Божхона органлари ходимларини хизмат уйлари билан таъминлаш масаласи муҳокама қилинмоқда

18:41 02 Август 2018 Жамият
150 0

Бугунги кунда мамлакатимиз божхона органларида қарийб 6 минг нафар ходим меҳнат қилади. Улардан 3000 минг нафари айнан чегара жойларида жойлашган постларда фаолият олиб боради. Табиийки, чегара ҳудудда меҳнат қилиш ва яшаш шароитларини яратиш алоҳида эътиборни талаб этади. Айниқса, ходимларни уй-жой билан таъминлаш масаласида. Шуни назарда тутган ҳолда, чегара постларида меҳнат қилаётган божхона органлари ходимларини хизмат уй-жойлари билан таъминлаш ёки уларга ижарада туриш учун энг кам иш ҳақининг 3 баробари миқдорида қўшимча маблағ ажратиш таклифи ўртага ташланяпти.

Айни пайтда иккинчи ўқишда муҳокама қилинаётган “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририда шу ва шунга ўхшаган соҳага оид муаммоларнинг амалий ечими кўриб чиқиляпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда шу каби янгиликлар хусусида сўз борди.

Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Қонуни эса 1997 йилда қабул қилинган. Унинг кўпгина нормалари бугунги кун талабларига жавоб бермайди. “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Бугунги кунда лойиҳа Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан иккинчи ўқишга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Тадбирда янги таҳрирдаги мазкур Қонун лойиҳасининг мақсади, 
мазмун-моҳияти, амалдаги таҳрир билан ўзаро фарқи, уни янада маромига етказиш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар кенг муҳокама қилинди.

— 1997 йилда қабул қилинган қонун 14 моддадан иборат эди, янги таҳрирда таклиф этилаётган қонун 6 боб ва 36 моддадан иборат бўляпти, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умиджон Сулаймонов. — Аввалги қонунда белгиланган фаолиятга доир нормалар маънан эскирди, бугунги кун шиддатига ҳамоҳанг эмас. Бундан ташқари, фаолиятни тартибга солувчи қонуности ҳужжатлари, буйруқ ва йўриқномалар жуда ҳам кўп ишлаб чиқилган. Янги таҳрирда эса бу нормалар тўлақонли тарзда келтирилмоқда. Қонун лойиҳасини тайёрлаш мақсадида Фарғона вилоятининг чегара постларида бўлиб, ходимларнинг ўзи билан суҳбатлар ўтказдик. Уларнинг меҳнат ва яшаш шароитлари билан яқиндан танишдик. Шуларни инобатга олган ҳолда лойиҳа бир неча амалий нормалар билан бойитилди.

Шунингдек, лойиҳада тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун божхона органлари ходимларининг жавобгарлигини ошириш, шунингдек, хизматни ўташ тартиби ва шартларини батафсил белгилаш таклиф этилмоқда.

— Республика ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида расмийлаштирилган юк декларациялари сони биргина 2018 йилнинг биринчи чорагида 300 мингга яқинни ташкил этди, аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари 120 миллиард сўмдан ошган, — дейди Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Анвар Асамов. — Янги таҳрирдаги қонунда божхона органлари ходимларининг меҳнатларини қўшимча равишда рағбатлантириш мақсадида шу каби намуна кўрсатган ходимларга энг кам иш ҳақининг 3 баробаридан 10 баробари миқдорида мукофот маблағларини ажратиш назарда тутиляпти. Бу соҳада коррупциянинг олдини олишга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамиятга эга.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар