Боёвутда Жанубий Корея билан ҳамкорликда 100 дан ортиқ корхона ташкил этилади

11:43 01 Июнь 2018 Иқтисодиёт
476 0

Сирдарё вилояти Боёвут туманида Жанубий Кореянинг “NCG Engjneering” компанияси томонидан тўғридан тўғри хорижий инвестиция киритиш орқали кенг ассортиментдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи саноат зонаси ташкил этиладиган бўлди.

Бу ҳақда компания президенти Жанг Ил Квеон Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев билан учрашувда маълум қилди. Мулоқот якунида томонлар мазкур лойиҳани амалга ошириш борасида келишувга эришган.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, мазкур компания 2013 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг Ўзбекистондаги штаб-квартираси Тошкент шаҳрида жойлашган.

“NCG Engjneering” айни чоғда, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида цемент заводи ҳамда Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида чиқиндини қайта ишлаш корхонасини бунёд этмоқда.

Сирдарё вилоятидаги мухбиримиз А. Шерназаровнинг маълум қилишича, Боёвутда бажариладиган лойиҳа бўйича 200 гектар майдон ажратилади. Мазкур ҳудудда 100 дан зиёд ишлаб чиқариш корхоналари фаолият бошлайди. Лойиҳани амалга ошириш учун 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармоя йўналтирилади.

“Юртингизда чет эл сармояси учун ҳар жиҳатдан қулай инвестицион муҳит яратилмоқда. Яна бир муҳим жиҳати, Ўзбекистон Евроосиёнинг қоқ марказида жойлашган. Бу географик қулайлик туфайли дунёнинг турли минтақалари бозорларига чиқиш имконияти катта ва бу экспортни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга. Айтиш лозимки, Сирдарё вилоятида барпо қиладиган корхоналаримизнинг пойабзал, автомобиль эҳтиёт қисмлари, газмол каби барча маҳсулотлари импорт ўрнини босиши билан бирга асосан экспортбоп бўлади. Лойиҳамиз тўлиқ бажарилгач, саноат ҳудудида 10 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади” – дейди “NCG Engjneering” президенти Жанг Ил Квеон.

“НCГ Энгинеэринг” компанияси президенти ва вакиллари билан бўлган амалий мулоқотда “Сирдарё вилоятининг инвестицион салоҳияти” мавзусидаги тақдимот ҳам ўтказилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар