Бухорода ароқхўр онасидан безган болалар ўзларини Меҳрибонлик уйига жойлаштиришларини сўраб, ички ишлар органларига мурожаат қилишди

19:06 17 Февраль 2019 Жамият
608 0

Бухоро шаҳридаги 21-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ака-ука Андрей Раҳматов ҳамда Александр Заимкин ароқхўр онаси Татьяна Заимкина устидан шикоят қилиб, ўзларини Меҳрибонлик уйига жойлаштиришларини сўраб, ички ишлар органларига мурожаат қилишди.

Бу ҳақда Бухоро шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқармаси 3-сон ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика катта инспектори, катта лейтенант Шаҳобиддин Раҳмонов маълум қилди.

Билдирилишича, Бухоро шаҳридаги 38-сонли “Пиридастгир” МФЙда яшовчи, 1982 йилда туғилган фуқаро Татьяна Заимкина опаси Анна Маллаева ҳамда акаси Николай Заимкин таъсирида узоқ йиллардан буён спиртли ичимликлар ичиб келади. Қўни-қўшнилар, мактаб ва маҳалла фаоллари, ички ишлар органлари ходимлари томонидан назорат ҳамда тартибот ишлари олиб борилишига қарамай, самара бермаган.

 

— Ака-ука Андрей ва Александр учинчи ҳамда тўртинчи синфда таҳсил олишади, — дейди 21-умумий ўрта таълим мактаби директори Роза Авдеева. — Вояга етмаган болалар оилада ўта оғир, қийин ва шароитсиз аҳволда яшашади. Шу боис мактабда ўзлаштиришлари паст. Мактабимиз жамоаси томонидан доимий кўмак берамиз. Овқатлантирамиз, кийинтирамиз, дарсликлару ўқув-қуроллари билан таъминлаймиз. Ақлли, эсли-ҳушли болалар. Аммо жуда одамови ва ҳуркак. Чунки носоғлом оила муҳити уларни руҳан чўктирган. Деярли ҳар куни оиласидан хабар оламиз. Афсуски, она ичкиликка ружу қўйиб бўлган. Уни йўлдан қайтара олмадик. Уринишларимиз зое кетди.

Ота-оналар, мактаб жамоаси, профилактика инспекторлари кўп йиллардан буён ака-укага ёрдам қўлини чўзиб келишган. Маҳалла аҳли ҳам бундай эзгуликдан четда турмаган, албатта.

— Энг ачинарлиси, болаларга олиб берилган қишки кийим-бошларни ҳам ароқхўр она сотиб, уларни юпун қолдирган, — дея сўзида давом этади Роза Авдеева.

Онасининг сурункали ичиши етмагандек, улар билан бир хонадонда яшаб келадиган тоғаси ҳамда холаси ҳам болалар тақдири билан қизиқишмаган.

— Ароқхўр онанинг айби ва эҳтиётсизлиги билан бир неча йил аввал уларнинг хонадонида катта ёнғин содир бўлди, — деди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳасан Асадов. — Икки хонали уй талафот кўрди. Ўшанда бу хонадонда Андрей ва Александрдан ташқари, 2 ёшли Лёша ҳамда 6 ёшли Афина ҳам улғаяётган эди. Ёш болаларнинг ҳаёти яна хавф остида қолиши мумкинлигини англаб, Васийлик ва ҳомийлик кенгаши ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда улар Меҳрибонлик уйига жойлаштирилган эди. Афсуски, айни пайтда бу икки нафар фарзандининг тақдири ҳам онани мутлақо қизиқтирмайди.

Ярим тунда ароқхўр онанинг калтаклашу хўрлашларидан безган норасида ака-укалар уйдан қочиб, ИИО ФМБ 3-сон ИИБ ҲПБга мурожаат қилишган.

