Ботир Парпиев: Биз — раҳбарларга адолатли жазо берилди

10:25 20 Август 2020 Жамият
387 0

Маълумки, жорий йилнинг 4 август куни Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳалла вазирлиги раҳбарияти фаолияти жиддий танқид қилиниб, қониқарсиз деб баҳоланган эди.

8 август куни Бош вазир А.Арипов бошчилигида Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам тизим фаолиятида ишни ташкил этиш борасидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, маҳаллалар билан самарали иш ташкил эта олинмагани, натижалар қониқарли эмаслиги туфайли маҳалла тизими раҳбарларига жазо берилган эди.

Хусусан, ишда йўл қўйган камчиликлари учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов, вазир ўринбосарлари Азизбек Икромов ва Ботир Парпиевга ҳайфсан эълон қилинган.

Кеча, 19 август куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида сўз олган вазир ўринбосари Ботир Парпиев ҳукумат томонидан тизим раҳбарларига берилган жазо адолатли эканини таъкидлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Жумладан вазир ўринбосари: “Ўз ишининг моҳиятини тўғри тушунмайдиган вилоят, туман ва шаҳар тизимида ишлаётган раҳбарлар ҳамда ўз вазифасига номуносиб маҳалла раислари туфайли шу аҳволга тушиб қолдик.

Айниқса, охирги пайтларда интернет тармоқларини «ишқилиб яна бир бало чиқмаган бўлсин-да маҳалла ҳақида» деган хавотир билан кузатадиган бўлиб қолдик. Чунки бизга тушган раислардан норози бўлиб ёзилган мурожаатлар, ижтимоий тармоқлардаги материалларни ўрганганимизда кўпинча маҳалла раислари ноҳақ бўлиб чиқяпти”, деди.

2020 йил 19 август ҳолатига кўра, вазирликка маҳалла раиси ва ходимлари хатти-ҳаракатидан норозилик мазмунида 5173 та мурожаат келиб тушган. Шундан 140 таси тўғридан-тўғри вазирликка келиб мурожаат қилган.

Энг кўп мурожаат Қашқадарё вилоятида 756 та, Тошкент шаҳрида 640 та, Сурхондарё вилоятида 578 та, Самарқанд вилоятида 450 та, Тошкент вилоятида 397 та, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида 360 тани ташкил этади.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?