Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматовга сув объектлари муҳофазаси бўйича парламент сўрови юборилди

16:37 21 Август 2020 Сиёсат
408 0

Қишлоқ хўжалиги соҳаси, шунингдек бошқа сув истеъмолчиларининг эҳтиёжларини таъминлашда сув объектлари, хусусан, дарёлар, кўллар, сув омборлари, каналлар, коллекторлар ҳамда бошқа сув объектлари захираларидан тежамли фойдаланиш ўта муҳим аҳамиятга эга.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг шу йил 21 август куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар ушбу долзарб масалани кўтариб чиқишди. Бу бежиз эмас. Чунки халқ вакиллари томонидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар мазкур соҳада муайян ишлар олиб борилаётганига қарамай, сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарини белгилаш, мазкур ҳудудларда назоратни ташкил қилиш борасидаги ишлар етарли даражада ташкил этилмаганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, Сурхондарё вилоятидаги 3 та дарё — Тўполанг, Цангардак ва Шеробод дарёлари ва Учқизил сув омборининг, Жиззах вилоятидаги «Зоминсув», «Нураксой» ва «Хўжамушкентсой» сойларининг, Бухоро вилоятидаги 9 та кўлнинг, Наманган вилоятидаги 14 та кичик дарё ва бошқа сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари тўлиқ белгиланмаган. Бундай ҳолатни бошқа ҳудудлардаги сув объектлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Депутатларнинг қайд этишича, сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари (аниқ чегаралар) белгиланмагани уларни самарали назорат қилиш имкониятини чекламоқда. Шу билан бирга, уларга туташ ер майдонларининг ўзбошимчалик билан эгалланишига, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳудудидаги ер майдонларини бошқа мақсадлар учун ажратиш тўғрисида ноқонуний қарорлар қабул қилинишига ва низолар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Биргина 2020 йилнинг олти ойи давомида тегишли органлар томонидан сувни муҳофаза қилиш, қирғоқбўйи ҳудудларида ўтказилган рейдлар ва мониторинг натижаларига кўра, бу борада республика бўйича жами 950 та қонунбузарлик ҳолати содир этилгани аниқланган.

Дарё ўзанларини тозалаш, қум-шағал қазиб олиш ва уларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи 504 та корхона фаолияти ўрганилганда, уларнинг 170 тасида оқовани сув ҳавзасига рухсатсиз оқизиш, сувни муҳофаза қилиш зоналарида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш, чиқиндилар жойлаштириш билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А. Раматовга «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналарини белгилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида»ги Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?