Бугунги саъй-ҳаракатлар керакли пайтда етарли миқдорда обиҳаёт етказиб беришга қаратилган

09:10 07 Июнь 2018 Жамият
523 0

Шу йил 29 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида аксарият ҳудудларда сув танқислиги юзага келаётган бу йилги деҳқончилик мавсумида обиҳаётдан оқилона фойдаланиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Глобал иқлим ўзгариши оқибатида дунёнинг кўплаб давлатларида кузатилаётган сув танқислиги таъсири уммонлардан олисда жойлашган минтақамизда яққол сезилмоқда. Айниқса, бу йил мамлакатимизда қиш нисбатан қуруқ келгани, ёғингарчилик кам бўлгани вазиятни мураккаблаштираётгани бор гап. Бу эса суғорма деҳқончилик қилинадиган 4,3 миллион гектар майдонда мўлжалдаги ҳосилни етиштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун обиҳаётнинг ҳар қатрасидан тежаб-тергаб фойдаланишни тақозо этади.

Хўш, сув танқислигини юмшатиш учун қандай амалий чора-тадбирлар кўриляпти? Иқтисодиёт тармоқлари, хусусан, деҳқон ва фермер хўжаликларининг жорий мавсумда сувга бўлган эҳтиёжи қай тарзда қондирилади? Тақсимотда адолат тамойилларининг устуворлиги таъминланяптими? Умуман, мавсумни беталафот ўтказиш учун нималар қилмоқ керак?

Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги мутасаддиларига мурожаат қилдик.

— Мамлакатимиз аграр соҳаси ҳамда у билан боғлиқ тармоқларнинг ривожи бевосита сув хўжалиги билан чамбарчас боғлиқ, — дейди Сув хўжалиги вазири ўринбосари Равшан МАМУТОВ. — Чунки етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисми суғориладиган ерлардан олинади.

Шу боис давлатимиз томонидан сув хўжалиги ва сув ресурсларини барқарор бошқаришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан мазкур соҳада ягона сиёсатни амалга оширадиган янги вазирликнинг ташкил этилгани тизимда тўпланиб қолган муаммоларни бартараф қилиш, обиҳаётдан оқилона фойдаланиш мақсадида ташланган муҳим қадам бўлди.


— Айтинг-чи, сув хўжалигидаги бугунги реал аҳвол қандай? Мавжуд экин майдонлари, қолаверса, ғалладан бўшайдиган ерларнинг 680 минг гектарида жойлаштириладиган такрорий экинларни керакли миқдорда суғориш имконияти мавжудми?

— Аввало, шуни айтиш керакки, сув танқислиги фақат Ўзбекистонда эмас, бутун сайёрамизда кузатилаётган экологик муаммолардан бири ҳисобланади. Иқлим ўзгариши, ялпи исиш оқибатида сувга талаб ошгани сайин унинг манбалари тобора камайиб кетаётгани масаланинг нечоғли долзарб тус олганини кўрсатиб турибди. Айтайлик, янги аср бошларига қадар кам сувли мавсум ҳар 6 — 8 йилда бир марта кузатилган бўлса, охирги пайтларда бундай ҳолат 2 баробар тезлашиб, ҳар 3-4 йилда такрорланяпти. Бу йил шундай мураккаб, яъни нафақат сув хўжалиги объектларини ишлатиш ҳамда уларни бошқаришда фаолият юритаётган 43 минг нафар раҳбар-ходимлар ва мутахассислар, балки ризқ-рўзимиз бунёдкорлари бўлган минглаб омилкор фермерлар учун ҳам синовдир.

Аммо ортиқча хавотирга ўрин бўлмаслиги керак. Чунки бу масала ўрганилиб, тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Салбий оқибатларни юмшатиш бўйича тезкор чоралар олиб бориляпти. Адолатли сув тақсимотини йўлга қўйиш мақсадида 1100 дан ортиқ сувчилар штаблари тузилди. Сув таъминотида узилиш бўлмаслиги учун республикамизда мавжуд 180 минг километр суғориш тармоқлари, 800 дан ортиқ йирик гидротехника иншоотлари, 20 мингга яқин гидропост ҳамда сув тақсимлаш иншоотлари, умумий ҳажми 19,2 миллиард м3 бўлган 55 та сув омбори, йиллик электр энергиясининг умумий сарфи 8,2 миллиард кВт/соат бўлган 1668 та насос станцияси, 4069 та тик суғориш қудуғи фаолияти самарадорлиги оширилмоқда.

Қолаверса, кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги диверсификация қилиниб, кўп сув ичадиган пахта ва шоли майдонлари қисқартирилаётир. Масалан, жорий мавсумда шоли экиладиган майдонлар 162 минг гектардан 94 минг гектарга камайтирилган бўлса-да, сув таъминотида муаммо сезилмаган Сирдарё вилоятида 7,5 минг гектар ерни Хоразм вилояти фермерларига, Жиззах вилоятида 5,5 минг гектар ерни Қорақалпоғистон фермерларига такрорий экин сифатида шоли экиш учун бериш кўзда тутилган. Ўз навбатида, танқислик кутилаётган Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистонда мош, ловия сингари сувни кам талаб этадиган озуқабоп экинлар экиш мўлжалланмоқда.