— Жорий йилнинг 10 февраль куни болалар оиладаги носоғлом ҳаёт тарзидан қийналишаётганини, ўзларини Меҳрибонлик уйига жойлаштиришларини сўраб, мурожаат қилишди, — дейди Шаҳобиддин Раҳмонов. — Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, мазкур носоғлом оилада болалар фақатгина онаси — Татьяна Заимкина билан эмас, холаси Анна Маллаева ҳамда тоғаси Николай Заимкин билан ҳам бирга яшашади. Ушбу икки шахс суд қарорига асосан, вилоят Наркология диспансери алкоголизмни мажбурий даволаш муассасасида ётқизилган. Николай Заимкин эса турли жиноятлар содир этиб, бир неча бор жазони ўтаб қайтган. Айни пайтда маъмурий назоратда. Бундай оила муҳитида яшаш ҳар қандай ўсмир учун оғир. Болалар ўз яқин қариндошларининг ҳамда онасининг ғайриижтимоий ҳаракатлари таъсирида қолмаслик ва бундай муҳитдан халос бўлиш учун мурожаат қилишга мажбур бўлишган. Вояга етмаган ўсмирларнинг ижтимоий ҳимоя сўраб келишганини қаноатлантириш мақсадида амалий чора белгилашимизга тўғри келди. 11 февраль куни ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари иштирокида ёпиқ суд мажлиси ўтказилди. Болаларнинг онаси Татьяна Заимкина розилиги ҳамда аризасига кўра, ўғиллари Андрей Раҳматов ва Александр Заимкин Бухоро вилояти ИИБ ХРБ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.

Ушбу марказда бир неча кун ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган вояга етмаган ака-укалар билан суҳбатлашар эканмиз, улар бир неча кундан буён инспектор ходимлари қарамоғида носоғлом оиладан узоқда тинч ва хавотирсиз яшашаётганини билдиришди.

— Уйда ҳеч қачон тинчлик бўлмаган, онам бизни доим уради, калтаклайди, — дейди Андрей кўзига ёш олиб. — Бегона эркаклар уйга келганда совуқми, иссиқми, қарамай, ярим кечаси бўлса ҳам кўчага ҳайдайди. Онамга қўшилиб ичган холам ва тоғам ҳам мен ва укамни доимий бақириб, қўрқитишади. Улар билан яшашни истамаймиз!

 

Бухоро шаҳридаги 32-Меҳрибонлик уйида.

 

— Бу ерда мен маза қилиб чўмилдим, ширинликлар, турли егуликлар беришди, — хурсандлигидан илжайиб кулади Александр. — Яп-янги қишки кийим-бош ва кроссовкалар беришди. Кечқурунлари ётоғимизга кириб, ҳолимиздан хабар олишади. Келажакда мен ҳам инспектор бўлиб, болаларга меҳрибонлик қиламан.

Жорий йилнинг 15 февраль куни Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда ОАВ вакиллари саъй-ҳаракати билан Васийлик ва ҳомийлик кенгаши қарорига кўра, Андрей Раҳматов ҳамда Александр Заимкин Бухоро вилояти ИИБ ХРБ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказидан Бухоро шаҳридаги 32-Меҳрибонлик уйига ўтказилди.

Болалар шинам ва озода хоналарга жойлаштирилар экан, шароиту имкониятлардан мамнун эканликларини билдиришди. Улар таҳсилни Бухоро шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактабида давом эттиришади.

Маълумот ўрнида: айни пайтда Бухоро шаҳрида туғилган, вояга етмаган Андрей Раҳматов ва Александр Заимкин, шунингдек, онасининг лоқайдлиги ҳамда эътиборсизлиги туфайли бугунги кунда Болалар уйида тарбияланаётган 3 ёшли Лёша ва 7 ёшли Афинанинг тақдирига ҳам бефарқ қараган Татьяна Заимкинага нисбатан Бухоро шаҳар Васийлик ва ҳомийлик кенгаши томонидан оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича ҳужжатлар тўпланмоқда.

Лайло Ҳайитова.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019