Бу юртда инсон ва унинг манфаатлари азиз

12:12 29 Август 2020 Сиёсат
181 0

Маълумки, ҳар қандай мураккаб вазиятларда давлатлар мустақиллиги, халқ, ҳукумат ва парламент бирдамлиги қай даражада эканлиги яққол намоён бўлади. Зеро, ўзини мустақил, деб ҳисоблаган мамлакат аҳоли, фуқаролар манфаатини ҳимоя қила олиши лозим.

Жорий йилги пандемия шароитида Ўзбекистон ҳар қандай вазиятда ҳам ичкаридаги ва ташқаридаги фуқароларини асрай олиш салоҳияти мавжуд эканлигини кўрсатиб берди. Пандемия бошланганидан буён мамлакатлараро қатновлар тўхтатилган бир шароитда 60 мингга яқин фуқароларимизни чартер рейслар орқали олиб келиниши ва уларнинг соғлиғи тўғрисида қайғурилаётганининг ўзиёқ кўп нарсадан дарак беради. Шу билан 40 мингга яқин касалланган ҳар бир беморнинг даволаш, дори-дармон, овқатланиш харажатларининг барчасини давлатимиз томонидан қоплаб берилаётгани «Бу юртда инсон ва унинг манфаатлари азиз» тамойилининг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Таъбир жоиз бўлса, мазкур вазият ҳар бир мамлакатнинг соғлиқни сақлаш тизимини имтиҳондан ўтказди. Шу ўринда Президентимиз ташаббуси билан соғлиқни сақлаш соҳасида тўрт йил олдин бошланган ислоҳотлар бугун нақадар долзарб ва ўз вақтида амалга оширилганини гувоҳи бўляпмиз. Мисол учун, соғлиқни сақлаш тизимига Давлат бюджетидан йўналтирилаётган маблағлар йилдан йилга ошиб бормоқда. 2016 йилда бу сумма 5,449 трлн. сўмни ташкил қилган бўлса, 2019 йилда 2 баравар ортиқ маблағ ажратилди.

Шу билан бирга, дори воситаларига ажратилган маблағлар ҳам ошиб бормоқда. Чунончи, сўнгги 3 йил давомида тез тиббий ёрдамдан фойдаланганлик кесимида дориларга ажратилган сумма 482 сўмдан 5800 сўмгача кўпайган, ҚВПда бир беморни қабул қилиш кесимида 1825 сўмдан 3700 сўмгача, кўп тармоқли поликлиникадаги қабул учун эса 1654 сўмдан 4800 сўмгача оширилган. Дарҳақиқат, ушбу ўзгаришлар бугунгидек синовли кунларда ўз ҳосилини бермоқда. Зеро, иқтисодиёти бақувват, манаман, деган давлатлар ҳам касалланганларга, карантиндагиларга жой, озиқ-овқат тополмай қолганини кўрганда, фуқароларимиз учун қилинаётган саъй-ҳаракатларнинг қадри янада ёрқинроқ намоён бўлади.

Жорий йилда қабул қилинган барча норматив-ҳужжатлар, ўтказилган йиғилишлар «Инсон манфаатлари — энг олий қадрият» ғояси асосида шакллантирилаётир. Буни «Саховат ва кўмак» умуммиллий ҳаракатининг ташкил этилгани ва унинг кенг қамровли фаолиятида, тадбиркорлик субъектларига қўшимча имтиёзлар, аҳолимизга кредит таътиллари берилганида гувоҳи бўлишимиз мумкин.

Ўз навбатида, вакиллик органлари — парламент аъзолари ва жойлардаги маҳаллий Кенгаш депутатларимиз ҳам пандемия бошланган март ойидан ҳозирги кунга тўхтовсиз ўз фаолиятларини олиб боришди.

Хусусан, Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти билан бирга, жойларда коронавирусни даволаш муассасаларида, карантин ҳудудларида яратилган шароитлар, санитария-осойишталик қоидаларига амал қилиш, бозорлар, дорихоналардаги нарх-наволар ҳолати каби масалаларни мунтазам ўрганиб боришди.

Маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда ҳар бир ҳудуднинг пандемияга қарши курашишда кўраётган чоралари, карантин қонун-қоидаларини юмшатиш ёки қатъийлаштириш масаласини мунтазам муҳокама қилиб боришди.

Ушбу жараёнларда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар фаолияти ҳам сезиларли равишда жонланганини кузатдик. Халқ вакили номига сазовор бўлган вакилларимиз «Саховат ва кўмак» умуммиллий ҳаракатининг фаол иштирокчисига айланди. Халқимиз ишончига муносиб бўлиш йўлида муҳтожларга ёрдам берган, кўплаб оилаларни оталиққа олган, иш билан банд этган депутатларни ҳар бир ҳудудда учратишимиз мумкин.

Албатта, Ҳукумат, халқ, парламентнинг биргаликдаги ҳаракати натижасида касалланиш кўрсаткичи камайиб, соғайиши кўрсаткичи 90 фоиздан ошган ҳолда, вазият кундан кунга яхшиланиб бормоқда. Бу кўрилаётган чоралар нақадар тўғрилигини ҳамда халқимизни борган сари пандемия шароитида ишлаш ва яшашга етарли кўникма ҳосил қилаётганини кўрсатади.

Жорий йилда энг улуғ, энг азиз байрам — юртимиз мустақиллигининг 29 йиллик айёмини ҳар йилгидек, байрам томошалари, сайиллар шаклида ўтказа олмаяпмиз. Аммо бу ҳолат байрам шукуҳини, қадрини заррача пасайтира олмайди. Президентимизнинг ушбу улуғ санани оила даврасида, уйда нишонлаш бўйича таклифини халқимиз тўғри қабул қилди. Зеро, коронавирус ҳар биримиз учун энг муҳими бу — ўзимиз ва яқинларимиз соғлиғи эканлигини исботлаб берди. Вазиятни тўғри англаган юртдошларимиз, Наврўз, Рамазон ва Қурбон Ҳайитлари, Хотира ва қадрлаш куни каби умумхалқ байрамларини карантин қонун-қоидаларига риоя қилган ҳолда ўтказди. Халқимиз ушбу айёмни ҳам белгиланган тартиб қоидалар асосида ўтказишга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.

Наримон УМАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

«Адолат» СДП Сиёсий кенгаши раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?