Бўстонлиқ тумани ҳокими нега ишдан олинди?

00:27 28 Август 2020 Жамият
515 0

Аввал хабар берганимиздек, кеча халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими ўз вазифасидан озод этилди. Нега?

Таҳлилларга мурожаат этамиз: вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати тарқатган маълумотларга кўра, туманда 170 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бу ҳудуд ўзининг бетакрор табиат иқлими, Чорвоқ денгизи, Угом дарёси атрофидаги тенгсиз соф ҳавоси, тоғ бағридаги ўрмонзорлари, ёввойи ҳайвонот ва ўсимлик дунёси билан машҳур. «Бу ерга раҳбар бўлган одамнинг доимо пичоғи мой устида бўлган»,-дейишади. Бу одамларнинг таъбири. Ҳақиқат шуки, Бўстонлиқ чексиз имкониятлар макони. Бу ерда саноат ва қишлоқ хўжалиги тармоқлари азалдан даромад манбаи ҳисобланган. Чорвачиликни тараққий эттириш учун қулай имкониятлар мавжуд. Биргина аҳолига хизмат кўрсатиш тармоқлари ва туризмни ривожлантириш орқали туман иқтисодиётини мисли кўрилмаган даражада юксалтириш мумкин. Бунга Билдирсой, Чимён ва Амирсойдаги бунёдкорликлар яққол мисол бўла олади. Бироқ аҳолиси ишбилармон ва тадбиркорликка мойил бўлган, чексиз имкониятлар эга ҳудуд қатор йиллардирки ўзгаришсиз қолмоқда. Баҳор келиши билан то кеч кузгача минглаб кишилар ташриф буюрадиган дала ҳовлилари, дам олиш масканлари, афсуски, давлат ғазнасини бойитишга эмас, кимларнингдир ҳамёнини тўлдиришга хизмат қилмоқда.

Туманда бир пайтлар машҳур бўлган корхоналар ўз имкониятларини йўқотди. Шу боис, Ахборот хизмати хабарида таъкидланганидек, вилоятдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг бор-йўғи 2,2 фоизи ушбу ҳудуд ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу ачинарли ҳол, албатта. Яна бир мисол: Бўстонлиқда 3 577 та тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган бўлса-да, уларнинг 315 таси ўз фаолиятини тўхтатган. Қолаверса, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, пудрат ишлари ва хизматлар ҳажми жараёнларида ҳам депсиниш кўзга ташланади.

Сессияда сўзга чиққан вилоят раҳбари Рустам Холматов 493 минг гектар ер майдонига эга бўлган ушбу ҳудуднинг иқтисодий қолоқликларини мисоллар асосида шарҳлаб бераркан, бугундан бошлаб Бўстонлиққа ҳар бир соҳа учун энг яхши мутахассислар жалб этилишини қатъий таъкидлади.

Мамлакатимиз раҳбарининг ушбу туманни тараққий эттириш йўл-йўриқлари асосида белгилаб берган вазифаларини бажариш борасида туманга янги тайинланган ҳоким ва барча сектор раҳбарлари, шунингдек, маҳаллий кенгаш депутатлари, МФЙ янада фаол, чин сидқидилдан ишлашлари лозимлиги уқтирилди. Шу боис, янги ҳокимга қўш қанот бўлувчи янги раҳбарлар жалб этилди:

Шу пайтгача Сурхондарё вилояти прокурори, Шеробод тумани прокурори, Бош прокуратура бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаб келган Саидов Ўктамжон Абдуллаевич — Бўстонлиқ туман прокурори вазифасини эгаллади.

Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси Солиқ маъмуриятчилиги билан ишлаш бўлими бошлиғи ўринбосари, Давлат солиқ қўмитаси Жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган Зокиров Зарифжон Нумонович туман давлат солиқ инспекцияси раҳбари деб таништирилди.

Чирчиқ шаҳар ИИБ бошлиғи, Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи минтақавий ҳудуд бўйича вакили — марказ бошлиғи лавозимларида ишлаган. Шермуҳамедов Шерзод Абдивалиевич эса ички ишлар бўлимини ўз тасарруфига олди.

Шу куни вилоятнинг халқ депутатлари Оҳангарон, Янгийўл ва Олмалиқ шаҳар кенгашларида ҳам сессиялар бўлиб ўтди. Бироқ уларда ҳозирча ташкилий масала кўрилмаса-да, янги ўқув йили бошланиши билан умум таълим мактабларини карантин қоидаларига мос равишда очиш, «темир дафтар»ни юритиш, жумладан, пандемия бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда аҳоли муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишсизликни камайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадларини ошириш ва хорижда меҳнат қилган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш каби бугунги долзарб мавзулар қамраб олинди.

Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ
(Халқ сўзи).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?