Бошқа "ҳисоб рақами"га ўтиб кетган “Cоbalt” истеъмолчига қайтарилди

12:54 29 Октябр 2020 Жамият
351 0

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида яшовчи фуқаро Камил Хидировдан мурожаат келиб тушган. Унга кўра, фуқаро "Беруний Авто Сервис МЧЖ" ва "Беруний Капитал банк" корхоналаридан норози бўлиб ёзма аризасида қуйидагиларни баён қилган: “Беруний Авто салон билан 2020 йил 26 июнь куни “Cоbalt” автомашинасини олиш мақсадида шартнома туздик. Автомашинани етказиш муддати 2020 йил 30 сентябрь эди, лекин мен 2020 йил 21 сентябрь куни автосалонга бориб машинамни қачон беришини сўраганимда, Автосалон ходимлари яна 3 ой кутишим кераклигини, сабаби тўланган жами 82 000 000 сўм тўловим шартномадаги ҳисоб рақамга тушмагани, бошқа ҳисоб рақамга тўлаганимни айтишди”.

Бу ҳолат Федерация ходимлари томонидан ўрганилган. Натижада, 29 сентябрь куни тўловлар тўғри ўтганлиги аниқланган. АТБ Капиталбанк ЧБФ "Капитал 24" "Беруний" минибанк корхонасидан тўловлар тўғри йўналтирилганлиги сабабли, Беруний "Авто Сервис" МЧЖга хат орқали мурожаат қилинди ва жавоб хатида, “Истеъмолчи “Бeруний автосавдо сeрвис” МЧЖдан автомашинасини муддатдан олдин ҳеч қандай эътирозларсиз ўз хоҳиши билан олиб кетган” деган ёлғон хабарни беришган. Ушбу муаммоли ҳолат Федерация аралашганидан сўнг фуқаро мурожаатидан 2 кун ўтиб, автосалон ходимлари истеъмолчига телефон қилиб, автомашинани олиб кетишини айтган.

Федерациянинг тавсиясига кўра, “Ҳурматли истеъмолчилар! Агар сизда шунга ўхшаш муаммолар пайдо бўлса, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 ишонч телефонига қўнғироқ қилинг".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?