаин кумуш медални қўлга киритди.

Айтиш жоизки, Бухорода илк бор ўтказилган бу турнир муросасиз баҳсларга бой бўлди. Мусобақанинг дастлабки кунида ҳамюртимиз Чори Зойиров (60 килограмм вазн тоифасида), Эрон терма жамоаси аъзоси Жаъфар Ферузободи (66 кг), икки вакилимиз – Шермуҳаммад Жандриев (90 кг), Эркин Дониёров (100 кг) шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарилдилар. 52 килограмм вазн тоифасидаги курашчи қизлар ўртасидаги ҳал қилувчи баҳс ҳамюртимиз Гулнор Сулаймонова ва Хитой Тайпейи вакиласи Соу Хеа Вен ўртасида кечди. Вакилимиз ишончли ғалабага эришди.

Турнирнинг иккинчи кунида ҳамюртларимиз Ўрол Содиқов (73 кг), Муҳсин Ҳисомиддинов (+100кг) олтин медални қўлга киритишди. Хусусан, 81 килограмм вазн тоифасидаги курашчилар баҳси ҳаяжонли кечди. Ҳал қилувчи баҳсда вакилимиз Сарвар Шомуродовга эронлик Тазтак Омит рўбарў келди. Сарвар чиройли усул қўллаган ҳолда муддатидан аввал ғалабага эришди. Қизлар баҳсида эса юртдошларимиз – Шаҳноза Бозорова (63кг) ва Покизахон Камолиддинова (78кг) ғолиб чиқишди.

Турнирда биринчи ўрин соҳибларига 3, иккинчи поғонани эгаллаган курашчиларга 2, учинчи ўринни банд этган курашчиларга эса 1 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пули берилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019