Бухорода 600 тупдан ортиқ кўкнори етиштираётган шахс ушланди

15:29 04 Июнь 2018 Жамият
395 0

Мамлакатимизда гиёҳвандлик билан боғлиқ бир нечта жиноятлар аниқланди. Бу ҳақида Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати вакили хабар берди.

Хусусан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Денов туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Х.нинг хонадони белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, хонадон томорқасидаги 5 туп наша гиёҳванд ўсимлиги парваришланаётганлиги аниқланди. 

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида эса фуқаро Э.Й.нинг хонадонидан ҳам наркотик моддалар топилди. Хонадон эгаси 13.44 гр. оғирликдаги марихуанани девор орасида ғиштлар ортига яшириб қўйган экан. Шунингдек, ҳовлини кўздан кечириш давомида 6.97 гр. оғирликдаги марихуанна қуритиш учун ёйиб қўйилганлиги ҳамда томорқада эса ҳар бири 18 тупдан кўкнори ва наша ўсимликлари ўстирилаётанлиги ҳам фош бўлди.

Сирдарё вилоятида ҳам наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси бартараф этилди. Мирзаобод тумани ҳудудида “Нексия” русумидаги автомашинасида ҳаракатланаётган фуқаролар О.Х. ва Р.Қ. тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида, уларнинг чўнтакларидан 45.63 гр. оғирликдаги марихуана наркотик моддаси топилди.

Суриштирувлар давомида ушбу шахслар мазкур гиёҳванд ўсимликлар Ховос туманидаги овлоқ ҳудудда ёввойи тарзда ўсаётганини билдиришган. Шундан сўнг, ушбу ҳудуд кўздан кечирилганда, бу ерда 42 туп каннабис, яъни наша ўсимлиги борлиги аниқланди.

Бухоро вилояти Қоракўл туманида истиқомат қилувчи фуқаро Б.Д. эса бу борада рекорд ўрнатди дейиш мумкин. Вилоят божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ушбу шахснинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ердаги томорқа кўкноризорга айланиб улгургани маълум бўлди. 60-100 см.гача бўй бериб ўсган 604 туп кўкнори буталари аллақачон ҳосилга ҳам кирган экан.

Тезкор тадбирлар давомида гиёҳванд ўсимликларнинг барчаси илдизи билан суғуриб олинди ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар