Бугуннинг шиори: Хотиржамлик — биринчи душман! — Бугун матбуотда

14:22 17 Июль 2020 Жамият
243 0

Ҳозир мамлакатимизда 800 дан ортиқ ўқув маркази лицензияга эга, лекин уларнинг атиги тўртдан бири касбга ўргатади. Энди уларга давлат буюртмаси берилгандан сўнг рақобат янада кучаяди, кўпроқ касбга ўргатилади, қўшимча ишчи ўринлари яратилади…

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг Янги Ўзбекистон газетасида чоп этилган «Ҳар бир ўқувчи билан индивидуал ишланади» сарлавҳали материалида ана шундай янгиликлар билан танишишингиз мумкин. Муаллифнинг қайд этишича, сертификатга эга битирувчиларга иш берувчи корхоналар ҳам рағбатлантирилиб, ойлик маошга боғлиқ бўлган солиқлардан озод қилиш механизмини йўлга қўйиш ҳам режалаштириляпти. Бу иш берувчиларга ходимларни норасмий ишлатишдан кўра, сертификатга эга битирувчиларни расмий ишга олишига кўмак бўлади. Шу тарзда адолатли мониторинг тизими татбиқ этилади....

Халқ сўзигазетасида М. В. Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали раҳбари ўринбосари, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент А.Маманазаровнинг “Smart иқтисодиёт” ва таълим. Ўзбекистонда уни қандай уйғунлаштириш мумкин?” сарлавҳали мақоласи эълон қилинган. Унда ёзилишича, яқинда "Оokla" компаниясининг Speedtest.net ceрвиси коронавируснинг интернет глобал суръатига таъсирини эълон қилди. Унга кўра, июнь ойи иккинчи ярмида дунёда интернет тезлиги 2, глобал мобил интернет тезлиги эса 8 фоиз ўсган. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам мазкур кўрсаткичлар мос равищда 8 ва 16 фоизни ташкил этгани, мамлакатимизда охирги бир йилда бу борада ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани таъкидланди.

Жамият” газетасида нашрнинг Франциядаги жамоатчи мухбири Дониёр Рўзметовнинг «Ибн Сино, аввало, файласуф бўлган» сарлавҳали мақоласида урф-одат баҳона халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган тўйлардаги дабдабабозлик, ортиқча ҳашам каби иллатлар таҳлил қилинган бўлса, журналист Гулруҳ Мўминованинг «Маоши рўзғорига етмайдиган оилалар жуда кўп» деб номланган мақоласида юртимизда камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида мулоҳаза юритилган. Шунингдек, «Хотиржамлик — биринчи душман. Бугуннинг шиори шундай!», «Қалби хасталарни тузатиб бўлмайди», «Ажал рекламаси» каби мавзулар ўқувчини бефарқ қолдирмаслигига ишонамиз. 

“Қонун барча учун баробар. Бу баҳс талаб этмайдиган ҳақиқат, албатта. Айниқса, ҳозирги жиддий вазиятда карантин қоидаларига қатъий амал қилиш биринчи галдаги заруратлар қаторига киради, — деб бошланади Аdolat  газетасида эълон қилинган «Дахлсиз органга таҳдидни қандай баҳолаш мумкин» сарлавҳали мақола. — Зеро, пандемик карантин тақозосидан ўрнатилган тартибга риоя этиш бебаҳо саломатлигимизни сақлашга катта ҳиссадир. Буни ҳаммадан қаттиқ талаб қилиш, темир интизом ўрнатиш шарт, бунга шубҳа йўқ. Аммо карантин қоидалари ўз мустасноларига эгалиги ҳам сир эмас. Масалан, фаол ҳаракатланишга чеклов ўрнатилган айни паллада хизмат заруриятига қараб айрим тоифдаги автотранспорт воситаларига эркин ҳаракатланиш учун рухсат берилган. Суд идораларига тегишли автомашиналар ҳам шулар сирасига киради. Таассуфки, бундан айрим ҳокимлар, ИИБ ходимлари бехабар кўринади. Сурхондарё вилоятининг Жаркўрғон туманида содир бўлган воқеа бизни шундай хулоса чиқаришга мажбур этди...

