Бош вазир ўринбосари инфляция, ЯИМ, иқтисодиёт бошқа соҳаларнинг I чоракдаги кўрсаткичлари бўйича маълумот берди

17:51 03 Май 2019 Жамият
400 0

Сенатнинг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида Бош вазир ўринбосари А. Абдуҳакимовнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури доирасида биринчи чоракда амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботи эшитилди.

А. Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, давлат дастури жами 274 та банддан иборат бўлиб, унинг 171 та бандида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан 20 та қонун, Олий Мажлис палаталарининг 3 та қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28 та фармони, 120 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда 103 та амалий ва комплекс чора-тадбирларни бажариш назарда тутилган. Давлат дастури ижроси доирасида умумий қиймати 16,9 триллион сўм ва 8,1 миллиард долларга тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.

Биринчи чоракда ялпи ички маҳсулотнинг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,3 фоизга ўсишига эришилди. Ҳисобот даврида қиймати 67,4 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Инфляция даражаси 4,3 фоизни (2018 йил I чорагида 4,9 фоиз) ташкил этиб, прогноз параметрлари (3,9-4,4 фоиз) доирасида бўлиши таъминланди.

Иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб этиш соҳасида ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий база тўлиқ қайта кўриб чиқилмоқда.

Хусусан, банк ва молия тизимини ислоҳ қилиш ҳамда соҳага замонавий бозор механизмларини жорий этиш юзасидан “Марказий банк тўғрисида”, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида” ва “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳрирдаги лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Банк хизматлари бозорида рақобатни ҳамда ишончлиликни ошириш мақсадида янги – “Ҳумо” тўлов тизимини жорий этиш бошланди.

Жорий йилнинг шу кунига қадар республикада 5 та хорижий олий таълим муассасаси (филиал, факультет, қўшма дастур) фаолияти йўлга қўйилди. Хусусан, Амити Университети, “Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети)” Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиали, Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш маркази, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети ва Корё университети билан ҳамкорликда халқаро факультети, Шарда университети ташкил этилди.

Давлат дастури доирасида ҳисобот даврида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва улар билан аҳолини қамраб олишни кенгайтириш мақсадида Жаҳон банки Халқаро тараққиёт ассоциациясининг кредит маблағлари ҳисобидан “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида биринчи чоракда 516 та тиббиёт муассасалари қиймати 3,4 миллион доллар бўлган 131 хилдаги тиббий ускуналар билан таъминланди. Болаларни вакциналар билан таъминлаш тадбирларига давлат бюджетидан биринчи чоракда 72 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Шу билан бирга, ижтимоий соҳадаги узоқ вақтдан бери ҳаммамизни қийнаб келган бир муаммо яъни Ижтимоий ҳимоя соҳасида алоҳида масъул вазирлик ташкил этиш масаласи ҳам 2019 йил Давлат дастурига киритилган. Мазкур масала бўйича Депутатлар ва Сенаторларимиз ҳам тавсияларини берганлар. Бош вазиримизнинг мазкур масала юзасидан аниқ топшириқлари чиқди. Албатта қисқа муддатларда мазкур топшириқ бажарилади.

Давлат дастурининг ҳар бир йўналиши ва банди бўйича бириктирилган аниқ масъул ижрочиларнинг, белгиланган топшириқлар ижроси бўйича барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлиги кучайтирилади, деб таъкидлади Бош вазир ўринбосари А. Абдуҳакимов.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019