Бугун Хельсинкида Владимир Путин ва Дональд Трамп учрашади. Бундан ким қандай фойда кўради?

12:54 16 Июль 2018 Дунё
284 0
Фото: Америка овози

Бугун Финляндиянинг Хельсинки шаҳрида АҚШ ва Россия президентлари Дональд Трамп ва Владимир Путин ўртасида учрашув бўлиб ўтади. Мазкур саммит мавзуси бугунгача, бугун ва бугундан кейин ҳам дунё ахборот майдони муҳокама марказидаги долзарб мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Оддий одамлардан тортиб давлат мутасаддилари ва экспертлар шу бўйича ўзларининг фикрларини билдириб келаётгани ҳам бунга бир мисолдир.

Хусусан, АҚШ давлат котиби Майк Помпео Вашингтон ва Москва ўртасидаги алоқалар яхшиланиши Россияга боғлиқ эканлигини қайд этиб ўтди. У бугун твиттердаги саҳифасида мазкур мулоқот ҳақида шундай ёзади: “Душанба куни АҚШ Президенти ва мен Хельсинкида россиялик ҳамкасбларимиз билан учрашамиз. Россия ҳукумати билан муносабатларнинг яхшиланиши ҳамма учун фойдали бўлар эди, лекин копток майдоннинг улар эгалик қилаётган тарафидадир”, деб ёзади АҚШ давлат котиби.

Россиялик эксперт Андрей Бистрицкий эса Владимир Путин ва Дональд Трамп иштирокидаги саммит халқаро муаммоларга ечим топишнинг янги механизмини бошлаб бериши мумкинлигини билдирган.

“Замонавий дунё жуда мураккаб – жуда кўп турли-туман йўналишли, турли даражадаги, турли векторли жараёнларга эга. Буларни бир нуқтага жойлаштириш мумкин бўлган матрица(қолип) керак. Мазкур учрашув эса шундай кўринишдаги кооперация матрицасини барпо этиш ва ечимларни ишлаб чиқишнинг муҳим таркибий қисмига айланиши мумкин”, - дейди у.

“Некбинлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ушбу мулоқот етакчи давлатларнинг замонавий дунёни тартибга солиш борасидаги ўзаро алоқалари қурилишида янада кўпроқ тизимлилик пайдо бўлиши учун истиқболли қадам ташлашга сезиларли даражада кўмак беради”, дея қўшимча қилади мутахассис.

Бистрицкий глобал хавфсизликни қўллаб-қувватлаш механизмларининг йўлга қўйилиши янги таҳдидлар, хусусан, янада замонавий қурол турлари пайдо бўлаётган бир пайтда жуда муҳим эканлигини таъкидлади.

Финляндия ташқи сиёсат институти директори Тейя Тииликайненнинг фикрича ҳам, АҚШ ва РФ раҳбарлари учрашуви дунёда хавфсизликни мустаҳкамлаши мумкин.

“Ўтган йилларда АҚШ ва РФ муносабатлари инқирозга юз тутгани кўриниб турди. Улар бугун бир стол атрофида ўтириб, бу ҳақида яхшилаб мулоҳаза юритишаётгани муҳимдир. Бу бутун жаҳон манфаатлари йўлида қарама-қаршиликлар спирали ёйилиб кетишини тўхтатиш учундир”, деди у.

Тейя хонимнинг сўзларига кўра, РФ ва АҚШ етакчилари мулоқоти жуда зарурки, зеро, кескинлашиб кетган муносабатлар тартибга солинмоғи керак.

“Финляндия ва бошқа унча катта бўлмаган мамлакатлар учун йирик давлатлар раҳбарларининг учрашуви хавфсизлик масаласидир, - деди у. – Акс ҳолда хатарлар кўпаяди. Қачонки қарама-қаршиликлар ва турли нуқтаи-назарлар бўлса-ю, ишловчи мулоқот бўлмаса, бу бир биримизда салбий таассуротлар пайдо қилади”.

Маълумот учун, Дональд Трамп ва Владимир Путин ўртасидаги учрашув бугун 13:15да бошланади. Бунгача улар 2017 йил 7 июль куни Гамбургда “Катта йигирматалик”, ноябрь ойида эса Вьетнамда ОТИҲ саммитлари майдонида музокаралар олиб боришганди. Лекин уларда икки томонлама учрашув бўлмаган. Ўтган бир ярим йил ичида икки давлат раҳбари телефон орқали бир неча бор телефон орқали суҳбатлашган.

Хельсинки мулоқотида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар, Сурия, Украинадаги вазият, дунёдаги хавфсизликка таҳдид солаётган бошқа масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.

РИА Новости хабарига кўра, АҚШ Президенти Дональд Трамп кеча маҳаллий вақт билан соат 20:40 да Хельсинкига етиб келган. 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар