Бугун Душанбеда ШҲТга аъзо давлатлар бош прокурорларининг 13-кенгаши бўлиб ўтади

10:11 20 Сентябр 2018 Сиёсат
334 0

Бугун Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар бош прокурорлари Мувофиқлаштирувчи кенгашининг 28-мажлиси ва ШҲТга аъзо давлатлар бош прокурорларининг 13-кенгаши бўлиб ўтади. Форумда иштирок этиш учун Душанбега Ўзбекистон делегацияси ташриф буюрди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа марказининг бизга маълум қилишича, Ўзбекистон делегацияси вакиллари асосий форумга қадар бир қанча учрашув ва музокаралар ўтказишди. Хусусан, Саудия Арабистонидан келган ҳамкасблар билан уюштирилган мулоқот ўзаро фикр ва тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этди. Арабистонликлар юртимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги ислоҳотларга катта қизиқиш билдирди. Бундан ташқари, прокуратура органлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Таъкидланганидек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг халқаро йўналишдаги ҳамкорлиги давлатлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар барча соҳада, жумладан, Бош прокуратура органлари фаолиятида ҳам ривожланиб боряпти. Жорий йилнинг февраль ойида ушбу мамлакат бош прокурори бошчилигидаги Тожикистон делегацияси Тошкентга ташриф буюрди ватомонлар ўртасида 2018-2019 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик Дастури имзоланди. Мазкур дастур доирасида семинарлар, қўшма йиғилишлар, чегара ва прокуратура органларининг мувофиқлаштирувчи кенгашлари ўтказилиши белгиланган. Бундан кўзланган асосий мақсад — барча йўналишда тажриба алмашиш мунтазамлигини йўлга қўйишдан иборат.

Афғонистон бош прокурори билан ўтказилган музокараларда минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда икки давлат раҳбарларининг умумий позициялари муштарак эканлиги таъкидланди. Учрашувда диний экстремизм, терроризм, уюшган жиноятчилик ва наркотрафикка қарши курашиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси ҳақида маълумот берилди ва ҳамкорликни кучайтириш борасида вазифалар белгилаб олинди. Қайд этилганидек, ишбилармон доираларнинг мамлакатимизга қизиқиши ортиб бораётган муҳим жараёнда афғон инвесторлари ҳам ўзаро манфаатли лойиҳаларга сармоя киритишга тайёрдир. Уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг таъминланишини Ўзбекистон Бош прокуратураси назорат қилади.

Ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришда Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси прокуратура идораларининг ўзаро муносабатлари алоҳида диққатга сазовордир. Ушбу давлат вакиллари билан учрашувда ана шу жиҳатларга эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, қонунийликни таъминлаш борасида тажриба алмашиш ва янги услубларни ўзлаштириш бўйича ишлар яхши йўлга қўйилган. Мулоқотда ўзаро ташрифлар ёки шу каби учрашув ва халқаро форумларда бажариладиган аниқ чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди. Томонлар 2017-2018 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини амалга ошириш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Қирғизистон делегацияси билан ҳамкорликнинг умумий йўналишлари доирасидачегараолди ҳудудларда прокуратураорганларининг қўшма тадбирлар режаси лойиҳаси алоҳида муҳокама қилинди. Маълумки, давлатларимиз ўртасидаги чегара дўстлик ва ҳамкорлик чегарасига айлантирилди. Ўтган йили чегара постларининг очилиши ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Қариндош-уруғ ва дўсту биродарлар ҳеч қандай тўсиқларсиз, визаларсиз, бир-бирлариникига тез-тез меҳмонга боришга имкон туғилди. Шунингдек, қўшни давлат фуқаролари иштирокида ЙТҲ содир этилса, низоларни ҳал қилиш пойтахтларда ҳал этилгани сабабли жараёнлар чўзиларди. Яқин кунларда бу масалалар республика идоралари аралашувисиз туман чегараолди прокуратура органларида қисқа муддатда ҳал этилади. Шунга оид ҳужжат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг навбатдаги учрашувида имзоланиши маълум қилинди.

Қозоғистон Бош прокурори билан музокаралар чоғида келгуси икки йилга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури имзоланди. Ундан кўзланган мақсад — ўзаро тажриба алмашиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш. Айни пайтда икки томонлама ҳамкорлик доирасида Ўзбекистонда жиноят ишларини электрон шаклда тайёрлаш тартибини жорий этиш бўйича синов лойиҳаси амалга оширилмоқда. Янги тизим жиноят ишларини юритиш жараёнида қатор хато ва камчиликларни бартараф этиш имконини беради. Ўз навбатида, Қозоғистон томони Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш истагини билдирди.
О. ЛУТФУЛЛАЕВ
тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар