Бухоро вилояти ҳокими сайёр қабулида бир қатор муаммолар ҳал қилинди

14:48 23 Май 2019 Жамият
216 0

Шофиркон туманидаги “Жасмина Ферангиз” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Наргиза Тойирова вилоят ҳокими Ўктам Барноев томонидан Ромитан туманида ўтказилган оммавий сайёр қабулдан мамнун ҳолда чиқди. Хўш, тадбиркор аёлнинг олис йўл босиб, сайёр қабулга келиши боиси нимада?

- Корхонамизда ҳозир 20 нафар киши меҳнат қилмоқда, -дейди саволимизга жавобан у. - Фаолиятимизни кенгайтириш ва “Бухоро минтақавий пахта терминали ишлаб чиқариш транспорт компанияси” масъулияти чекланган жамияти кўмагида 100 нафар хотин – қизга мўлжалланган тикув дастгоҳлари олиш ниятидаман. Шу масалада вилоятимиз ҳокимига ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Менга амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

Сайёр қабулда Наргиза Тойированинг қўй жунидан матрас ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам қўллаб – қувватланди. Изланувчан тадбиркор шундай буюмларни синов тариқасида ишлаб чиқариб, унинг бозори хорижда ҳам чаққонлигига ишонч ҳосил қилди. Қолаверса, воҳамиз қўй жунига сероб. Афсуски, у хом ашёлигича қолаяпти. Қадри йўқ. Яшириб нима қилдик, уни ахлатга ташлаш ҳолатлари ҳам мавжуд. Тадбиркор аёлнинг қўй жунини қайта ишлаб, экспортбоп маҳсулот тайёрлашга оид лойиҳаси шу нуқтаи назардан диққатга сазовор.

- Ромитаннинг Қуйи Миришкор қишлоғида яшайман, - дейди 80 ёшли отахон Негбой Худойбердиев. —Қишлоғимизда 200 дан зиёд хонадон бор. Аммо туман ва вилоят марказига бориш биз учун муаммо. Негаки, жамоат транспорти қатнамайди. Йўлнинг 1, 5 километри абгор аҳволда. Бу масалани 2013 йилда вилоят телевидениеси ўтказган “Очиқ мулоқот”да кўтариб чиққандик. Кейин вилоят ва туман миқёсидаги катта – кичик мутасаддиларга дардимизни айтдик. Аммо натижа йўқ. Вилоят ҳокими ўтказаётган бугунги қабулдан сўнг муаммо ечимини топади, деган ўйдамиз.

- Сайёр қабулга умид билан келгандик, ишонч билан қайтяпмиз, - дейди Ромитан туман марказида жойлашган А. Навоий маҳалласида яшовчи Зевар Комилова. - Кўчамиздаги хонадонлар учун ичимлик суви таъминоти сизга ёлғон, бизга чин, 70 йилдирки муаммо. Кўчамиз тунда ёритилмайди. Вилоятимиз ҳокими топшириғи билан бу масалалар бир ҳафта ичида ҳал этиладиган бўлди.

Меҳнат фахрийси Икром Муҳидовнинг Ромитан туман маркази Баҳор кўчасидаги канализация тизимини тартибга келтириш, йўлни таъмирлаш билан боғлиқ мурожаати бўйича ҳам амалий ишларга киришиш юзасидан топшириқ берилди. Муаммо икки кун ичида ҳал этилиши маълум қилинди.

Шу куни оммавий сайёр қабулга келган Давлат Нуриддинов, Назира Набиева, Темур Бозоров, Эрали Бобоев сингари кўплаб фуқароларни ташвишлантираётган масалалар ечими юзасидан ҳам мутасаддиларга топшириқлар берилди. Умуман, сайёр қабулда фуқаролар томонидан тадбиркорлик, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам кўрсатиш, ер майдони ажратиш, инфратузилмани яхшилаш каби масалаларга оид 400 дан зиёд мурожаат тушди. Уларнинг бир қисми шу ернинг ўзида ҳал этилди, қолганлари ўрганиладиган бўлди.

Тадбир доирасида эҳтиёжманд фуқароларга ногиронлик аравачалари топширилди. Бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Минитехнологиялар кўргазмаси уюштирилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019