— Табиат синовларидан муваффақиятли ўтиш кўп жиҳатдан омилкорликка боғлиқ. Шу маънода, мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, суғоришда тежамкор усулларни қўллаш борасида қандай ишлар амалга ошириляпти?

— Сув ресурсларининг 80 фоизидан ортиғи қўшни давлатлар ҳудудида шаклланадиган бизнинг шароитда суғоришнинг тежамкор усуллари, илғор технологияларни изчил татбиқ қилиш ҳар доим ҳам долзарб саналади. Бугунги кунда ўқариқлар ўрнига эгилувчан плёнка қувурларни ишлатиш, суғориш технологиясини тупроқ остидан қўллаш, эгатларга плёнка тўшаб, ёмғирлатиб, томчилатиб суғоришдан кенг фойдаланилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 21 июндаги “Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш ва молиялаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, янги технологияларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, шунингдек, Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредитлар ажратилаётгани, солиқ имтиёзлари татбиқ этилаётгани — буларнинг барчаси янги лойиҳалар ижросида рағбатлантирувчи омил бўлмоқда. Натижада ўтган даврда 22,6 минг гектардан ортиқ майдонда томчилатиб, 118 минг гектар майдонда эгилувчан қувурлар ёрдамида, 28 минг гектардан ортиқ майдонда эгатларга плёнка тўшаб суғориш усуллари жорий қилинди.

Кўплаб давлатларда оммалашган суғоришнинг бу каби инновацион ечимлари бу йилгидек сув танқис пайтда жуда асқатади. Масалан, томчилатиб суғориш, анъанавий усулларга қараганда, обиҳаёт сарфини 20 фоиздан 60 фоизгача тежайди. Бу меҳнат ҳамда моддий ресурсларни кам сарфлаб, кўп ҳосил олишга замин яратади, деганидир.

Гап шундаки, мазкур усул самараси ўлароқ, сув ўсимликка шланглар орқали етказиб берилгани туфайли тупроқ қотмайди. Шу боис ғўза қатор ораларини қайта-қайта культивация қилишга ҳожат қолмайди. Ўғит ҳам сув билан эритиб берилгани боис экинни озиқлантириш учун техника кучига эҳтиёж сезилмайди. Муҳими, эндиликда суғоришнинг замонавий тизимларини қўллаш деҳқонларга ортиқча қийинчиликлар туғдирмайди. Чунки бундан атиги 5-6 йил муқаддам зарур ускуна ва жиҳозлар тўлиқ хориждан келтирилган бўлса, айни пайтда сув насоси, ҳовуз-тиндиргич, ўғитловчи мослама, қувур ҳамда шланглар, хуллас, керакли жиҳозларнинг деярли барчаси ўзимизда ишлаб чиқариляпти. Шу боис сув тежайдиган технологиялар қўлланган майдонлар йил сайин кўпаймоқда. Жорий йилнинг ўзида 15 минг гектарда томчилатиб, 12 минг гектарда эгатга плёнка тўшаб, 36 минг 350 гектарда кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш жорий этилиши белгиланган. Бундай лойиҳалар, биринчи навбатда, сув танқислиги сезилаётган ҳудудларда амалга оширилаётгани диққатга сазовор.

— Сувдан мақсадли ва самарали фойдаланишда суғориш тармоқларининг ҳолати ҳам муҳим аҳамиятга эга. Демоқчимизки, мавжуд гидротехника иншоотларини модернизациялаш ишларининг бугунги аҳволи талаб даражасидами?

— Дарҳақиқат, кафолатли сув таъминотини ташкил қилиш суғориш тармоқларининг техник ҳолати қанчалик яхшилигига боғлиқ. Шу боис йилига ўртача 5 минг километр узунликда каналлар, 100 минг километрдан зиёд ички суғориш тармоқлари, 10 мингга яқин гидротехника иншоотлари, 3 мингта насос агрегати, суғориш қудуқларида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Сўнгги 15 йил давомида эса 1,5 минг километрдан ортиқ каналлар, 211 километр лоток тармоқлари, 400 та йирик гидротехника иншооти, 20 дан ортиқ насос станцияларида реконструкция ва модернизация ишлари бажарилди. Бундай тадбирлар натижасида каналларнинг фойдали иш коэффициенти 20 фоизгача ошишига эришилмоқда.

