Бугунги ёшлар кечагига нисбатан янгича фикрлайдиган ва ташаббускор бўлиши лозим

18:23 27 Август 2020 Сиёсат
194 0

2020 йил 27 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси парламент қуйи палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан давра суҳбати ташкил этилди. «Эркин ва обод, фаровон ҳаёт қуриш йўлида бошлаган улкан ишларни давом эттиришга қодир бўлган янги авлод» мавзусида Видеоконференция тарзида ўтказилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раҳбари Б.Бекмуродов, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, бугун янги фикр, инновацион ғоя ва илғор ташаббуслар ҳар қандай мамлакатни ривожлантиришдаги муҳим омиллар ҳисобланади. Улар албатта, янгича фикрлайдиган ёшларда бўлади. Ана шундай авлодни тарбиялаш учун эса, давлат томонидан ҳаракат ҳам харажат ҳам бирдек ишга солинмоқда.

Ўтган йигирма тўққиз йиллик даврда мамлакатимиз шарафли истиқлол йўлини босиб ўтди. Бугун «Янги Ўзбекистон» ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда. Ҳар бир соҳада бўлгани каби ёшлар сиёсати, илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларида бўлаётган катта ўзгаришлар, туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда Давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар сиёсатига қаратилаётган эътибор, хусусан, «Ёшлар – келажагимиз», «Беш ташаббус» каби ижтимоий ривожланиш дастурлари ёшларни янгича фикрлаш ва ишлашга сафарбар этишда муҳим роль ўйнамоқда. Бу ўз навбатида юз минглаб, миллионлаб ёшларимизни ташаббускорликка чорламоқда.

Тадбир давомида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, жамиятда ёшларни сиёсий фаол қатламга айлантириш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини амалда бойитиш, ёшларни қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига жалб қилиш ва қабул қилинаётган қонунларни улар орасида кенг тарғиб қилиш Қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган «Ёшлар парламенти»нинг бош ғояси эканлиги ҳамда ушбу ғояни амалга оширишда унинг ҳар бир аъзоси ўз тенгдошлари олдида масъуллигини чуқур ҳис қилиши, бугунги ислоҳотларда пешқадам ва тенгдошларига намуна бўлиши алоҳида таъкидланди.

Давра суҳбати давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси, МДҲнинг «Энг яхши талаба 2020» ғолиби Балтабаева Наргиза, ёш фермер Ахмедов Равшан, ёш тадбиркор Сайдуллаев Сардор каби ёшлар сўз олиб тенгдошлари билан ўзларининг тажрибалари хусусида фикрларини баён қилдилар.

Қизғин савол-жавоб ва мунозара шаклида ўтган тадбир якунида ёшларнинг таълим-тарбияси, уларнинг иқтидорларини рўёбга чиқариш борасида амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?