«Бош ролларда Адиз Ражабов ҳамда Мадина Талипбек». «Сарвиқомат дилбарим» фильмининг тасвирга олиш ишлари Қирғизистонда давом этади (фото)

18:06 05 Август 2018 Маданият
701 0

«Сарвиқомат дилбарим» фильмининг  тасвирга олиш ишлари Қирғизистонда давом этади. Бу ҳақда «Ўзбеккино» МА матбуот хизмати «Дарё» интернет нашрига маълум қилди маълум қилди.

Foto: O‘zbekkino

Мазкур фильм Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 апрелдаги «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан «Ёшлар ижодий тажриба студияси» ДУК томонидан суратга олинмоқда.

Foto: O‘zbekkino

Фильм Чингиз Айтматовнинг машҳур «Сарвиқомат дилбарим» қиссаси асосида қирғизистонлик киноижодкорлар билан ҳамкорликда режиссёр Сарвар Каримов томонидан суратга олинмоқда.

Foto: O‘zbekkino

Ушбу фильм сужетида қиссадаги воқеалар, персонажларнинг ўзаро муносабатлари, муҳаббат можаролари асосан сақлаб қолинган. Лекин давр жиҳатидан воқеалар бугунги кунга, аксарият воқеалар эса Ўзбекистон ҳудудига кўчирилди. Бўлажак фильм қаҳрамонларининг ҳам икки миллат вакилларидан иборат эканлиги, бу икки қардош халқнинг урф-одатлари, қадриятлари муштараклигини, ҳиссиётлар, туйғулар чегара билмаслигини англатади.

Фильмдаги бош қаҳрамон — Асал ролига Қирғизистон академик театри актрисаси Мадина Талипбек таклиф этилган, Илёс ролини эса актёр Адиз Ражабов ижро этмоқда. Бойтемир ролини актёр Улуғбек Қодиров ижро этаётган бўлса, Хадича ролини қирғиз актрисаси Элина Абай қизи ижро этмоқда.

Шунингдек, фильмда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов ҳамда актёр Бобур Йўлдошевлар ҳам рол ижро этишмоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистон киноижодкорлари ҳамкорлигида яратилаётган ушбу фильмнинг тасвирга олиш ишлари Қирғизистон Республикасида давом эттирилади. Ўн нафардан иборат ижодий гуруҳ 6 август куни Қирғизистонга жўнаб кетиши режалаштирилган.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар