Бугун соат 11: 15 да кунчиқардан кунботарга саёҳатга чиққан йигитнинг қарори нега ўзгарди?

17:31 07 Август 2019 Жамият
765 0

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Кеча хабар берганимиздек, Ватанимизнинг шарқдаги энг чекка шаҳри Хонободдан ғарбий сарҳадимиздаги сўнгги манзилларимиздан бири - Мўйноқ сари яёв саёҳат қилаётган Соҳиб Раджабов айни вақтда Сирдарё вилояти ҳудудида ҳаракатланмоқда.

Айтганимиздек, у саёҳат бошидан буён кунига 35 -40 километр йўл босишни кундалик меъёр сифатида белгилаб олган ва шунга қатъий амал қилиб келаётган эди. Бугун эса ушбу қарорини ўзгартирди.

Саёҳатчи ўтган тунда Мирзаобод туманидаги йўл устида жойлашган қовун бозорида тўхтади. Қовунчилар билан гурунг ва дам олишдан сўнг соат 11 дан 15 минут ўтганида йўлга тушди.Ва энди у24 соат давомида бирон жойда бир зум ҳам тўхтамай юришни ўз олдига қатъий мақсад қилиб қўйди. Соҳиб бу ҳақда бизга телефон орқали маълум қилди.

“Бир кеча-кундуз тўхтамай юриш бўйича рекордлар одатда стадионларда, текис, равон спорт майдонларида ўрнатилган. Меники эса ундай эмас,тупроқли, шағалли, нотекис ва албатта, тунда ёритилмаган йўллардир.Қолаверса, ҳозир босиб ўтилаётган йўналишда аҳоли пунктлари ҳам сийрак. Мақсадим ана шундай экстремал шароитда жаҳон рекордини ўрнатиш. Билишимча, ҳали бундай юриш бўйича бирон бир уриниш ёки натижа қайд этилмаган” деяр экан, саёҳатчи юртдошимиз қўшиб қўйди: “Ёзадиган хабарингизга мен билан суҳбатлашмоқчи, суратга тушишни истаб рўпарамдан чиқадиган мухлисларимга тўхтамаганлигимдан хафа бўлмаслиги учун ушбу мақсадимни киритсангиз”. Шу ўринда ўқувчиларда саёҳатчининг дам олмай юраётганлигини қаердан билса бўлади деган савол туғилмаслиги учун айтиш лозимки, Соҳиб ўз ҳаракатини GPS навигатор орқали телеграмм каналида онлайн тарзда акс эттириб бормоқда.

Яна бир савол пайдо бўлиши мумкин, яъни у ҳақиқатдан ҳам Хонободдан фақат пиёда, бирон марта ҳам авто ёки бошқа уловга минмай келаяптими? Ўйлаймизки,бу саволга ҳамкасбларимиздан бирининг бизга билдирган мана бу гаплари аниқ жавоб бўлади: “Гулистон шаҳри Соҳиб Раджабовнинг йўналишида йўқ экан. Сирдарёдаги биринчи куни вилоят марказидан бор-йўғи 20 километр нарида тунади. Унга юринг, машинада Гулистонни томоша қилдириб келайлик, деб таклиф билдирдик. Аммо Соҳибжон “Раҳмат, мени тўғри тушунинглар, саёҳатим давомида фақат пиёда ҳаракатланаман деб олдимга қатъий мақсад қўйганман. Саёҳатдан сўнг Гулистонга албатта келаман” деди”.

Шу аснода яна бир,назаримизда ҳаммани қизиқтирадиган савол ҳаёлимдан ўтди.Ва ушбу мақолани ёзишни тўхтатиб Соҳибга қўнғироқ қилдим.

-Соҳибжон, узр, безовта қилганим учун, саёҳат лойиҳангизда бирон моддий манфаат ёки пиар борми? Савол ноқулай бўлган бўлса, олдиндан узр сўрайман.

Телефондан ҳаракатдаги кишининг овози келди:

-Бу менинг 30 ёшга тўлганимда амалга ошираман деган шахсий лойиҳам ва болаликдаги орзуим. Ундан ҳеч қандай манфаатдорликни кўзлаганим йўқ. Сизга айтсам, менинг пиёда йўл юриб, юртим манзараларидан олаётган завқим ва таассуротларим ҳар қандай моддий манфаатдорликдан устундир.Ҳа, айтгандек, саёҳатимнинг ҳеч қандай ҳомийси ҳам йўқ.

Соҳиб эртага соат 11.15 да 24 соатлик юришдан тўхташини ҳамда натижа ҳақида хабар беришини ҳам айтди.

... Қадрли Юртдошлар!

Агар бугун “М-39 (“Бетонка”) “Тошкент- Термиз” автойўлининг Оқолтин тумани-Жиззах йўналишидаги қисмидан ўтиб бораётган бўлсангиз, йўл четига эътибор қаратинг, эҳтимол, орқасига қарийб 15 килолик юк сумкасини таққан баланд бўйли, паҳловон йигитга кўзингиз тушар. Тўхтамасангизда қўл силкитиб қўйинг, сигнал билан бўлса-да салом беринг, бу Сизнинг Ватанини ўз оёқлари билан кезиб унга бўлган меҳр-муҳаббатини, эҳтиромини, ҳурматини, эъзозини изҳор қилишни астойдил ният қилган юртдошимиз, шу азиз Ўзбекистонимизнинг алпқомат йигити учун катта далдангиз, қўллаб- қувватлаганингиз бўлади.

Оқ йўл, Соҳиб Раджабов!


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019