Бош вазир давлат органларида йиғилишлар сони ва муддатини қисқартириш бўйича топшириқ берди

17:40 25 Август 2018 Сиёсат
582 0


Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов давлат органларида йиғилишлар сони ва муддатини қисқартириш, шунингдек, кераксиз ҳисоботлар ва маълумотларни йиғишни тўхтатиш топшириғини берди.

Бу борада барча даражадаги давлат ташкилотлари ва бошқармалари, айниқса, маҳаллий ҳокимликларга аниқ иш регламентини ишлаб чиқиш топширилди. Бу ҳақда Газета.uz хабар берди.

Йиғилишлар тартиблилиги ва самарадорлигини ошириш учун улар сонини кескин қисқартириш назарда тутиляпти: улар график бўйича ҳафтасига 2-3 тадан кўп бўлмаган миқдорда ўтказилади.

Бундан ташқари, йиғилишлар муддати республика даражасида 2 соатгача, вилоят, туман ва шаҳар даражасида 1-1,5 соатгача қисқартирилмоқда.

Абдулла Арипов йиғилишларни ноқулай вақтда(эрта тонгда ёки тунда) ўтказилиши ва уларга кўрилаётган масалаларга дахли йўқ бўлган корхона, идора ҳамда жамоатчилик ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари, фермерлар ва тадбиркорлар таклиф этилишини тақиқлади. Қолаверса, йиғилишда чиқиш қиладиган ҳар бир иштирокчига бунинг учун 5-7 дақиқагача вақт чеклови ўрнатилади.

Ўз навбатида республика марказий аппаратидан ҳудудларга комиссиялар ва ишчи гуруҳларини юбориш фақатгина комплекс раҳбарлари рухсати билан амалга ошириш тартиби ҳам тасдиқланди. Ишчи сафарлари самарадорлиги устидан назорат таъсис этилди.

Бош вазир қоғозбозликни қисқартириш ва қуйи ташкилотлар ҳамда маҳаллий ҳокимликлардан кераксиз ҳисоботлар ва маълумотларни йиғишни тўхтатиш топшириғини ҳам берган.

Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 14 август куни мамлакатимиз иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг хорижий давлатларга уюштирган хизмат сафарлари натижалари танқид қилинганди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар