Бухорода бундан 32 йил аввал содир этилган қотиллик жинояти фош этилди

21:52 26 Октябр 2020 Жамият
1349 0

Иллюстратив фото

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади, дейишганича бор. Бухоро шаҳрида бундан 32 йил аввал содир этилган қотиллик жинояти фош этилди. Қандай қилиб, дейсизми? Бу саволга жавоб беришдан аввал ўтмишга, яъни 1988 йилнинг 5 октябрида шаҳарнинг Пабло Неруда кўчасидаги хонадонлардан бирида рўй берган мудҳиш воқеани эслашга тўғри келади.

Ўшанда Мансур (исм – шарифлар ўзгартирилган)нинг кутилмаганда кириб келиши уй бекаси Мадина Маъмурованинг ҳаловатини бузади. Баҳслашишади. Тортишишади. Даҳанаки жанг авжига чиқади. Ён беришни хаёлига ҳам келтирмаган Мансурнинг кўзлари қонга тўлади. Ғазабини босолмаган, куч – қувватга тўла 26 ёшли йигит пичоқни олади–да заифанинг қорин қисмига қайта-қайта санчади. Кейин эса унинг тилла буюмларини ўмариб, ҳеч кимга  сездирмай  уйдан чиқиб кетади.

Табиийки, аёлнинг шафқатсизларча ўлдирилиши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларни бефарқ қолдирмади. Суриштирув, қидирув ишлари олиб борилди. Турли тахминлар қилинди. Аммо қотилликни содир этган шахснинг изига тушишнинг имкони бўлмади. Жиноят иши очилмасдан қолаверди. Ойлар, йиллар дарёдек оқиб ўтди. Мудҳиш жиноят қўни-қўшниларнинг ёдидан ҳам кўтарилиб кетди. Лекин орадан 32 йил ўтгач, ҳақиқат юзага қалқиб чиқди. Қотил ким эканлиги аниқланди.

— Ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида тергов-тезкор гуруҳи томонидан номаълум шахсга тегишли бармоқ излари олинганлиги орадан 32 йил ўтиб ушбу жиноятни очишда қўл келди, —  дейди Бухоро вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи Шуҳрат Жалолов. — Ромитан туманида яшовчи, салкам 60 ёшда бўлган Мансурнинг қўл бармоқ излари сентябрь ойида вилоят ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлими томонидан СОНДА русумли автоматлаштирилган дактилоскопик идентификацион тизим орқали текширилди. Ўтказилган криминалистик тадқиқотлар ундаги бармоқ излари  қотиллик содир бўлган жойдан олинган излар билан айнан бир хил эканлигини кўрсатди. Шу тариқа замонавий технологиялар воситасида қотиллик содир этган шахс аниқланди.

Бухоро шаҳар  прокуратураси томонидан ушбу жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари қайта тикланди. Мансур билан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида у жиноятни содир этганлигига  тўлиқ иқрор бўлди. Қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирди. Бу орада у қасддан содир этган жиноятлари учун уч марта суднинг қора курсисига ўтиришга ҳам улгурган эди. Айни дамда бу жиноий иш юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ушбу қотиллик жинояти тафсилотига тўхталишимиздан хулоса шуки, ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолмайди. Жиноятга жазо муқаррар. Айтмоқчи, вилоятда бундан ташқари, аввалги йиллар содир этилиб очилмасдан қолган жами 94 ( ўтган йиллардан 54 та, жорий йилдан 40 та) жиноятнинг фош этилишига эришилди. Табиийки, бунда замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш, кадрлар малакаси муҳим роль ўйнади.

Истам ИБРОҲИМОВ, («Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?