Бухоро ва Гужарат ўртасидаги алоқаларнинг янги саҳифаси очилмоқда

16:45 21 Октябр 2019 Жамият
89 0

Бухоро вилояти ҳамда Ҳиндистоннинг Гужарат штати ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес форум ташкил этилди.Ёшлар марказида бўлиб ўтган тадбирда таркибида 40 нафардан зиёд ишбилармон бўлган ҳинд делегацияси аъзолари иштирок этдилар.

Форум очилиш маросимида сўз олган Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноевнинг таъкидлашича, 2500 йилдан кўпроқ бой тарихга эга, жаҳонда машҳур олиму уламолари боис Шарқ цивилизацияси бешикларидан бири ва Мусулмон оламида “Қуббатул-Ислом” номи билан машҳур азим Бухоро бугунги кунда ҳам бутун дунё мамлакатлари аҳолиси учун энг севимли масканлардан бири бўлиб келмоқда.

Албатта, Бухоро ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар илдизи ҳам олисга бориб тақалади. Бухоронинг улуғ фарзанди, тиббиёт илмининг султони Абу Али ибн Сино “Авиценна” номи билан Ҳиндистонда ҳам яхши танилган. Қолаверса, Бухоро ҳам қадимдан худди Гужарат штати сингари савдо ва тадбиркорликда етакчи ҳудуд саналган.Бугунги кунда Бухоро вилоятида 200 дан ортиқ хорижий корхоналар мавжуд.Ҳиндистонлик инвесторлар иштирокида 10 га яқин қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда.Шу ўринда бир мисол. Ҳиндистоннинг “Орион Групп” компанияси инвесторлари 10 миллион доллардан кўпроқ тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига замонавий меҳмонхона қуришни бошлашди.

Вилоят ҳокими ҳиндистонлик тадбиркорларга мурожаат қилар экан, уларни инвесторлар учун яратилган қулайликлар ва имтиёзлардан фойдаланиб, “Бухоро-агро” ва “Ғиждувон” эркин иқтисодий зоналарида ҳамда “Бухоро Сити” мажмуасида бизнес лойиҳаларни амалга оширишга чақирди.

-Бухоро ва Гужарат ўртасидаги алоқаларда янги саҳифа очилмоқда,- дея таъкидлади Ў. Барноев.

Тадбирда сўз олган Гужарат штати бош вазири Вижай Рамниклал Рупани ҳам Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо бериб, нефт – газ саноати, фармацевтика ва бошқа қатор соҳаларда алоқаларни янги босқичга кўтариш мақсадида эканликларини, форум тадбиркорлар ўртасидаги шерикчиликни, ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилажагини билдирди.Ҳунармандлар ўртасида тўғридан – тўғри алоқаларни йўлга қўйиш таклифини ўртага ташлади.

-Биз форум доирасида тўрт соат вақтни шу қадимий шаҳарда ўтказишни мўлжаллаганмиз,- деди жумладан Вижай Рамниклал Рупани кўҳна Бухоро ҳақида тўхталар экан.-Аммо Бухоронинг бой маданияти, осори атиқалари билан танишишга тўрт кун ҳам камлик қилади.

Форумда иккала ҳудуд иқтисодий салоҳиятига оид видеороликлар намойиш этилди.Ташкил этилган махсус павильонларда тадбиркорлар юзма – юз мулоқотга киришдилар.

-Биз сайёҳлик фаолияти билан шуғулланамиз,-дейди Гужарат штатидаги “SITC grupp” фирмаси раҳбари Нишад Шаҳ.- Бухоронинг бой туристик салоҳиятга эгалиги бу ердаги тадбиркорлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишимизга имкон беради.Бизни шаҳрингиздаги “Ойбек шифо” турфирмасининг таклифлари қизиқтириб қўйди.

Шу куни бухоролик ва ҳиндистонлик тадбиркорлар ўртасида бир қатор келишувларга эришилди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019