“Бухоро шаҳри куни” нишонланди

15:18 22 Октябр 2018 Жамият
1618 0

Сайёҳларни кўҳна ва навқиронлиги билан ҳамиша ўзига жалб этиб келган Бухоро бугунги кунда турфа байрамлар ўтказиладиган жозибали шаҳарга айланиб бормоқда. Бу ерда анъанавий ташкил этилаётган “Ипак ва зираворлар”, “Бухоро ҳунармандлари”, “Қовун сайли” каби турфа тадбирлар қаторига эндиликда яна бир анжуман қўшилди: 20 октябрь куни “Бухоро шаҳри куни” фестивали кўтаринкилик билан ўтказилди.

Иккинчи бор нишонланган ушбу байрамда кўплаб хорижий меҳмонлар ва сайёҳларни учратдик.

— Бу анжуманда иштирок этаётганимиздан жуда хурсандмиз, — дейди Россия Федерацияси Владимир шаҳри мэри Ольга Деева. — Ўтган йилда шаҳарларимиз ўртасида ўзаро ҳамкорлик битими тузилган эди. Бу иқтисодий, маданий соҳалардаги алоқаларимизни янги босқичга кўтариш имконини бермоқда. Фестивалга келсак, у халқингизнинг бой маданий мероси, урф-одатлари, анъаналарининг намойишига айланди.

— Ўзбекистонда илк бор бўлишим, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, германиялик сайёҳ Хейдя Шварц. — Омадимиз бор экан, сафаримиз “Бухоро шаҳри куни”га тўғри келди. Қадимий Бухоро менга жуда ёқди. Фольклор дасталарининг чиқишларини мириқиб томоша қилдим. Ҳунармандларнинг маҳорати мени лол қолдирди. Ўзим китоб савдоси билан шуғулланаман. Шу боисдан ўзбек ёшлари ўртасида китобхонлик кенг тарғиб қилинаётгани, фестиваль доирасида шу йўналишда махсус кўрик-танлов ўтказилаётганини эшитиб, мамнун бўлдим.

Фестиваль дастуридан ўнлаб тадбирлар, жумладан, “Мен Бухорони севаман!” шиори остида марафон, “Бухоронинг шоҳона таоми”, “Энг намунали кўча”, “Энг ибратли оила”, “Энг яхши меҳмонхона” кўрик-танловлари, ёш қаламкашларнинг ижодий баҳслари ўтказилди. Ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси уюштирилди. Концерт дастури намойиш этилди. Ғолиблар ва тадбирнинг фаол қатнашчилари ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?