Бугунги давр кишиларни нафс қулларига айлантириш учун бор найрангларини ишга солаётган давр сифатида тарихда қолади — А.Қодиров

14:37 03 Сентябр 2020 Сиёсат
440 0

Инсоният пайдо бўлибдики, миллий қадриятлар, миллий тил ва албатта Ватан мустақиллиги учун курашлар тўхтагани йўқ.

Ўзбекистон ҳам ўз мустақиллиги учун узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтди. Бу йўлда минг-минглаб қурбонликлар ҳам берилди. Шунинг учун ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномасида маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганиш, улар қолдирган маънавий бойликни фаол тарғиб этиш орқали халқимиз, айниқса, ёш авлод вакилларига бугунги тинч ва эркин ҳаёт қадрини кўрсатиш кераклиги таъкидланиб, «Биз мана шу ёруғ кунлар учун курашиб, жон фидо этган ота-боболаримизнинг ҳаққи-ҳурмати, 33 миллионлик халқимизнинг ҳаққи-ҳурмати, бизга умид ва ишонч кўзи билан боқиб турган болаларимиз, набираларимизнинг ҳаққи-ҳурмати, мустақиллик ва истиқлол йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз!» деган даъват янграган эди.

Давлатимиз раҳбари жонажон юртимиз мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда эса яна бир бор тарих ва ва тарихий ҳақиқатга мурожаат қилиб, «Ҳар қандай мустақил давлат мустаҳкам маънавий пойдеворга эга бўлгандагина юксак тараққиётга эриша олади», деган қатъий фикр билдирди.

Шуни қайд этиш жоизки, бугунги давр кишиларни нафс қулларига айлантириш учун бор найрангларини ишга солаётган давр сифатида тарихда қолади. Бунга шубҳа йўқ. Чунки инсонни фикрламаслик, ўз қадриятларини қадрламаслик ҳамда ватан туйғусидан воз кечишга ундаш, маънавият, мустақиллик, озодлик сингари сўзлар қадрини ерга уришга уринишлар айнан шу кунларда содир бўляпти. Энг ёмони, қадриятлар устидан кулиш, уларни қандайдир баландпарвоз ва кераксиз тушунчалар сифатида қабул қилишга қаратилган ҳаракатлар тизимли тарзда оммавийлаштирилиб, инсоннинг нафсини қондириш, уни хоҳлаган орзусига эриша олиши, ҳар қандай номаъқулчиликлар билан машғул бўлиши ва сунъий маданиятни шакллантирилиши «эркинлик» тушунчаси билан боғлиқ, дея омма онгига сингдириляпти. Аммо ҳаёт ҳақиқати ўз қадриятларининг қадрига етган миллатларгина инсониятни қутқариб қолувчи бир куч сифатида шаклланиши мумкинлигини кўрсатди. Хусусан, кейинги йилларда юртимизда кечаётган туб бурилишлар асносида халқимизнинг ўз қадриятлари, тили, дини, миллий анъана ва урф одатлари учун курашаётгани юз йиллардан кейинги тақдиримиз қандай кечишидан далолат беряпти.

Зеро, дунё тажрибаси ўз қадриятларига таянган давлатларгина тараққиётнинг локомотивларига айланаётганини, аксинча, маданияти, тили, урф-одатларидан айрилган халқлар эса илдизидан айрилган дарахтлар мисоли ҳаётнинг енгил шамоллари таъсирида ўзлигидан айрилаётганини кўрсатмоқда. Шу маънода давлатимиз раҳбарининг нутқи ҳар бир Ўзбекистон фуқаросини ана шундай асоратлардан огоҳ этган, ниҳоятда долзарб масалаларни қамраб олган том маънодаги тарихий нутқ бўлди.

Мустақиллик шундай неъматки, у бир марта қўлга киритилади, аммо қиёматгача ҳимоя қилинади. Бу гапни ҳар қанча такрорласак арзийди. Аммо бу неъматни илм-маърифатли, фидойи, ватанига ва халқига содиқ бўлган авлод илм ва тафаккур, шараф ва ғурур билангина ҳимоя қила олиш мумкин.

Юртбошимиз маърузасида таълим ва тарбия масаласига бирламчи эътибор қаратилгани, бу миллат учун ҳаёт-мамот масаласига айланиши лозимлиги таъкидланганидан эса энг аввало, биз Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси аъзолари зиммамиздаги масъулиятни янада чукурроқ ҳис этдик.

Алишер ҚОДИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик

партияси Марказий кенгаши раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?