Бу ҳаётда амалдаги тартиб-қоидаларга қатъий риоя этган ҳолда уй-жой қурган киши, ҳеч шубҳасиз, ўз меҳнатининг самарасини кўради, янги уйида оила аъзолари билан роҳат-фароғатда яшайди. Бошқача айтганда, ҳаётда қонунни яхши билган, унинг меъёрларига тўлиқ амал қилган киши ҳеч қачон янглишмайди. Бунинг акси — қонунни четлаб ўтишга уриниш, ўзганинг мулкини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳеч қачон беиз кетмайди.Куч — адолатда газетасида босилган «Бир ҳовли-жой низоси ёхуд қўлдан қўлга ўтган мулк можароси ҳақида» сарлавҳали материал айни шу мавзуга бағишланган. Шунингдек, нашр саҳифаларидан «Оила қўрғонига дарз кетмасин», «Маккора аёлнинг фириби ўзига қимматга тушди» номли материаллар ҳам жой олган.

“Oʼzbekiston bunyodkori”газетасида чоп этилган «Ҳарбий хизматчи ёнғинда одамлар ҳаётини сақлаб қолди» сарлавҳали материал эса қуйидаги жумлалар билан бошланади:

“ ...Ўша куни Қиргули мавзесида яшайдиган одамлар куппа-кундузи, халқ тилида айтганда эса «ёруғ бошида» бир эмас, икки инсон ҳаётини сақлаб қолган қаҳрамонни ўз кўзлари билан кўрди. У Голливуд фильмларидаги каби афсонавий кўринишга эга эмас. Унинг ёпинғич шаклидаги ажабтовур кийимлари ҳам йўқ. У ҳамма қатори инсон. Энг муҳими, унинг одамлар қувончу ташвишларини ўз кўнглидан ўтказа оладиган тоза қалби, юксак одамийлиги бор. Мана шу хислатлар Фарҳоджонни яна бир бор тўғри йўлга бошлади. Қалб амри машаққатлар ортидан уни яна бир бор кўнгил ҳаловатига етказди...”

“БМТ Хавфсизлик кенгаши пандемия ва коронавирусга қарши кураш чоралари даврида ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюцияни қабул қилди. Резолюциянинг асосий мақсади март ойида БМТ Бош котибининг ўт очишни зудлик билан тўхтатиш тўғрисидаги чақириғини қўллаб-қувватлашдан иборат, — дейилади Vatanparvar газетасида берилган «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти — муаммоларнинг дипломатик ечими» сарлавҳали материалда. — Франция ва Туниснинг бу ташаббус ортидан тайёрлаган лойиҳасини Хавфсизлик кенгаши апрелдан буён кўриб чиқаётганди. Дипломатларнинг сўзларига кўра, асосий келишмовчиликлар Хитой ва АҚШ делегациялари ўртасида юзага келган. Якунда Вашингтоннинг талаби билан резолюция матнидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг роли ҳақидаги эслатма чиқариб ташланди. Унда, шунингдек, инфекциянинг қайси мамлакатда келиб чиққани ҳам тилга олинмаган...”

Ўзбекистон адабиёти ва санъатигазетасидан Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири маслаҳатчиси Баҳодир Валиевнинг «Бердақ орзу қилган истиқбол», Ҳумоюн Акбаровнинг «Миллий боғнинг мангу чинорлари» ҳамда Қулман Очиловнинг «Давлат тили: амалий ишлар самараси» номли мақолалари ўрин олган. Шунингдек, нашрда «Олимнинг мақсади – кашф этиш», «Синовдаги синовлар хусусида» сарлавҳали материаллар ҳам берилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?