Жаҳон озон қатлами: ушбу биологик қалқон ҳимояга муҳтож

10:01 14 Сентябр 2020 Жамият
642 0

Атмосферанинг озон қатлами қуёшнинг ультрабинафша нурларини ушлаб қоладиган қалқон ҳисобланади. Афсуски, сайёрамизда табиий мувозанат бузилиши натижасида озон қатламининг емирилиши билан боғлиқ экологик хавф пайдо бўлди. Бу эса келажакда иқлимнинг башорат қилиб бўлмайдиган ўзгаришларига, яъни инсон организми иммун тизимининг заифлашишига, онкологик касалликлар сонининг ошишига, ўсимликларнинг секин ўсишига олиб келиши мумкин.

Олимларнинг тадқиқотларига кўра, озон қатламининг емирилишига совитиш техникалари, ёнғин ўчириш воситалари, таркибида галогенлар (хлор, фтор ва бром) бўлган кимёвий моддаларнинг саноат ва қурилиш соҳасида кенг қўлланилиши асосий сабаб саналади.

Экологик хавфнинг олдини олиш мақсадида 1985 йилда дунёнинг 147 мамлакати иштирокида Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси қабул қилинди. Орадан икки йил ўтгач, 1987 йилнинг 16 сентябрида озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал протоколи имзоланди. Шу кундан эътиборан ушбу сана озон қатламини ҳимоя қилиш халқаро куни сифатида нишонланади.

Озон — (юнончадан озон – анқийдиган) озон молекулалари(О3)дан ҳосил бўлган, ҳар бири кислороднинг учта атомларидан иборат газ.

Гарчи, ҳозирда атмосфера ҳавосидаги озон жуда оз қисмни ташкил этса – да, унинг аҳамияти бениҳоя каттадир. У оқсил ва нуклеинли кислоталарни емирувчи қатъий ультрабинафша нурланишни ушлаб қолади. Таъкидлаш лозимки, стратосфера озони – об- ҳавонинг қисқа муддатли ва локал ўзгаришларини белгилайдиган муҳим иқлимий омилдир. Қуёш нурланишини юта туриб ва энергияни бошқа газларга узата туриб, озон стратосферани иситади ва бу билан бутун атмосферада сайёравий иссиқлик ва циркуляр жараёнларнинг хусусиятларини тартибга солади. Озоннинг ўзгарувчан молекулалари табиий шароитларда, жонли ва жонсиз табиатнинг турли омиллари таъсирида ҳосил бўлади ва парчаланади, узоқ тадрижий ривожланиш давомида ушбу жараён бирмунча динамик мувозанатга келди.

Озон қатламини олимлар «биологик қалқон» деб ҳам атайдилар.Таассуфки, бу қалқоннинг емирилишига инсон омили катта роль ўйнаяпти.

Космик парвозлар, реактив самолётлар парвози, автомобиллар ва бошқа манбалардан чиқаётган газлар, айниқса, совитиш тизимларидаги фреон гази бу қатлам ҳолатига акс таъсир кўрсатмоқда.

Кейинги йилларда юртимиз аҳолиси, айниқса, ёшларга экологик билим бериш борасида кўпгина ижобий ишлар қилинмоқда.Ўрта ва олий ўқув юртларида талабаларга экология фани бўйича билим берилмоқда. Бундан ташқари, газета ва журналлар, радио телевизорлар орқали экологиянинг долзарб масалаларига оид, мақолалар бериляпти, кўрсатувлар уюштириляпти. Шунга қарамай, биз ёш авлодга қониқарли даражада экологик тарбия беряпмиз деб айта олмаймиз. Хусусан, соҳа учун кадрлар тайёрлаш борасида қилинадиган ишлар кўп. Тўғри,мустақиллик шарофати билан маҳаллий олимлар, соҳа мутахассислари янги дарсликлар, ўқув қўлланмалари яратишди. Бу дарсликларда республикамиз иқлимий шароитлари, унда мавжуд ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси, учраб турган экологик муаммолар ўз аксини топган. Улар ёшларга экологик тарбия беришда яқиндан кўмакчи бўлиши мумкин.

Мутахассислар малакасини ошириш борасида эса айрим хорижий мамлакатларнинг тажрибаларини намуна тариқасида ўргансак фойдадан холи эмас. Масалан,Германиядаги табиати гўзал масканларда махсус экологик тарбия бериш жойлари ташкил этилган. Уларда ёз ойларида мутахассис ўқитувчилар экология бўйича ўз малакаларини оширадилар, мактабга қайтгач ,олган билимларини,тажрибаларини амалда қўллайдилар. Зеро, болаларни табиатга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш шунчаки бир эрмак учун қилинадиган иш эмас. Бу давлат аҳамиятига эга долзарб масаладир. Биз соғлом, меҳнатсевар, дунёқараши кенг ёшларни тарбиялаб, вояга етказсакгина келажагимиз нурли бўлади.

Шу ўринда республикамиз, жумладан, Бухоро вилоятида ҳам атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида бир талай ишлар амалга оширилганини таъкидламоқчимиз. Вилоят ҳудудидаги бир қанча корхона ва ташкилотларга замонавий усулдаги чанг-газ тозалаш қурилмалари ўрнатилди. Шунингдек, "Тоза ҳаво"  тадбири доирасида 20 мингдан ортиқ автотранспорт воситаси кўрикдан ўтказилди. 1200та автотранспорт воситаси меъёридан ошиқ СО2 ажратаётганлиги аниқланди ва жойида созланди. Натижада атмосфера ҳавосига 1.1 тонна зарарли ташланмалар чиқиши олди олинди. Бу тадбир доимий тарзда ўтказилмоқда. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 ноябрдаги «Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришни ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида»ги 247-сонли қарорига асосан вилоятда бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

Атмосфера ҳавосини мусаффолигини сақлаш учун, авваламбор, барча инсонларга экологик таълим-тарбия берилишини йўлга қўйиш, корхоналарда экологик жиҳатдан соғлом технология яратиш, транспорт воситаларининг чиқиндисиз ишлашини таъминлаш, ойида бир маротаба бўлса-да, «автомобилсиз кунни»ташкил қилиш, совитиш техникалари ва ёнғин ўчириш воситаларидан ҳавога чиқариладиган галогенларни атмосферани яъни озон қатламини сийраклашмаслигига олиб келмайдиган элементлар билан алмаштириш чора- тадбирларини кўриш, шаҳар ва қишлоқ кўчаларида, корхоналар атрофларида яшил иқтисодиётни яъни кўкаламзорлаштиришни янада кучайтириш лозим.

Садоқат СИДДИҚОВА,
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?