Шу билан бирга, ҳар бир истеъмолчининг сув олиш жойлари ўлчов воситалари билан жиҳозланиши, етказиб берувчи билан истеъмолчи ўртасида ажратилган лимит доирасида тузилган шартнома юритилиши ҳамда унинг ижроси таъминланиши сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада оширди. Буни мамлакатимизда умумий сув истеъмоли ҳажми истиқлолдан аввалги йилдагига нисбатан 20 фоиз камайгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, илгари бир гектар суғориладиган майдонда деҳқончилик қилиш учун 18 минг куб метр сув сарфланган бўлса, бугунги кунга келиб, бу кўрсаткич 10,5 минг куб метрни ташкил этяпти. Бу 42 фоиздан кўпроқ обиҳаёт иқтисод қилинаётганидан далолатдир.

— Турган гапки, модернизациялаш ишлари катта маблағ талаб этади. Бундай лойиҳаларни молиялаштириш учун чет эл инвестициялари ҳам жалб қилиняптими?

— Албатта, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун ички ресурслардан ташқари, чет эл инвестицияларини жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Саудия ривожланиш фонди, ОПЕК фонди, Кувайт фонди, Хитой Халқ Республикаси Эксимбанки каби йирик молия институтлари, шунингдек, Япония, Швейцария, Германия ва бошқа давлатларнинг Халқаро ҳамкорлик ташкилотлари ҳамда агентликлари каби донорлар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилгани бунда қўл келяпти. Натижада сўнгги 10 йил мобайнида соҳага умумий қиймати қарийб 1,5 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган инвестиция маблағлари жалб қилинди.

Жумладан, Ислом тараққиёт банки билан имзоланган келишувга асосан, Хоразм вилоятидаги “Тошсоқа тизимини реконструкция қилиш”, Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан “Аму-Бухоро машина каналини реконструкция қилиш” лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ўтган йилдан бошлаб эса Жаҳон банки иштирокидаги “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси ҳамда Ислом тараққиёт банки иштирокида “Сурхондарё вилоятида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш (Ҳазарбоғ-Оққапчиғай каналлар тизимини реконструкция қилиш)” лойиҳаси ижросига киришилди.

Аҳамиятлиси, мазкур лойиҳалар республикамизнинг барча ҳудудини қамраб олиб, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалиги иншоотларини модернизациялаш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

— Маълумки, яқинда сув хўжалиги тизимини тубдан ислоҳ этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Ушбу ҳужжат сув танқислигини бартараф қилишда қандай роль ўйнайди?

— Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, мамлакатимиз сув хўжалиги тизимининг келгусидаги вазифалари, соҳани ривожлантириш бўйича истиқболли йўналишлар аниқ белгилаб берилди. Мазкур қарор билан сув хўжалиги тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Унда дастлабки йилнинг ўзида жами 40 дан ортиқ тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Сув ва сувдан фойдаланишга доир қонун ҳамда меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш кўламини кенгайтириш ва уни рағбатлантириш, сувдан фойдаланишни режалаштириш, сувни бошқариш ҳамда унинг ҳисоб-китобини юритиш тизимини мукаммаллаштириш, суғориладиган майдонларнинг сув таъминотини ошириш мақсадида янги сув омборларни ва бошқа йирик гидротехника иншоотларини қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш каби муҳим вазифалар ана шулар жумласидан.

Дарвоқе, сув омборлари ҳақида гап кетганда, ушбу жабҳадаги янги йўналиш — юртимизда сел сувларини тўплаб, деҳқончиликда фойдаланиш мақсадида 20 га яқин сел сув омборлари бунёд этилиши кўзда тутилганини алоҳида таъкидлашни истардим. Бу нафақат талафотларнинг олдини олиш, балки бу йилгидек об-ҳаво шароитида сув тақчиллигини юмшатишда қўл келади.

Умуман олганда, “Йўл харитаси” 10 та асосий бўлимдан иборат бўлиб, у мазмун-моҳиятига кўра, сув хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш орқали ҳар хил об-ҳаво, хусусан, кутилмаган экстремал шароитда ҳам республикамиз иқтисодиёти тармоқлари эҳтиёжига яраша сув захирасини яратиш, деҳқон, фермер ва томорқачиларга керакли пайтда етарли миқдорда обиҳаёт етказиб беришдек эзгу мақсадга эришишга қаратилган. Зотан, сув — тириклик манбаи. Усиз Ер юзида на бир гиёҳ битади, на инсон жон сақлай олади. У бор жойда ҳаёт бардавом бўлиб, фаровонлик, тинчлик-осойишталик ҳукм суради. Бу бебаҳо неъматни қадрлаган, исрофига йўл қўймаган, тежаб-тергаб фойдаланган халқ эса ҳеч қачон унга зориқмайди.

Мамлакатимиз сув хўжалигидаги бугунги ҳаётий ислоҳотлар, сув танқислигини бартараф этиш, вазиятни юмшатиш бўйича кўрилаётган амалий чора-тадбирлар жорий йилги қишлоқ хўжалиги мавсумини ҳам кўнгилдагидек ўтказиш, барча экиндан мўл ҳосил олишга мустаҳкам пойдевор яратади, албатта.

«Халқ сўзи» мухбири
Саид РАҲМОНОВ суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар