Бўстонлиқда умумий овқатланиш жойларининг тиббий-санитар аҳволи қониқарсиз. Бунга ким жавоб беради?

18:50 08 Январь 2019 Жамият
757 0

Ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи икки ҳафта мобайнида Бўстонлиқда бўлди. Натижалар ва рақамлар туманда амалга оширилган ишлардан кўра, бажарилмагани кўплигини кўрсатди. 30 мингга яқин муаммо аниқланди. Жумладан, аҳолини ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 71 фоизни ташкил этади. Қолганлар қудуқ, сой ва булоқ каби муқобил манбалардан фойдаланади. Мавжуд 207,4 км ичимлик суви тармоқларидан қарийб 90 фоизи ўз хизмат муддатини ўтаб бўлган ва реконструкцияга муҳтож. Бугун бўстонлиқликларни энг кўп ташвишга солаётган масалалар кўча йўлларини таъмирлаш, ичимлик суви, газ, электр энергияси таъминоти, турар жой ва иншоотлар кадастри, соғлиқни сақлаш каби соҳаларга тўғри келмоқда.

Халқ депутатлари Бўстонлиқ туман Кенгашининг навбатдаги сессияси ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланди.

Айниқса, тумандаги 8 та 100-400 русумли трансформатор пунктлари таъмирталаб. Уларни шу кеча-кундузда янгисига алмаштириш зарур. 1950-1970 йилларда ўрнатилган 764 та ёғоч таянч устунлар маънан эскирган ва авария ҳолатида турибди. Туман ҳудудидан ўтувчи юқори кучланишли ҳаво электр ва кабель тармоқлари ва трансформатор пунктларининг муҳофаза ҳудудида 38 дан ортиқ бино иншоотлар мавжуд. Бу эса фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, бу борада кечиктириб бўлмас тадбирларни тақозо қилади.

Энг ачинарлиси тумандаги санитар-эпидемиологик вазият билан боғлиқ. Бўстонлиқ – вилоятнинг энг сўлим ва хушманзара ҳудудларидан бўлгани боис, бу ердан қишин-ёзин сайёҳларнинг қадами узилмайди. Аммо, ўрганишлар давомида тумандаги умумий овқатланиш жойларининг тиббий-санитар аҳволи қониқарсиз эканлиги аниқланди. 

Бугунги кунда ҳудудда 82 та умумий овқатланиш жойи мавжуд бўлиб, улардан 60 таси дезинфекция марказлари билан шартнома тузмаган. Улар орасида 17 та сомсахона ҳам мавжуд. Энг ёмони, бугунги кунда иш олиб бораётган 20 та новвойхонадан 5 таси санитария талабларига умуман жавоб бермайди.

Бундан ташқари, ҳудудда 7 та ноқонуний чиқиндихона аниқланди. Тумандаги бир неча марказий кўчалар, айниқса, “Қоронқул” маҳалласи ҳудудидаги намунавий уй-жойларнинг орқа томони ҳам ноқонуний равишда аҳоли томонидан маиший чиқиндилар ташлаш жойларига айлантирилган. Мазкур муаммолар ечими юзасидан депутат ҳамда жамоат назоратини кучайтириш юзасидан бир қатор амалий таклифлар ўртага ташланди. Айниқса, шу мақсадда ишлаб чиқилган “йўл хариталари” ижроси устидан масъуллар аниқ белгиланди.

Туманга етказиб берилаётган газ босими бошқа ҳудудларга қараганда 2,5 баробар пастлиги боис уйларни иситиш учун аҳоли электр печлардан фойдаланади. Натижада электр сарфи 2-3 баробарга ортиб, авария ҳолатлари юзага келяпти. Бу билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун “Хумсон” электр станциясини “Дала” маҳалласидаги станцияга кўчириш ва янги трансформаторни ишга тушириш вазифа этиб қўйилди.

Туманда “Обод қишлоқ” дастури бўйича иш олиб борилаётган “Маърифат” ва “Искандар” маҳаллаларида ичимлик сув тармоқларини реконструкция қилиш, бетонли таянчлар ўрнатиш, ички йўлларни таъмирлаш ишларини тезроқ якунига етказиш лозимлиги таъкидланди. Бунинг учун Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ, Автомобил йўллари давлат қўмитаси, “Ўзсаноатқурилишбанк” туман бўлими, Тошкент вилояти ва Бўстонлиқ туман ҳокимлиги масъул этиб белгиланди.

Дам олиш мақсадида туманга ташриф буюрувчи фуқаролар томонидан атроф-муҳитга келтирилаётган зарарни бартараф этиш мақсадида эса бир неча дам олиш ҳудудларига ҳамда Ўрмон хўжалиги ҳудудига кириш қисмига “Экологик пост”лар ўрнатиш хусусида ҳам таклиф билдирилди. Ҳудудга киришни Жиззах вилояти Зомин тумани тажрибасидан келиб чиқиб пулли тарзда йўлга қўйиш масаласи мутахассислар томонидан кўриб чиқиладиган бўлди.

Сессия ишида Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев иштирок этди.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019