“Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали...”

09:54 14 Июнь 2019 Жамият
170 0

Ҳар йили баҳорнинг илк кунларида бўлиб ўтадиган Зулфия номидаги Давлат мукофотининг тақдирлаш маросимини бутун халқимиз, айниқса, қизларимиз катта ҳаяжон билан кутадилар, кузатадилар. Ғолиб деб топилганлар аъло хулқи, ноёб истеъдоди, зукколиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари учун мукофотга сазовор бўлади. Улар жамиятнинг энг илғор, керак бўлса ортидан кўплаб ўзбек қизларини эргаштира билувчи, ўрнак бўлувчи қизлардир. Бу йил ушбу юксак мукофот таъсис этилганига 20 йил тўлди. Бир қизнинг навқирон ёшга етгулик даврда кўплаб иқтидор эгалари кашф қилинди. Бугун улар жамиятимизнинг барча жабҳаларида самарали фаолият юритиб келмоқдалар.

Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилиши мамлакатимиз ёшлари ҳаётидаги улкан воқеага айланган десак муболаға эмас. Мукофот низомига сўнгги йилларда ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш имкониятларини кенгайтириш мақсадида қатор ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.Хусусан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 февралдаги фармонига кўра, Зулфия номидаги Давлат мукофоти таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт каби йўналишлар билан бир қаторда жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган, ҳар бир вилоятдан икки нафардан иқтидорли қизларга берилиши белгиланди.

Шунингдек, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ушбу мукофот совриндорлари бўлган ўқувчилари олий ўқув даргоҳлари бакалавриатига, бакалавриат талабалари эса олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича кириш синовларсиз давлат грантлари асосида қабул қилиниши баробарида даъвогарлар сонининг ёши 14 дан 30 ёшгача узайтирилди.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2000-2019 йиллар давомида мазкур мукофотга сазовор бўлган қизларнинг сони 311 нафарга етди, уларнинг 71 нафари адабиёт, 66 нафари маданият, 62 нафари санъат, 29 нафари фан, 49 нафари таълим, 30 нафари спорт ва 4 нафари эса жамоатчилик йўналишидадир. Бугунги кунда танловни ўтказиш тизимини янада ривожлантириш, мукофотни муносиб эгаларига топшириш, қизларни маънан, ҳам жисмонан соғлом ва баркамол вояга етишларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар такомиллашиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда..

Бу йил ушбу юксак мукофот тасдиқланганининг 20 йиллигига илмий-амалий анжуман ўтказдик ва анжуман доирасида катта кўргазма ташкиллаштирдик. — дейди Андижон вилояти Хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. — Унда нафақат совриндор қизларнинг мукофотга эришгандан кейинги фаолиятини, балки танловнинг республика босқичига чиққан, аммо совриндор бўла олмаган турли йўналишлардаги иқтидорли қизларимиз ишларини ҳам намойиш этдик. Ниятимиз хотин-қизларимизни жамиятдаги фаоллигини ошириш, қолаверса, Зулфия мукофоти соҳибаларининг ҳаётда ўз ўрнини топиб, жамиятимизда эзгу ишларга камарбаста бўлаётганини ибрат сифатида кўрсатиш, шу орқали орқали ёшларни ташаббускорликка, изланишга ундаш, иқтидорини юзага чиқаришга кўмаклашиш каби вазифалардан иборат. Шунингдек, тадбир доирасида мукофот соҳибалари фаолиятининг мониторинги акс этган видеоролик тайёрлаб, оммавий ахборот воситаларига тақдим этдик. Ушбу ролик йил мобайнида турли телеканалларда бериб борилади. Яна шуни алоҳида таъкидлашни хоҳлардимки, хотин-қизлар фаоллигини ошириш мақсадида бугунги кунда вилоятимиздаги барча таълим муассасалари ҳамда маҳаллаларда қизлар клуби фаолиятини бошлади. Бунда “Тенгдош тенгдошга” тамойили асосида турли қизиқарли давра суҳбатлари, ўқув машғулотлари ўтказилади. Бугун жамиятда кўплаб Зулфия қизларини ўрнак бўлиб келаётганларни алоҳида эътироф этсак арзийди. Дилноза Каттаханова, Камола Эрматова, Ширин Маматова, Меҳриноз Аббосова, Сарвиноз Шайдуллаева, Дилбар Холжигитова, Дилрабо Норқулова, Чаман Жонузоқова... Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.Хулоса қилиб айтганда, бир ҳудуддан нечта номзод чиқса бу ўша ҳудудда мана шунча иқтидор эгаси бор эканлигини англатади. Шундай экан, келажакда Нодира, Увайсий, Тўмарис каби мард ва жасур аёл-қизлар етишиб чиқишига ишончимиз комил. Шоира Зулфияхоним айтганларидай, “Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали...”

Юлдуз ЎРМОНОВА


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019